Россия футболи асло кам эмас…

Тушунарлики, деярли барча энг сара футболчилар қимматбаҳо ва ҳашаматли автомобилларга кўнгил қўйишади. Бу борада Россия футболи юлдузларининг дидлари ҳам чакки эмас: улар айнан дабдаба бобида жаҳон миқёсидаги юлдузлар билан ҳам бемалол рақобатлашишлари мумкин. Қуйидаги мақола бунга асос…

Артём ДЗЮБА. «Зенит» ҳужумчисининг шахсий автопарки қимматбаҳо «тойчоқ»лар билан тўла. 510 от кучига эга оппоқ Range Rover Sport Дзюба коллекциясидаги илк дабдабали автомобиллардан биридир. Айтишларича, унинг гаражига яқинда 2020 йили ишлаб чиқарилган янги Range Rover ҳам қўшилган. Буниси бироз камтарона – қуввати 249 от кучига тенг. «Зенит» вакилининг яна бир муҳаббати – Mercedes-Benz S63. 600 от кучига эга, V8 двигателли автонинг баҳоси – тахминан 17 миллион рубль.

 

Фёдор СМОЛОВ. Россия терма жамоаси ва «Локомотив» клуби ҳужумчиси бисотидаги энг қимматбаҳо машиналардан бири – бу Lamborghini Aventador суперкари. Италия автоконцернининг ушбу модели 740 от кучига эга, баҳоси 20 миллион рублдан баланд. Aven***ador двигателига қўшимча ўзгартиришлар киритилган, шунингдек, унинг салони бошқатдан тўлиқ жиҳозлаган.

 

Александр КОКОРИН. Эксклюзив Mercedes-Benz G «Фиорентина» ҳужумчиси хизматида. Александр Кокорин Германиянинг Mansory компанияси томонидан созланган «тойчоқ»қа 75 миллион рубль тўлаган. Футболчининг автопаркида Lamborghini Aventador LP720-450 Anniversari ҳам бор. Кокорин ушбу пойга суперкарини 450 минг еврога харид қилган.

 

Павел МАМАЕВ. «Ростов» ярим ҳимоячиси автогаражини нафақат мухлислар, балки обрўли ҳуқуқшунослар ҳам фаол ўрганиб чиқишди. Бинобарин, у турмуш ўртоғи Алана билан ажрашиш жараёнида бой коллекциясидаги барча эксклюзив автомобиллардан айрилиши ҳеч гап эмасди. Павел учун Range Rover (баҳоси – 10 млн. рубль) ва Bentley Continental Gt алоҳида аҳамиятга эга. Мамаев шунингдек, турли вақтларда умумий қиймати 50 миллион рублга тенг бир неча Mercedes сотиб олган.

 

Лионель МЕССИ. «Олтин тўп»нинг 6 карра соҳиби дунёнинг энг бадавлат футболчиларидан биридир, шубҳасиз. Лео беҳисоб пулини нафақат хайрия ишлари, балки алоҳида муҳаббати – қимматбаҳо «ўйинчоқ»ларга ҳам сарфлайди. Месси гаражида Maserati Granttrismo MC Stradale (120 минг евро), Ferrari F430 Spider ва Ferrari 812 Superfast, ноёб Ferrari 335 S Spider Scaglietti ва кам учрайдиган Pagani Zonda Cinqte Roadster машиналари бор. Audi RS6 Avant, Mercedes SLS ва Range Rover Sport ҳам «митти» аргентиналик хизматига шай туради.

 

Криштиану РОНАЛДУ. Португалиялик юлдуз Лионель Мессига нафақат футбол бобида, балки дабдабали автомобиллар масаласида ҳам бош рақобатчи саналади. Унинг коллекцияси хилма-хил «тойчоқ»лар билан тўла – Bentley Continental Gt, Ferrari 812 Superfast, Ferrari 488 Spyder, 5та Ranger Rover, Aston Martin, 2та Porsche 911 (ҳар бири 300 минг евро), Koenigsegg CCX, Agera R, яна ҳар бирининг баҳоси 2,5 млн. долларга тенг 2та нодир Bugatti Chiron.

 

Златан ИБРАГИМОВИЧ. Ҳамиша диққат марказида бўлишни хуш кўрувчи швециялик турли спорткарлар ва гиперкарлар эгасидир. Ибра хоҳласа, қўшимча қувватланган Mercedes AMG, хоҳласа, ноёб Ferrari автомобилида «учади». Ибрагимович кам учрайдиган қимматбаҳо спорт машиналарини харид қилиб, кейин уларни икки ҳисса фойда билан сотиш ҳадисини олган. Bugati Veyron Vitesse, Lamborghini Aventador SVJ, Ferrari LaFerrari ва нодир Ferrari SP2 Monza – булар «Милан» ҳужумчиси бисотидаги энг қимматбаҳо «тойчоқ»лар.

 

Килиан МБАППЕ. Ёш голеадор ҳозирга қадар элит синфга мансуб бир нечта спорткар сотиб олишга улгурди. Жумладан, Ferrari 812 Superfast, Ferrari LaFerrari ва Mercedes брендининг турли моделлари ҳали ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаган 22 ёшли ҳужумчи ихтиёрида. У машғулотлар, ўйинлар ва бошқа тадбирларга боришда шахсий ҳайдовчи хизматидан фойдаланади.

 

НЕЙМАР. «ПСЖ»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси ҳам автомашиналарни яхши кўради ва уларни етарлича сотиб олганини яширмайди. Бразилиялик юлдуз ўзи каби 10 миллионлаб евро миқдорида маошга эга футболчилардек Ferrari суперкарларига алоҳида меҳр берган. Неймар гаражида бундай «тойчоқ»нинг 5 тури мавжуд: 488 Spyder русумидан LaFerrari ва янгигина SF90 Stradale моделигача.

 

Марио БАЛОТЕЛЛИ. «Супермарио» ўз номига яраша фақат суперавтоларга эътибор қаратади, аммо уларнинг қадрига етмайди, худди иқтидорини «увол» қилгани каби. Ҳар ҳолда, Балотелли ҳозирга қадар чамаси 10та автомобилни пачоқлади. Лекин бу унга муаммо эмас – бирини пачоқласа, янгисини олади. Дейлик, Bentley Continental Supersports билан йўл ҳаракати ҳодисасини содир этган Марио унинг ўрнига тезда A***di R8 харид қилди. Италиялик ҳужумчи гаражида Ferrari русумидаги «учар гилам»лар ҳам кўп, аммо уларга эҳтиёж йўқ. Чунки Балотелли асосан Германия автосаноати маҳсулотларини маъқул кўрмоқда.

 

 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг