ФИФА футболчилар даллоларига қарши “уруш очди”

Пуллик TV’нинг сезиларли даражадаги ўсиш суръати туфайли футбол деярли медиа-бизнесга айланди, кўп нарсалар юлдуз футболчиларнинг нафақат майдонда, балки ундан ташқаридаги ҳаракатига ҳам боғлиқ бўлиб қолди. 2010 йилнинг бошидан бери улар клубларга пул топишда тобора кўпроқ ёрдам бериб келмоқдалар, аммо бунинг эвазига жуда кўп нарсани талаб қилмоқдалар: баъзида – пулни, баъзида – ҳокимият(мураббий танлашга таъсир кўрсатиш ёки ҳатто клуб сиёсатини бошқариш)ни. Ва шуни таъкидлаш керакки, юлдузлар фаолиятини бошқарадиган одамлар ҳам улар билан биргаликда кўтарилиб келишмоқда.

Футбол агентларининг даромадлари кескин тарзда ўсмоқда. Маълумотларга қараганда, 2015 йилдан 2019 йилгача комиссиялар икки бараварга ошди ва йилига 653 миллион долларни ташкил этяпти. Neftlix’нинг даромади худди шу темпда юқорилаб боряпти – қўшимчасига йилига тахминан 30% фойда кўрмоқда.

Ушбу кўлам фақат сизни ажаблантираётгани йўқ. Чунки эндиликда футбол агентларига ҳатто Голливуддан инвестиция келиб туша бошлаган.

Масалан, Creative Artists Agency (кинода ўнлаб юлдузлар ишини юритмоқда – Скарлетт Йоханссондан Пенелопа Крусгача ва Райан Гослингдан тортиб Роберт Де Нирогача, мусиқада – Бейонсе ва бошқалар) Base Soccer Agency футбол агентлигини сотиб олди (Сон Хён Мин, Рафаэль Варан ва Фёдор Чалов).

ICM Partners (Сэмуэл Лерой Жексон ва бошқалар) 1992 йилда Жонатан Барнетт томонидан асос солинган (асосий активи – Гарет Бэйл) энг йирик футбол агентликларидан бири Stellar’ни харид қилди.

600 миллион долларлик ушбу улкан бизнеснинг аксар қисми айнан шу каби супер агентларга тегишли. Одатда улар таркибига Мино Райола, Жорже Мендеш ва Жонатан Барнетт киради (улар ҳар йили 50 миллионга яқин пул ишлашади).

Бу тизим қандай ишлайди?

Биринчидан, супер агентлар дунёнинг энг яхши ўйинчиларининг ишларини юритади. Трансфер сумма қанча кўп бўлса, комиссия шунчалик катта бўлади.

Иккинчидан, Райола ва Мендеш махсус схемадан фойдаланадилар. Улар музокара жараёнида айрим пайтларда нафақат футболчининг, балки иккала клуб – “сотувчи” ва “харидор”нинг ҳам манфаатларини ҳимоя қилишади. Бу ФИФАнинг амалдаги қоидаларига кўра тақиқланмаган – фақат клублар ва воситачи ўртасида ёзма келишув талаб қилинади, холос.

Бундай схемада агент нархлар дискриминациясига қўл уради: у сотиб олувчи клубнинг имкониятлари чегарасини билади ва сотувчининг қанча суммага умид боғлашини яхши тушунади. Ўзаро келишувга эришилгач, миқдордаги фарқ (сумма) воситачининг чўнтагига тушади.

Намуна сифатида Пол Погбанинг “Ювентус”дан “Манчестер Юнайтед”га ўтишини кўрсатиш мумкин. “Манчестер Юнайтед” бу келишув учун 105 миллион евро сарфлади, аммо унинг тўртдан бир қисми Туринга етиб бормади: “Ювентус” собиқ бош менежери Беппе Мароттанинг сўзларига кўра, клуб агент Мино Райолага 27 миллион берган. Football Leaks’нинг ёзишича, нидерландиялик 49 миллион ишлаб олган.

– худди шу 27 миллион – “Ювентус”дан (18 миллиондан ташқари, агар Погба 90 миллиондан ортиқ суммага сотилса+ битимнинг ҳар бир кейинги 5 млн.лик қиймати учун 3 миллиондан);

– шунингдек, Райола МЮдан яна 22 миллион олган.

Дарҳақиқат, кўп пул ишлаб топиш учун ҳар доим ҳам барча томонларнинг вакили бўлиш шарт эмас. 2020 йил ёзида Жорже Мендеш агентлиги ҳужумчи Фабиу Силванинг “Вулверхемптон”га сотилиши ортидан “Порту”дан 7 миллион евро олди – у ҳеч қачон футболчининг манфаатларини ҳимоя қилмаган, аммо клублар ўртасига жуда қулай “жойлашиб олган”. Биринчидан, Мендеш – “бўрилар”нинг норасмий спорт директори ва клуб инвесторлари унинг агентлигида ўз улушига эга (қуйида батафсилроқ тўхталиб ўтилган). Иккинчидан, Мендеш Португалияда катта обрўга эга ва шунчаки “Порту”га сотувчи томоннинг агенти бўлишни таклиф қилди. “Порту” президенти Жорже Пинту Да Кошта натижалар ҳақида қувонч билан айтиб берди:

“Мендеш “Порту” учун ажойиб агент эди. Фабиу шартномасида “10 миллион еврога сотиш” деган банд бор эди, биз эса уни 40 млн.га сотдик. Аслида биз қўшимча 20 миллион ишлаб олдик”.
Да Кошта ҳисоб-китобда адашмади. Жами 40 миллиондан фақат 30 миллиони клубга етиб келди: 7 миллионга Мендеш эга чиқди (бу трансфернинг 17,5 фоизини ташкил қилади), яна 3 миллион футболчининг агентига тегди.

“Бу жуда зўр келишув ва унда Мендешнинг ўрни жуда катта”, – дея ўз сўзларини якунлади “Порту” президенти.
ФИФА шу каби “агентлар ҳукумати”га қарши курашишга қарор қилди.

ФИФА режаси – қатъий тўлов фоизи ва трансферлар шаффофлиги

2014 йилда ФИФА, аксинча, агентлик бизнеси устидан назоратни олиб ташлади ва энг муҳимларини миллий федерацияларга топширди. Ҳатто мажбурий лицензиялашни ҳам, чунки деярли ҳеч ким ундан ўтмаган. Шу туфайли 2015 йилдан 2018 йилгача Британияда футбол бўйича воситачилар сони 10 баравар ўсди.

Шунингдек, ФИФА агентларга максимал тўловларни чекламади – футболчининг йиллик маошидан 3% ёки трансфер суммадан 3% миқдоридаги меъёр тавсия қилинди. Ҳар бир мамлакатда миллий федерациялар ўзлари мустақил равишда бир қарорга келишди.

Мисол учун, Россияда амалдаги агентлик қоидалари (2020 йил июнида кучга кирган) агентнинг максимал рағбатини футболчи маошининг 10 фоизигача чеклайди. Янги регламент (2021 йил 1 январдан бошлаб) тўсиқларни олиб ташлайди ва ФИФАга тегишли бўлади, чунки энди ҳамма нарса глобал даражада содда ва шаффоф бўлади.

– 2021 йил кузидан ФИФА барча агентлик комиссиялари тўғрисидаги маълумотларни нашр этиб боришни режалаштирмоқда.

– Сотувчи клуб агентлари трансфер сумманинг атиги 10 фоизини олишлари мумкин (Мендешнинг “Порту” ва Фабиу Силва билан боғлиқ воқеаси бошқа такрорланмайди).

– Харидор клуб вакиллари футболчининг йиллик маошининг 3 фоиз қисмини олиши мумкин.

– Агар агент ҳам харидор, ҳам ўйинчи манфаатини ҳимоя этса, йиллик даромаднинг максимал 6 фоизини олиши мумкин.

– Райола ва Мендеш яратган “уч томонлама схемалар” тақиқланади.

Агар агент мумкин бўлган максимал тўлов(6%)ни оладиган бўлса, клуб сабабини тушунтириши керак. Агар бу ФИФАни қониқтирмаса, клуб жазоланади.

Янги қоидалар фақат моллиявий масалаларни чекламайди. Эндиликда футболчиларнинг қариндошлари ўйинчини агентлик лицензиясисиз ҳимоя қила олмайдилар ва лига ёки клуб акцияларига эгалик қилувчи жисмоний ёки юридик шахсларнинг агентлар ишига аралашиши қатъиян тақиқланади. Шубҳасиз, иккинчиси Жорже Мендеш ва “Вулверхэмптон”нинг хитойлик эгалари ўртасидаги алоқага қарши қаратилган (инглиз клуби сингари Мендешнинг Gestifute агентлиги акцияларининг 15 фоизи Fosun International эгалари бўлмиш хитойликларга тегишли).

Агентлар қарши. Райола ҳатто Инфантинога қарши уруш бошлади

Албатта, агентларга янги чоралар ёқмади. Ҳеч ким камроқ пул ишлашни хоҳламайди-да.

“Биз трансфер бозорида агентларнинг тушунчасини ўзгартиришимиз керак. Катта миқдордаги маблағ салбий оқибатларга олиб келади, деб айтмаяпман, лекин баъзида пул агентни мижоз учун нотўғри йўлдан кетишига олиб келади”, – деб тушунтирди ФИФАнинг футболни тартибга солиш бўйича директори Жеймс Китчинг.
Катта комиссиялар, мухлисларнинг воситачиларга бўлган салбий муносабати, оширилган трансфер нархлар ва глобал коронавирус инқирози – ФИФА агентларга қарши курашиш учун энг қулай пайтни танлади.

Аммо воситачиларнинг ўзлари пул ўтказмаларининг шаффофлиги ва даромадларнинг чекланишида ижобий нарсани кўрмайдилар. Улар учун бу футболни тозалаш усули эмас, балки “гуноҳкор эчки”ни топишга уринишдир.

“Мен ФИФА буни сарлавҳага чиқиш учун қилаётганига бутун қалбим билан ишонаман. Федерация раҳбарияти қайта сайланишни истайди. Воситачилар – осон нишон. Биз футболчиларга ғамхўрлик қиламиз ва уларга ёрдам берамиз. ФИФА нима билан шуғулланаётганимизни билмайди, лекин у биз учун қоидаларни белгилайди”, – деди Гарет Бэйлнинг агенти Жонатан Барнетт февралда AS’га.

Агентлар таслим бўлишни хоҳламайдилар. Жумладан, Мино Райола март ойида ФИФА президенти Жанни Инфантинони очиқчасига танқид қилиб, шундай деганди:

“Мен Инфантино каби спорт бизнесининг иштирокчисиман. Агар у ФИФАда ишламаганида, почта орқали ойига уч миллион эмас, балки 3500 франк ишлаб топган бўлар эди. У худо эмаслигини тушунтириш учун Швейцарияга етиб келдим”.
Райола қатъий позицияга эга. У ФИФАни монополист деб атайди, расмийларни коррупция учун танқид қилиб, футбол ҳукуматига ўзгартириш киритиш лозимлигини таъкидлаб келади. Аммо бу бефойдадек туюлади. Чунки ФИФАдан кўра агентларни кўпроқ ёмон кўришади.

Шерзод Нурматов тайёрлади

Дўстларингизга билан баҳам кўринг