Элдор Шомуродов: Ҳар доим гол уриш учун майдонга тушганман.

Ўзбекистон терма жамоаси ва “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов бугунги машғулотлардан олдин интервью берди.
– Бўлажак рақиб Грузия ҳақида нима дея оласиз?
– Грузия Европа қитъаси жамоаси ҳисобланади. Шу боис кучли рақиблардан бири, яхши футболчиларга эга. Биз учун жуда ҳам фойдали ўйинлардан бири бўлади.

– Фаолиятизда голсиз сериялар бўлган, сўнгги турда “Рома” сафида гол урдингиз. Бу энди голли серия бошланишига сабаб бўлади деб ўйлайсизми?
– Ҳаммаси яратгандан. Ҳар доим гол уриш учун майдонга тушганман. Бундан буёғига ҳам ҳаракат қиламан.

– Сречко Катанец ҳақида қандай фикрдасиз?
– Барчаси жойида. Йигитлар билан ҳам тезда чиқишиб кетди. Машғулотлари ҳам анча қизиқ.

– Иорданияга қарши ўйин (0:3) муаммоларимизни тўлиқ очиб берди десак бўладими?
– Бундай демаган бўлардим, чунки у ерда футболдан ташқари ҳам муаммолар ҳам бўлди. Тўғри энг яхши ўйинларимизни кўрсата олмадик. Лекин керакли хулосалар чиқардик. Грузия билан умуман бошқача ўйин бўлади деб аниқ айта оламан.

– Терма жамоада ҳам, “Рома”да ҳам европалик мураббий қўл остида ишлаяпсиз. Ўхшашлик ва фарқли томонлари нимада?
– Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бор, фарқи катта. Лекин терма жамоада терма жамоа учун, клубда клуб учун ҳаракат қиламиз.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг