Осиё футболи юлдузлари: Суюкли, мерган ва яхши йигит

СОН ХЮН МИННИНГ ЧЎҚҚИ САРИ ЙЎЛИ.

Нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиё футболининг бугунги бош юлдузи фаолияти барчага намуна қилиб кўрсатишга арзийди. 2020 йилнинг баҳори. Жежу ороли. Мосеулпо шаҳри. Сочини қиртишлаб олиб ташлаган бир йигит «М16» автомати билан мўлжални нишонга олмоқда. Нақ 70 йил муқаддам унинг ватандошлари худди шу базада шуғулланиб, тарихда ўта муҳим аҳамият касб этган Корея урушига тайёргарлик кўришган. КХДР қўшини 1950 йили Хитой ва собиқ иттифоқи кўмаги билан Корея ярим ороли бўйлаб жануб томон ҳаракатланиб, мамлакатнинг материк қисмини деярли босиб олди, фақат кичиккина ҳудуд қолди. 80 мил жануброқдаги вулқонли Жежу ороли Жанубий Корея армияси чекинган жойлардан бири эди. Кейинчалик ҳарбий куч у ердан Сеулнинг ғарб томони – Инчхон шаҳрига сузиб бориб, Англия ва АҚШ армиясига қўшилди. Шу тариқа катта можаро йўналишини бутунлай ўзгартирган жанг бошланди. Бу уруш якунда замонавий Жанубий Корея йўлини очди…

***

Қўлида автомат билан ўтирган ҳалиги «ялтироқ» бошли йигит Жанубий Корея футболининг энг порлоқ юлдузларидан бири бўлиб, у кўплаб ўтмишдошлари каби Ватан олдидаги бурчини адо этиш учун Чежуга келганди. АПЛ юлдузига айланиб улгурган Сон Хюн Мин армия анъанасига мувофиқ, сочини бутунлай олдириб ташлади. Англия клублари дарвозабонларини зир қақшатишга ўрганган футбол мергани базада тўппончадан ўқ отишни ўрганди, 30 километр масофани ўз ичига олган маршда югурди, кимёвий қуролга қарши курашга қаратилган машғулотларда кўзни ачиштирувчи газ «таъм»ини татиб кўрди. Айтиш ўринли, Жанубий Кореяда Сон Хюннинг ҳарбий хизматга жалб этиш масаласи кўп йиллар давомида роса муҳокама қилинган эди. Бироқ футболчининг айнан қачон армияга сафарбар этишлари ва унинг қанча муддат аскар мақомида юриши маълум эмасди. Агар ҳарбий ўқув-машғулотлар мамлакат қонунчилигида кўрсатилганидек, 21 ойга чўзилса, Сон Хюн Миннинг бутун футболчилик фаолияти таҳдид остида қоларди. Ҳужумчининг ўзи ҳам буни жуда яхши тушунарди.

***

Амалда «Тоттенхэм» Англияда ўрнатилган карантин тартибидан чиқишга тайёрланаётган пайт Сон Хюн Мин ҳарбий бурчини бажаришга улгурди. Айнан шу мажбурият унинг АПЛ вакили сифатида янада ривожланишига раҳна солувчи ягона потенциал тўсиқ саналарди. Реал тўсиқ йўлдан олиб ташлангач, Сон Хюн бор эътиборини фақат ва фақат футболга қаратиш имкониятини ҳосил қилди. Хуллас, футбол унинг асосий ташвишига айланди-қўйди. Корейс йигити шундай кейинги 9 ой ичида фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларни намойиш этиб, замонавий футболда энг яхши ижрочилар қаторида эканлигини тўлиқ исботлади.

***

Сон Хюн Мин армия сафарига отланишдан олдин отаси билан 4 соатлик машаққатли машғулотларни эслагандир… Ҳужумчи бар­қарор тараққиётининг аксарият қисми учун отасидан қарздор. Сон Хюнга болалигидан кучли менталитетни сингдирган шахс – бу айнан Сон Ун Жун. Баъзи мухлислар унга ҳозир ҳам «Сон Хюн Миннинг отаси» қабилида мурожаат қилишади. Унинг ўзи вақтида Жанубий Корея клубларида ҳужумчи сифатида тўп сурган, аммо жароҳат ортидан 28 ёшидаёқ спортчилик фаолиятига нуқта қўйишига тўғри келган. Сон Хюн Мин шундан 2 йил ўтиб туғилган ва Сеулнинг шимоли-шарқидан 50 мил узоқликдаги Чунчеон шаҳрида акаси билан бирга ул­ғайган. Уларнинг ҳар иккиси футболни танлайди. Сон Ун Жун ўша вақтдаёқ ўғилларига техник кўникмаларни пухта эгаллаш муваффақият сари бошлашини алоҳида уқтиради. Умуман, у фарзандлари билан қатъий режимда алоҳида шуғулланади, талабчанликни ҳам ўрнига қўяди. Кейинчалик ака-укалар ҳар куни машғулотлар базасига лойли дала орқали югуриб бориш асносида жисмонан чиниқишга эришадилар. Катта Сон услубларидан бирига кўра, Хюн Мин уч айлана тарзда тўп билан жонглёр машқини бажариши керак эди – аввал чап, сўнгра ўнг оёғи, якунда ҳар иккиси билан. Бордию, белгиланган вақтда тўпни ерга тушириб юборса, машқни бошидан қайта бажаришига тўғри келарди. Сон Хюн отаси важоҳатидан чўчиб, ҳеч қачон унга итоатсизлик қилишга журъат этмаган. Ўзининг айтишича, болалигида бир сафар машғулот пайти бироз инжиқлик қилганида, отаси йўлда ўтиб кетаётган полициячини чақириб, уни роса қўрқитган экан.

***

Ака-ука бир гал уйда номига жанжаллашиб қоладилар. Шунда оила бошлиғи бунга жавобан ўғилларини алоҳида жазо чораси билан «сийлайди». «Отам бизни нақ 4 соат давомида тинмай машаққатли машқлар бажаришга мажбурлаганди, – дея эслайди Сон Хюн 10 ёшида юз берган ўша воқеани. – Чамаси 2 соатдан кейин кўзимга фақат пол ва 3та тўп кўрингани ёдимда, ваҳоланки, у битта эди…». Айтиш жоиз, Мин жонглёр машқида тўпни ҳеч қачон ерга тушириб юбормасди: «Бу диққатни жамлаш воситасидир». Турли экстремал тайёргарлик усуллари ўз самарасини беради – Сон Хюнни маълум вақтдан кейин «Сеул ФК» академиясига қабул қилишади. Қолаверса, уни кўп ўтмай, Жанубий Корея U-15 терма жамоасига ҳам жалб эта бошлашади. «Аслида у бу ёш тоифасидаги энг яхши футболчилардан бири саналмасди, лекин биринчи машғулотдаёқ тўп билан ишлаш кўникмасидан шунчаки, лол қолгандим: «Оҳ… Нега шу пайтгача бу йигит ҳақида ҳеч гап эшитмадим?» – бу Сон Хюн билан айнан U-15 термасида бирга шуғулланган ва кейинчалик киберспорт юлдузига айланган Вон Чан Ён таассуротлари. У давом этади: «Шунчаки, қойилмақом йигит. Ўша илк кунги машғулотдан яна бир жиҳатни аниқ эслайман – Хюн Мин икки оёғи билан бирдек аниқ ва кучли зарба йўллаши билан кўпчиликни лол қолдирганди. Унинг зарбаларидан бирини тўсишга уриндим, лекин шунчаки, мувозанатни йўқотдим, чунки даҳшатли куч келиб тушди. Ваҳоланки, озғингина йигит эди, тўғри, сонлари массага тўла эканлиги шундоқ кўзга ташланиб турарди. Энг асосийси, Сон Хюн бошқаларга нисбатан анча кўп ишларди».

***

Оғир келган биринчи мавсум. Маурисио Почеттино «Саутгемптон»ни бошқарган вақтда Сон Хюнни таркибга қўшишга уринган, аммо нимадир ўхшамаган. Аргентиналик мутахассис кейинчалик «Тоттенхэм» бош мураббийи ролидаги иккинчи даври бошида корейс йигитини таркибга қўшиб, ниятига етди. Кўп ўтмай, Сон Хюн Лондон клубида янги яқин дўст кашф этди. «Биринчи кундан ўртамизда ўзгача муносабат шаклланди, чунки иккимиз немис тилида гаплаша олардик, – дея тушунтирганди атиги 3 ой олдин «Кёльн»дан «Тоттенхэм» сафига ўтган австриялик ҳимоячи Кевин Виммер. – Сон Хюн инглиз тилини унча яхши тушунмасди, гапиролмасди. Тўғри, ҳафтасига 3 марта курсга қатнаб, бу камчилигини тезда бартараф этишга эришди. Муҳими, бошида мен билан немис тилида мулоқот қилиши мумкинлигидан мамнун эди ва иккимиз кўп вақт бирга бўлардик. Дейлик, машғулотлардан кейин спорт зали ёки бассейнга борардик. Баъзида шунчаки, машғулотлар базасида қолиб, PlayStation қурилмасида ўйинга шўнғирдик. Бунда кўпинча FIFA иловасини танлардик. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари харидига ҳам бирга чиқардик, яна бошқа жамоадаги футболчилар билан алоқа ўрнатишга имкон берувчи алоҳида WhatsApp гуруҳи очгандик. Бу орқали уйда туриб, Call of Duty ўйини бўйича баҳс­лашардик. Қисқаси, яқин дўстларга айландик ва шундайлигича қоламиз. Ҳозир ҳам телефон ёки FaceTime орқали кўп гаплашамиз. Жуда содда йигит. Кийиниш хонасида алоҳида ажралиб туришга интилмасди, муҳими, «Тоттенхэм» ўйини ва муҳитига тўлиқ мослашиш учун кўп вақт сарфламади. Чунки Сон Хюн ҳаммага ёқадиган характерга эга йигит. Дейлик, бир қарашда сизга яхши кайфият бағишлаши мумкин, бинобарин, самимий табассуми ҳеч йўқолмайди. Шунинг баробарида майдонда ўта жиддийлашади. Лекин кўнгилхушлик қиладиган жойда ҳаммага ижобий энергия бера олади. Агар Сон Хюн билан бирга бўлсангиз, кулиш учун ҳамиша мавзу топилади. Қисқаси, у нафақат футболчи сифатида муҳим, балки жамоа персонажидир».

***

Умуман, кореялик йигит Англия­да ҳамма билан тезда чиқишиб кетади. Мана, «шпорлар»нинг собиқ ярим ҳимоячиси, якунланган мавсум жамоани бошқарган Райан Мейсон хотираларига эътибор қаратинг: «Сон Хюн профессионал футболчи сифатида барча мезонларга тўлиқ жавоб беради. Хусусан, машғулотларда ҳамма у билан ишлашни хоҳлайди. Чунки жараёнда роҳатланишни ҳам ўрнига қўяди. Ўзи тинмай шуғулланади. Корейс йигитининг машғулотларга салбий ёндашгани ҳақида ҳеч қачон эшитмайсиз, чунки у катта профессионал. Гарчи Жанубий Корея ва Осиё футболида Дэвид Бекхэм даражасига чиққан бўлсада, камтарликни сақлаб қолган. Яна бир томони, Сон Хюн «Тоттенхэм» билан шарт­нома тузганидан кейин Жанубий кореялик мухлисларда жамоамизга нисбатан эътибор кескин ортди. Ишончим комил, улардан айримлари илк кундан Англия томон чипта олишни бошлаганлар! Ҳар ҳолда, кореяликлар ҳаттоки, машғулотларимизни ҳам бевосита кузатишга одатланишди. Уларни майдон четида кўриш ёқимли. Хоҳ ёмғир, хоҳ шамол бўлсин, Сон Хюннинг персонал фанатлари биз билан бирга. Қисқаси, об-ҳаво қандайлигидан қатъий назар, кореялик мухлислар гуруҳи ҳар жойда Сон Хюнни илиқ кутиб олишади».  Сон Хюн Мин АПЛга йўл олгач, Жанубий Корея нашрлари журналистлари ҳам Англия томон ёпирилишди. «Тоттенхэм»нинг ҳар бир ўйинида камида 5 киши ишлаймиз, баъзан кореялик журналистлар сони 10 нафарга ҳам етади, – дейди  футболчининг фаолиятини Sports Seoul ва Naver нашрларида алоҳида ёрита бошлаган Ли Сун Мо. – Аксарият ўйинлардан кейин ундан интервью оламиз. Эътиборли томони, Сон Хюн вақт тиғизлигига қарамай, Жанубий Корея ОАВ вакиллари илтимосларини бирор марта рад этмайди. Албатта, бунинг учун ундан бағоят миннатдормиз».

***

Сон Хюн Миннинг Англиядаги биринчи мавсумидаёқ ёрқин воқеа­лар кузатилди. Мисол учун, корейс футболчиси «Тоттенхэм» либосидаги дастлабки икки уй учрашувидан бирида «Қорабоғ» дарвозасини икки бора нишонга олди (Европа Лигаси ўйинида). Аммо тезкор футболчи чемпионат доирасида «шпорлар»нинг бошланғич таркибига атиги 13 марта кирди ва элитада 4тагина гол уриш билан чекланди. «Тоттенхэм» ўша мавсум «Лестер» қатори чемпионликка даъвогарлик қилди. Шуни ҳисобга олсак, янги футболчининг Анг­лиядаги ўйинларга тезда мослашиб, асосий таркибдан жой олиши қийин масала эди. «Эсимда, Сон Хюн январь ёки февраль ойида жуда кам вақт ўйнаган ва «Тоттенхэм»даги кейинги фаолияти сўроқ остида қолганди – футболчи учун Англияда энг оғир дамлар, – дейди Ли Сун Мо. – Ҳаттоки, биз – журналистлар ҳам хавотирга тушган ва вазият ижобий томонга ўзгариши илинжида кейинги турни интиқ ҳолда кутардик. Шахсан мен ҳар бир учрашувдан кейин унинг йўлига пешвоз чиқардим – турли саволлар бериш эмас, балки шунчаки, кўнглини кўтариш, Жанубий Корея фуқароси сифатида мамлакатимизда ҳеч ким маҳоратига шубҳа қилмаслигини билдириш учун. Хюн Мин олдимдан ўтиб кетаётганида, шунчаки, «Яхшимисан, ҳаммаси жойидами?» – деб сўрардим. Шунда жилмайиб хотиржам жавоб берарди: «Хавотир олманг, яхши, муаммо йўқ». Қисқаси, демоқчиманки, Сон Хюн энг қийин даврда ҳам ўзига қаттиқ ишонган. Буни кўргач, беихтиёр ўзимга пичирлардим: «Бу йигит ҳали ўзини кўрсатади, албатта». У ўша вақт майдондан ташқарида анча уятчан, юмшоқкўнгил йигит эди, лекин ўз салоҳиятига асло шубҳа қилмаган. Сон Хюн доимо шундай характери билан ажралиб турган». Шу қатъий ишонч мавсумнинг охирги куни синовдан ўтказилади. Ўшанда «Тоттенхэм» камтарин «Ньюкасл»га 1:5 ҳисобида имкониятни бой бериб, турнир жадвалида 3-ўринга тушиб қолганди. Сон Хюн танаффус пайти захира вакили билан алмаштирилади ва у ёзда АПЛдан воз кечиш ҳақида жиддий ўйлай бошлайди. Чунки «Волфсбург» корейс йигитини Германияга қайтаришга тайёр турганди…

СОН ХЮН МИННИНГ ЧЎҚҚИ САРИ ЙЎЛИ. Газетамизнинг аввалги сешанба сонида нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиё футболининг бугунги бош юлдузи фаолиятига бағишланган катта мақола бергандик. Бунинг Сон Хюн Миннинг футболдаги йўлида кузатилган «қалин» чизгилар билан танишишда давом этамиз.

***

Маурисио Почеттино самимий суҳбат асносида Сон Хюн Минни «Уайт Харт Лейн»да қолишга кўндирди. «Аслида у АПЛда ўйнашни орзу қилар ва қолишни хоҳларди, аммо менежернинг корейс йигити билан гаплашиб, салоҳиятига шубҳа қилмаслигини билдириши муҳим эди. Хуллас, Почеттино билан суҳбатдан ке­йин Сон Хюн жамоага керак эканлигини қалбан ҳис қилди», – дейди «шпорлар» сафида маълум муддат ўйнаган Кевин Виммер.

***

«Гамбург»нинг топқирлиги ҳурматга сазовор. Сон Хюн 2008 йили 16 ёшли умидли ўсмир сифатида Ж.Корея футбол федерацияси ёшлар лойиҳаси доирасида бир мавсум Германияда ўйнаш имкониятига эга бўлди. У билан бирга Ким Мин Хюк ва Ким Чен Пил ҳам «Гамбург» тизимига қўшилишди. Айтишларича, Сон Хюн танасини тўғри парваришлаш учун ҳамиша соғлом турмуш тарзига амал қилган, дейлик, ҳар куни кечқурун эрта ётарди. Умуман, Ким Чен Пилнинг таъкидлашича, ҳаттоки, тартибни биринчи ўринга қўядиган немислар ҳам унинг кун режимидан сира оғишмаслиги ва футболга садоқатидан ҳайратланишган. Сон Хюннинг икки ватандош дўсти 1 йилдан кейин ортга қайтади. Тўғри, «Гамбург» қаҳрамонимизга ҳам аввалига шартнома таклиф қилмаган, шунинг учун у Европада қолиш илинжида «Блэкберн» ва «Портсмут» клублари билан музокара олиб боради. Фақат бирданига инглиз футболига бош суқишга ботинолмайди. «Гап шундаки, инглиз тилида бирор сўз билмасдим, ёлғизлик ортидан ўзимни кўрсатолмаслигимни ўйлаб, АПЛ вариантидан бош тортдим. Умуман олганда, Англия футболи ҳақидаги илк таассуротларим ҳам яхши эмасди», – дея тушинтирганди Сон Хюннинг ўзи кейинчалик.

***

Сон Хюн Мин орадан кўп ўтмай, U-17 тоифасидаги ЖЧга боради ва мундиалда 3та гол уриб, ёрқин таассурот уйғотади. Қолаверса, кореялик ўсмирлар Нигерияда чорак финалга йўл олишади. «Гамбург» шунинг таъсирида ўз фикрини ўзгартириб, Сон Хюнга шарт­нома таклиф қилади. Шу тариқа футболчи АПЛда ўйнаш фикридан батамом воз кечиб, Герма­-ния­га қайтади ва  SpongeBob SquarePants томошаси орқали немис тилини ўрганишга астойдил киришади. Сон Хюн 18 ёшга тўлганидан атиги 1 ой ўтгач, «Гамбург» мавсумолди йиғинида, 47000 мухлис қаршисида АПЛ чемпиони – «Челси»га қарши ўйнайди. Корейс йигити ўша «ўртоқлик»да 34 ёшли Рууд ван Нистелрой ўрнига захирадан майдонга тушиб, кимсан Жон Террига кучли босим ўтказади ва тажрибали ҳимоя­чини хато қилишга мажбурлайди, кейин Рикарду Карвальюни чалғитганча дарвоза томон аниқ зарба йўллайди. Қисқаси, бир ҳаракат билан дунёнинг икки энг яхши марказий ҳимоячисини аҳмоқ қилади. «Илк кундан унинг кўплаб яхши сифатларга эгалигини кўрдик, — дея хотирлайди ўша вақт «Гамбург»да ўйнаган бразилиялик собиқ юлдуз Зе Роберто. – Биринчи навбатда, йигитчанинг жарима майдони ташқарисидан ҳам чиройлигина зарба бериш қобилияти эътиборимни тортди. У яна машғулотлардан кейин майдонда қолиб, ван Нистелрой билан зарба йўллаш устида алоҳида ишларди. Иккиси ҳар доим бирга шуғулланар ва ҳаттоки, ким кўп гол уриши борасида ўзаро баҳслашарди ҳам. Бунда машғулот пайти ким кам гол урса, мағлуб сифатида кечки тамадди вақти ғолибга хизмат қиларди. Умуман, Сон Хюн якка тартибда жуда кўп ишларди. У каби кучли менталитетга эга ёш футболчиларни кам кўрганман. Сон доимо ўрганиш ва ўйинини такомиллаштиришга тайёр турарди. Бу билан чиндан ҳам, диққатимни тортди. Осиёлик футболчилар кўпинча техник салоҳиятлари билан ажралиб туришган, аммо жисмоний томондан унча мақтанолмасдилар. Сон Хюнда эса техника ҳам, жисмоний жиҳат ҳам жойида эди, қолаверса, ўйинни яхши тушунарди. Қисқаси, йигитчани олдинда катта келажак кутаётганини пайқаш қийин эмасди. Зеро, унда футбол феноменига айланиш учун ҳаммаси мужассам эди».

***

Сон Хюн 2010 йили Бундеслигада дебют қилди ва «Гамбург» тарихида чемпионат ўйинида гол урган энг ёш футболчи бўлди. У ўшанда «Кёльн» дарвозасини нишонга олганди. «Сон «Гамбург» сафидаги дебют голини урганидан кейин Жанубий Кореянинг ҳар бир фуқароси мамлакат футболининг янги юлдузи бош кўтара бошлаганини ҳис қилганди, – дейди журналист Ли Сун Мо. – Чунки ўша вақтда «МЮ» сафидаги Парк Жи Суннинг ўйинида пасайиш кузатилаётган ва Жанубий кореяликлар унинг ўрнини босадиган янги юлдузга эҳтиёж сезаётгандилар. Соннинг Бундеслигадаги фантастик дебют голи айни шу вақтга тўғри келди».

***

Сон Хюн 2011 йилнинг январь ойида ўтказилган Осиё кубогида Жанубий Корея миллий жамоаси таркибига китирилади, бироқ Қатарда захира ўйинчиси ролини бажариш билан чекланади. Футболчи Гамбургга қайтганидан сўнг ҳам негадир аввалгидек яхши ўйнолмайди. Отаси буни Осиё кубоги даврида унинг овқатланиш тартиби бироз бузилгани билан изоҳлайди. Оқибатда Сон Хюн бутун ёзги танаффус пайти максимал жисмоний ҳолатга кириш йўлида кунига 3 маҳал қатъий тартибда машғулот ўтказади. У жумладан, отаси талаби билан ҳар куни 1000 марта зарба йўллайди. 2012-2013 йилларда Сон Хюн ёнига Германия бешинчи дивизионда ўйнаган, аммо кейинчалик футболни йиғиштириб, Чхунхондаги оилавий академияда иш бошлаган акаси қўшилади. «Катта ўғлимда яққол истеъдоди йўқ эди» – бу қаттиққўл отанинг тўғри ва қатъий баҳоси.

***

Кейинчалик бошқа клублар Сон Хюн Минга эътибор қарата бошлади. Хабарларга қараганда, «Тоттенхэм» маълум вақт футболчига асосий даъвогар сифатида гавдаланган, бундан ташқари, «МЮ» ва «Челси» томонидан қизиқиш бор эди. Шунингдек, ўша вақт «Саутгемптон»ни бошқарган Маурисио Почеттино ҳам корейс йигитига бефарқ қарамаган. Бироқ Сон Хюннинг ўзи Германияда қолишни афзал билиб, «Боруссия» Д. ва «Байер»дан тушган таклифларни ўрганиб чиқади. У якунда ўтган асрнинг 80-йиллари Леверкузенда ўйнаган Жанубий Корея футболи афсонаси Ча Бум Кун изидан боради. Эътиборли томони, шундан кўп ўтмай, Сон айнан «Гамбург»га қарши баҳсда Бундеслигада биринчи марта «хет-трик»ка эришади. «Жамоамиз 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди, Сон Хюннинг биз учун жуда тезкор эканлиги яққол сезилиб қолди, – деб эслайди «Байер»­нинг собиқ футболчиси, ҳозирда клуб спорт директори Симон Рольфес. – Унинг катта потенциалга эга яхши футболчи эканлигига шубҳа қолмаганди. Ярим ҳимоячи сифатида унинг тезлигидан унумли фойдаланиш учун кўпинча тўғри узатмалар беришга ҳаракат қилардим. Сон Хюн чап томондан олға бориб, бирдан ўнг тарафга оғиб, дарвозага кучли зарба йўлларди. Биламан, у бунинг устида ҳаддан ортиқ кўп машқ қилган».

Кореялик йигит «Байер» сафидаги биринчи мавсумда 12та гол уради, кейингисида эса рақиблар дарвозасини 17 марта нишонга олади. Шундан сўнг, 2015 йилнинг ёзида «Тоттенхэм» унинг трансферини 22 миллион фунтга сотиб олади.

***

Диққат. Сон Хюн йиғлаяпти. Кореялик футболчи Англиядаги иккинчи мавсумга киришишдан олдин Белу-Оризонтида, майдон ўртасида умидсиз ўтирганча йиғларди, кўз ёши юзидан оқарди. 2 йилча аввал Бразилия термаси немисларга 1:7 ҳисобида ютқазган бўлса, Жанубий кореяликлар Олимпиада чорак финалида камтарин Гондурас жамоасига ягона гол туфайли ўйинни бой беришади. Вақт ўтган сайин ҳарбий хизмат ҳам тобора яқинлашарди. Жанубий Корея ҳукумати ҳамон қўшнилар билан техник жиҳатдан уруш олиб бормоқда ва мамлакатнинг ҳар бир эркак фуқароси учун ҳарбий тайёргарлик мажбурий бўлиб қолмоқда. Армия мажбурияти 28 ёшдан бошланиши шарт. Ҳарбий хизмат эса 21 ой давом этади – бу футболчилик фаолиятининг энг муҳим палласида турган Сон Хюнга жиддий муаммо эди. Тўғри, илгари хал­қаро даражада катта муваффақиятларга эришган фуқароларга имтиёзлар бериларди. Мисол учун, Парк Жи Сун Жанубий Корея термасининг 2002 йилги жаҳон чемпионатига чиқишига ёрдам бергани ортидан тезкор ҳарбий курс билан қутулган бўлса, «Ньюкасл»да ўйнаган ярим ҳимоячи Ки Сон Юн 2012 йили Олимпиада ўйинларида медаль ютгани эвазига худди шундай имтиёз олганди. Сон Хюн эса Жанубий Корея термаси билан Осиё ўйинлари-2014да ғолиб чиқиш эвазига муракаб тўсиқни олиб ташлашга умид боғлаганди, бироқ «Байер» уни мавсум давомида қўйиб юборишни истамади. Шу назарда тутсак, Олимпиада-2016 28 ёшга яқинлашиб қолган футболчи учун яна бир имконият эди. Бироқ ўхшамади… Муҳими, футболчи фаолиятининг муҳим палласида 2 йиллик йўқотиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини теран тушунарди, аммо бу вазият ҳақида омма олдида гапиришни умуман истамасди. «Жанубий Кореяда ҳарбий масала мавзуси жуда қатъий, – дея изоҳлайди Ли Сун Мо. – Кўплаб мухлислар ҳукуматдан истисно тариқасида Сон Хюнни ҳарбий мажбуриятлардан озод этишни сўрашди, аммо бунга қарши чиққанлар ҳам топилди. Натижада ўртада тортишув ҳам юзага келди». Қисқаси, Сон Хюннинг Бразилиядаги омадсизликдан умидсиз ҳолга тушгани айнан шу масалага боғлиқ эди. Тўғри, бу у ўз юрти учун йиғлаган биринчи ҳолат саналмайди, охиргиси ҳам. Дейлик, Сон Хюн корейслар Осиё чемпионати-2011да японларга пенальтилар сериясида енгилганлари ва 2014 йилги ЖЧдан чиқиб кетишганидан кейин ҳам кўз ёши тўкканди. Қаҳрамонимиз ЖЧ-2018да ҳам худди шундай ҳолатга тушган, ўшанда Жанубий Корея президенти ҳаттоки, кийиниш хонасига кириб, уни юпатишга уринганди. Умуман олганда, Сон Хюннинг бундай эҳтироси Жанубий Корея аҳолиси ўртасида янада обрў орттиришига олиб келди, ҳаммада унга нисбатан муҳаббат кучайдики, асло камайгани йўқ. «Мухлисларнинг Парк Жи Сун ва Сон Хюн Минга нисбатан муносабати ўртасига катта фарқ бор, – дейди Ли Сун Мо. – Шахсан мен Паркни ҳамиша тенгсиз юлдуз ўрнида кўрганман. Дейлик, у «Манчестер Юнайтед»да ўйнай бошлагач, еврофутбол Жанубий кореяликлар учун гўёки, миллий спортга айланди-қўйди. Одамлар ҳар қандай ҳолатда ҳам футболга вақт ажратиб, Парк Жи Сунга астойдил мухлислик қилишди. Орадан 5 йил ўтгач, Сон Хюн ҳам дебют қилди, у ўсмир йигитча эди ва мухлислар уни қадрдон укадек эъзозлай бошлашди. Ҳалигача Жанубий Кореяда кўпчилик ғурурланиб гапиради: «Бу – бизнинг Хюн». Одамлар уни шу қадар севишларининг асосий сабабларидан бири айнан ёшга боғлиқ бўлса керак. Мамлакатимизда бу ҳолат маданий билимга тааллуқлидир. Зеро, корейслар учун ғурур катта аҳамиятга эга. Оддий мисол, «Тоттенхэм» стадионига борсангиз ёки «шпорлар» «Уэмбли»да ўйнаганларида, трибуналарда Жанубий Корея миллий байроғининг ҳилпираб турганига кўзингиз тушади. Шу манзаранинг ўзи бутун мамлакат Сон Хюн Мин билан фахрланишидан далолатдир. Айниқса, кореялик болаларда унга нисбатан меҳр жуда баланд. Бундан ташқари, Сон Хюн анча келишган йигит ва мутлақо бахтли. Кўплаб қизлар ҳаттоки, футболчини «бўлажак турмуш ўртоғи»дек кўриб, айнан у билан оила қуришни орзу қилишади. Ваҳоланки, отаси аллақачон ўғли футболчилик фаолияти якунланганидан кейингина уйланишини айтган».

***

Сон Хюн ҳозирда Жанубий Кореяда машҳурлик бобида BTS поп гуруҳи билан бемалол рақобатлашади. «Шпорлар»нинг собиқ ҳимоячиси Кевин Виммер таътил вақти Осиё мамлакатида бўлганида, бунга бевосита ишонч ҳосил қилган: «Сон Хюннинг ўзи ҳар доим шон-шуҳратдан қочишга ҳаракат қилган, лекин Лондон шимолида у билан бирга яшайдиган ота-онаси барчасини тушунишарди. Улар Жанубий Кореяга йўл олишимиздан олдин мени огоҳлантиришди: «Ўғлимиз у ерда жуда машҳур. Бунга тайёр тур». Сон эса ўз одатига кўра, бошқача гапирди: «Йўқ, унча машҳур эмасман».  Айтишим керак, у ҳеч қачон ўзини юлдуздек кўрсатмаган, бунга интилмаган ҳам. Кейин Жанубий Кореяга бориб кўрдимки, одамлар у ерда Сон Хюн туфайли ақлдан озар эканлар. Агар буни ўз кўзингиз билан кўрмасангиз, тасаввур ҳам қилолмайсиз. Аэропортнинг ўзида шунчалик кўп оломон тўпланган эдики, ҳайратдан ёқа ушладим. Журналистларни айтмайсизми? Қисқаси, уни худди рок юлдуз каби кутиб олишди. Кейин шаҳар бўйлаб сайрга чиқдик, ҳамма жойда Adidas ва LG фирмаларининг улкан экранларида Сон Хюннинг йирик брендлар модели кўринишидаги суратлари… Ресторанга кирганимизда, шоша-пиша ов­қатландик, чунки одатдагидек, бемалол ўтиришнинг иложи йўқ. Кимдир Сон Хюнни сезиб қолса, уни бир зумда ҳамма ўраб олади. Кўчада юрганимизда, у шляпа ёки ниқоб кийиб оларди, бошқача йўли йўқ. Акс ҳолда, одамлар Сонни дарҳол таниб, тезда ўраб олишади. Бундай машҳурликни кўриб, беихтиёр ўйлаб қолдим: «Худоим, агар ўзим гувоҳ бўлмаганимда, бунақасига асло ишонмасдим». Энг муҳими, бизга яқинлашган бирор киши одобсизлик қилмади. Бунинг сабаби шуки, Сон Хюн ҳеч кимга қўпол гапирмайди, ҳар доим рўпарасидаги кишига табассум улашади, самимий тарзда суратга тушади, гарчи бу жуда кўп вақт олса ҳам».

СОН ХЮН МИННИНГ ЧЎҚҚИ САРИ ЙЎЛИ. Газетамизнинг аввалги сонларида нафақат Жанубий Корея, балки бутун Осиё футболининг бугунги бош юлдузи фаолиятига бағишланган катта мақола билан таниша бошлагандик. Демак, бугун Сон Хюн Миннинг футболдаги йўлида кузатилган «қалин» чизгиларга бағишланган материалнинг якуний қисмига етиб келдик.

***

Сон Хюн «Тоттенхэм»да ўйин масаласида ўсгани сайин унинг машҳурлиги ҳам ошиб бормоқда. Кореялик камтар йигит «шпорлар» сафидаги иккинчи мавсум барча мусобақалар ҳисобидан 21та гол урди, жамоа эса ички чемпионатда 2-ўринга чиқди (охирги 54 йилдаги энг яхши натижа). Энг муҳими, Сон Хюн ўша мавсум бошида АПЛда ой лауреа­тига айланган осиёлик биринчи футболчи бўлди ва кейинчалик апрелда ҳам юксак эътирофга эришиб, бу борада «дубль» қайд этди. Хуллас, унинг учун Англиядаги бошланғич муаммолар бутунлай ортда қолди. Бу орада Жанубий Корея термасининг ЖЧ-2018га доир катта умидлари атиги 2та ўйин натижасига кўра, пучга чиқди, лекин Сон Хюннинг ўзи Россия мундиалини безаган голлардан бирига муаллифлик қилди. Фақат шуниси борки, корейслар ўша баҳсда шведларга ютқазиб қўйишди. Гуруҳ босқичи 3-турида эса, кореяликлар чинакам характер кўрсатиб, Германия термасини нокаутга учратишди – сенсацион ғалаба. Бу Сон Хюн учун миллий жамоа сардори сифатида биринчи олий даражали ўйин эди.

***

Тинчлан, «Тоттенхэм»! Орадан яна 3 ой ўтгач, Сон Хюн ўз мамлакатини шон-шарафга буркаб, ниҳоят, ҳарбий хизмат масаласини бир ёқли қилди. У кейинчалик Индонезия пойтахти – Жакарта яқинида жойлашган Сибинонг шаҳарчасида кузатилган воқеани фаолиятидаги энг буюк лаҳзалар сифатида таърифлади. Жанубий Корея термаси Осиё ўйинлари-2018 финалида японларни енгди ва футболчи шодлигидан бутун майдон бўйлаб югуриб чиқди – у бирданига 2та нишонни урганди. Яъни ўз мамлакатига олтин медаль тортиқ этиш баробарида 21 ойлик ҳарбий мажбурият муддатини 3 ҳафталик тезкор ўқув-машғулотларига алмаштирди. Бунда «шпорлар»нинг мавсумнинг биринчи ойида унинг кетишига рухсат беришларига тўғри келганди, барибир. Тушунарлики, Сон Хюн жамоадошларига халқаро турнир қанчалик муҳимлигини кўп бора тушунтирган. «Яқин дўстим Хван Хи Чан ЖЧда Сон Хюн Мин билан бирга ўйнаган, кейинчалик улар кўп вақтни бирга ўтказишган, – дейди Осиё ўйинларида ғалаба қозонган жамоа таркибига 21 ёшида кирган Хван Ин Бум. – Бир сафар дўстим билан телефон орқали гаплашганимда, ҳозиргина саунадан чиқишганини айтди ва гўшакни Сон Хюнга берди. Тўғриси, олдин у билан бирор марта гаплашган эмасдим, шунинг учун бироз ҳаяжонландим. Сон Хюн эса, буни сезиб, гапни қисқа қилди: «Ҳой, яхши формада тур, Осиё ўйинларидан ғолиб сифатида қайтишимиз шарт». Айни шу далласи менда катта ишонч туғдирди». Хван Ин Бум шундан буён Жанубий Корея термасининг доимий футболчисига айланди ва Сон Хюн маҳоратига ҳам, инсоний фазилатларига ҳам бевосита гувоҳ бўляпти: «Терма жамоага бирор ёш футболчи чақирилса, унинг ёнига биринчи бўлиб айнан сардоримиз боради. Бу иккимизнинг биринчи учрашувимизни эслатади – сардор мени жуда илиқ кутиб олган ва далда берганди. Асосийси, Сон майдонга тушишдан олдин йигитлар билан алоҳида гаплашиб олади. Ўйин бошлангани ҳамони ҳаммамиз сардорнинг майдонда қандай ҳаракатланишини кўриб, беихтиёр ундан қолишмасликка интиламиз».

***

Кореялик футболчи Осиё ўйин­ларидан қайтгач, муваффақиятни еврокубокларда давом эттирди. Дейлик, ЧЛ чорак финалида «Манчестер Сити»га қарши кечган жавоб ўйинида айнан Сон Хюн Мин барчасини 180 даражага ўзгартириб юборди – аввалига майдондан чиқиб кетадигандек кўринган тўпга эга чиқиб, ҳисобни тенглаштирди, яна 3 дақиқадан кейин эса, «Тоттенхэм»нинг ғалаба голини урди. «Қандайдир тартибсиз ва таҳликали ўйин, лекин Сон Хюн ҳеч нарсага парво қилмай, барчасини бир зумда тинчитди, – деганди Райан Мейсон учрашувдан кейин FFT каналига берган интервьюсида. – Энг оғир паллада ишни энг юқори даражада бажариш жуда қийин. Бунақаси фақат жаҳон даражасидаги футболчилар қўлидан келади. Сон Хюн айни шу даражадаги ижрочи». Кореялик журналист Ли Сон Мо эса, ўша оқшом Etihad меҳмонхонасида нималар юз берганини фахр билан эслайди: «Сон Хюн биринчи голини урганида, «Сити» мухлислари бунга бепарво қарашди: «Оҳ-ҳо, майли, ҳаммаси яхши, йўлланма бизники, барибир». Яна 3 дақиқадан кейин Сон «шаҳарликлар» дарвозабонини иккинчи марта ожиз қолдирди ва меҳмонхонага бутунлай сукунат чўмди. АПЛнинг энг яхши жамоаси, афсонавий Хосеп Гвардиола дружинасига қарши ўйинда кореялик йигит қандайдир 3 дақиқада 2та гол урса-я… Шунда бор овозим билан бақиришни ўйладим, аммо мени «Сити»нинг минглаб мухлислари ўраб туришганди. Қисқаси, ҳамюртим голларини нишонлашдан чўчидим: «Агар ҳозир қичқирсамми, ўлишим аниқ… Жанубий Кореянинг энг буюк футболчиси ким? Паркми Сон ёки Ча Бом Кун? Бу масалада доимий тортишув бор. «Сити»га қарши ўша ўйинга қадар шахсан мен Парк Жи Сунни энг кучли футболчимиз сифатида кўрсатардим. Аммо ўша оқшом бу борада фикримни ўзгартирдим: «Сон Хюн энди Паркдан олдинда!» Фао­лиятим давомида Жи Сундан кўп бора интервью олганман, унинг ўзи ҳам бир сафар Сон Хюн барчадан ўзиб кетганини айтганди. Ҳозир эса Миннинг Осиё футболининг барча замонлардаги энг яхши футболчиси эканлигига шубҳам йўқ. Осиёлик буюк футболчиларни эсласангиз, уларнинг кўплари ажо­йиб жамоавий ижрочи сифатида ном қозонишган. Жумладан, Парк Жи Сун ҳам. Яъни улар – бош юлдузлар соясида қолган қаҳрамонлар. Аммо Сон Хюн мутлақо бошқача – унинг бир ўзи ўйин боришини ўзгартириб юбориши мумкин, рақибни якка ҳолда енгишга ҳам қодир. Асосийси, Сон осиёлик футболчи ҳам дунёда энг зўрлар қаторига чиқиши мумкинлигини исботламоқда». «Шпорлар» ўша мавсум ўз тарихларида биринчи марта ЧЛ финалига чиқишди. Ҳал қилувчи баҳснинг яна Сон Хюн кўз ёшлари билан тугагани эса, бошқа масала. Мадрид финалида «Ливерпуль» чиндан ҳам, кучли эди. Ўша йил якунида Сон Хюн Мин яна бир натижа қайд этди – «Олтин тўп» соврини сўровида 22-ўринни олди. Бу Осиё футболи вакиллари учун энг юқори натижадир.

***

АПЛда эса ҳаммаси бошқача сценарий бўйича тус олди – кутилмаган йил. Ҳар ҳолда, тартибли ўйнашни хуш кўрувчи корейс йигити миллий чемпионатнинг атиги 17та учрашувида 3 марта қизил карточка олди. У аввалига апрель ойида «Борнмут» вакили Жефферсон Лермага нисбатан қўполлик ишлатгани туфайли майдондан четлатилди, кейин ноябрда, янги мавсум доирасида «Эвертон» билан бўлган баҳсда Андре Гомешга жиддий жароҳат етказди. Сон билан тўқнашув оқибатида португалиялик ярим ҳимоячини майдондан шифокорлар замбилида олиб чиқиб кетишди. Ушбу даҳшатли ҳолат кореялик футболчига қаттиқ таъсир қилди – у йиғлаб юборди ва рақибидан зудлик билан кечирим сўради. Эътиборли томони, АПЛ кейинчалик тўқнашувни кўриб чиқиб, Сон Хюн дисквалификациясини бекор қилди – унинг ҳаракати «қизил»га тортмасди. Яна бир ойдан кейин қаҳрамонимиз «Челси» ҳимоячиси Антонио Рюдигер қовур­ғасига тепгани учун четлатилди. Сон бунисида чиндан ҳам, ноўрин ҳаракатланганини тан олди. «Менимча, ҳаммаси шунчаки, омадсиз вазиятлар оқибати. Сон Хюн аслида қизил карточка даражасида қўполлик ишлатадиган футболчи эмас», – дейди Кевин Виммер. Тўғри, корейс футболчиси Леверкузенда ҳам бир сафар тажовузкор ҳаракати учун майдондан четлатилганди. «Ўша йигит мени икки марта тепди, кейин ўрнимдан туриб, уни туртиб юбордим, – дея ўша воқеани эслаганди Сон Хюн. – Ҳамиша мулойимлик билан табассум улашиш яхши, лекин майдонда фақат ғалаба қозонишни истайман». Мағлубликни тан олмайдиган футболчи шундай характери билан Жозе Моуриньо ишончини қозониб, унинг қўл остида жуда яхши ўйнади. Португалиялик мутахассис «Тоттенхэм» бош мураббийи сифатида 2019 йилнинг декабри, яъни Сон Хюн қизил карточка олган «Челси»га қарши баҳсдан бироз олдин иш бошлади. «Беназир» Жанубий Корея фахрини ўша ойнинг ўзида бошқача таърифлади: «Соналдо Назарио». Гап шундаки, Сон «Бернли» билан ўйинда тўпни ўз жамоаси жарима майдони яқинида қабул қилиб олганча фантастик юришни амалга ошириб, фантастик гол урди. Дарвоқе, якунда ўша ҳаракат Сон Хюнга ФИФА томонидан йилнинг энг чиройли голи муаллифига ажратилган мукофотни олиб келди. «Унинг Пушкаш номидаги соврин соҳибига айланганидан бағоят хурсанд бўлдим. Сон чиндан ҳам, ўта гўзал гол урди. У бунга тўлиқ лойиқ, муваффақият йўлида нечоғли кўп ишлаганини яхши биламан» – бу Сон билан «Гамбург»да бирга ўйнаган ва ҳалигача унинг ўйинларини кузатиб келаётган бразилиялик Зе Робертонинг эътирофи.

***

«Бернли»га қарши кечган ўша сеҳрли учрашув вақтидан чамаси 2 ой ўтгач, Сон Хюн «Астон Вилла» билан баҳсда қўлини синдириб олди, лекин жароҳат жиддийлигини сезмай, 89 дақиқа тўп суриб, 2та гол урди. Бироқ шу муаммо ортидан четга чиқишига тўғри келди. Боз устига, бу вақт­да клубнинг яна бир етакчиси Гарри Кейн ҳам сафда эмасди. Оқибатда «шпорлар» ЧЛда «РБ Лейпциг»га йўл бўшатишди ва АПЛнинг навбатдаги 3та ўйинида атиги 1 очко олишди. Коронавирус чемпионатни тўхтатиб қўйган паллада эса, барча футболчилар оддий шаклдаги индивидуал маш­ғулотлар билан чекланган бўлсалар, кутилмаган танаффус Сон Хюнга қўшимча имконият яратди. Яъни Осиё ўйинларидан кейин 3 ҳафталик ҳарбий хизматга бўш вақт тополмаётган футболчи юзага келган вазиятдан унумли фойдаланди. Хуллас, Сон Хюн апрелда, 28 ёшга тўлишидан 3 ой олдин Жежуга йўл олди. Миллат фахри махсус курс якунида ҳаттоки, отиш бўйича мукофот ҳам олди. Фақат бу сафар тўп эмас, балки ўқ отиш ортидан. «Бу жуда ғалати – кулади Виммер. – Ўзи ҳар жиҳатда биринчи бўлиш айнан Сонга хос. Қолаверса, у ҳамиша нишонни тўғри оларди! Ниҳоят, барчасини уддалагани ва ҳарбий ишлар билан боғлиқ масалани ҳал этгани айни муддао. Ҳарқалай, энди бор эътиборини футболга буриши мумкин. Биламан, Сон Хюнни айнан ҳарбий хизмат мажбурияти кўп ўйлантирган. Чунки у армияга қачон бориши ва хизмат қанча давом этишини билмасди». Ли Со Монинг айтишича, армия сафари футболчининг фақат шахсий ҳаёти эмас, балки спортдаги фаолияти учун ҳам муҳим бўлди: «Ишончим комил, ҳарбий кўникма унга катта ёрдам беради. Мажбуриятдан қутулиш эркинлик туйғуси баробарида мағрурлик ҳиссини уйғотиши турган гап. Энди Сон Хюн бемалол баралла гапиришга ҳақли. Шахсан ўзим ҳам Жанубий Корея фуқароси сифатида йигитлик бурчимни адо этганман ва армияда хизмат қилиш қандай ғурур бағишлашини яхши биламан. Қизиқ, АПЛдаги неча нафар футболчи ҳарбий тайёргарликни ўтаган? Эшитишимча, Салоҳни Миср армиясига чақиришган, аммо у боришга мажбур эмасди. Эҳтимолки, Сон фаолияти ўртасида хизматни ўтаган ягона футболчидир».

***

Моуриньони қутқарган ўйинчи. Мавсумнинг чўзилиб кетгани Сон Хюнга имкон берди – у хизматдан қайтиб, ўйинларда яна иштирок этишга улгурди. Аниқроқ айтсак, финиш маррасига 4та тур қолган паллада «шпорлар» турнир жадвалида атиги 10-ўринни эгаллаб тургандилар. Кейин жамоа Сон Хюннинг голи ёрдами билан «Арсенал»дан 3 очко тортиб олди. Якунда «Тоттенхэм» еврокубоклар зонасига кирди – 6-ўрин. Сон Хюн эса қаторасига иккинчи мавсум «Тоттенхэм»нинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. «Арсенал» дарвозасига урилган ўша гол бутун жамоа кайфиятини ўзгартирди, – дейди Ли Со Мо. – Ўйлайманки, Сон шу орқали Моу­риньонинг истеъфога чиқишдан қутқариб қолди. Чунки Жозенинг биринчи мавсумида «шпорлар» унча ишончли ўйнашмади ва унинг ишдан бўшатилиши эҳтимоли ҳақида миш-мишлар ҳам тарқалганди». Моу­риньонинг ўзи Сон Хюн ўйинини мақтаб, ҳаттоки, «Эвер­тон»га қарши ўйин пайти Уго Льорис билан юзага келган келишмовчиликда кореялик йигит юқори жанговар руҳини намойиш этганини таъкидлади.

***

Мавсум-2020-2021 айнан Сон Хюннинг фаоллиги туфайли «Тоттенхэм» учун ижобий руҳда бошланди. «Шпорлар» ноябрь – декабрь оралиғида АПЛ турнир жадвалини бошқариб туришди. Январда эса корейс йигити «Брентфорд» билан уй учрашувида клуб либосидаги 101-голини нишонлаб, уни Лига кубоги финалига етаклади. «Тоттенхэм» 2008 йилдан буён ички турнирларда соврин ютишга бу қадар яқин келган эмасди. Қолаверса, Соннинг ўзи мавсумдаги голлари сонини 16тага етказди (бу бутун фаолиятидаги энг юқори кўрсаткичидан атиги 5та кам эди). Корейс футболчисининг ҳар икки оёғи билан бирдек зарба йўллаш қобилияти кучли эканлиги ҳам тасдиқланди. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, у охирги 5 йилда заифроқ оёғи билан АПЛдаги энг кучли ҳужумчиларга нисбатан кўпроқ гол урган. Самарали узатмалар меъёри ҳам шу даражада бўлди: 14та. Февралнинг охирига келиб, Гарри Кейн ва Сон Хюннинг даҳшатли боғлами янги поғонага кўтарилди. Дейлик, Кейн сентябрь ойида «Саутгемптон» дарвозасини 4 бора ишғол қилган бўлса, уларнинг барчасига Сон ассистентлик қилди. «Иккисининг комбинацион ҳаракати дарҳақиқат, даҳшатли, – деганди мавсум якунида «Тоттенхэм»ни бошқарган Райан Мейсон. – Агар жамоангизда Гарри ва Сон бўлишса, ҳар қандай рақибни мағлуб этишингиз мумкин – уларга гап йўқ. Айниқса, Хюн Мин мавсум давомида бетакрор голлар урдики, уларга қараб лол қоласиз. Корейснинг устун томони – тезлик ва ижро сифати».

***

Сон Хюн Мин – АПЛнинг энг кучли футболчиларидан бири ва ҳарбий мукофот соҳиби. Савол, у бажаролмайдиган иш борми? «Сон таом тайёрлашда нўноқ, – дейди Виммер бу борада кулиб. – Бир сафар Кайл Уокер ва Бен Дэвис билан бирга Жанубий Кореяга бордик, маҳаллий ТВ меҳмони бўлдик. Чекимизга корейсча таом пишириш тушди, якунда махсус ҳакамлар ишимизга баҳо беришди. Аслида мен таом пиширишда жуда ёмонман, лекин Сон Хюндан яхшироқ балл олдим». Кореялик йигит шунингдек, ҳали «Тоттенхэм» футболчилар учун севимли машғулот – крикетни ҳам ўзлаштиргани йўқ. Яна гольф ўйнашни ҳам билмайди: «Коптокни иложи борича узоққа отасиз, кейин уни қидирасиз – бу зерикарли». Футбол – Сон Хюн учун мангу муҳаббат, ваҳоланки, у сезиларли натижаларга эришганига қарамай, клуб даражасида ҳали кубок ютгани йўқ. «Тоттенхэм»да қандайдир соврин ютиш – бу Сон учун катта мақсад, – дейди Виммер. – У билан сўнгги марта гаплашганимда, охирги 5 йил ичида юқори даражада ўйнагани, мавсумдан мавсумга кучайиб бораётганини қадрлаши кераклигини таъкидладим. Аммо ўзи ҳали тўлиқ хурсанд эмас – янада юксалишни, янада такомиллашишни хоҳлайди. Менимча, Сон эртами-кеч, кубок ютади, барибир. Ҳозирча унга фақат шу нарча этишмаяпти». Агар Сон Хюн буни уддаласа, барча даврларнинг осиёлик энг яхши футболчиси мақомини мустаҳкамлаши тайин. «Фикримча, Жанубий Кореяда яқин 100 йил ичида Сон Хюн каби футболчи чиқмаса керак, – дейди «Тоттенхэм» юлдузи билан деярли 15 йил олдин бирга шуғулланган ва унинг зарбаларидан ўзини олиб қочган Вон Чан Ён. У Сон Хюн Миннинг нақадар кучли эканлигини бошидаёқ билганди. Энди буни бутун дунё билади.

 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг