16 йилдан бери тўхтамаётган «машина». Криштиану Роналду Чемпионлар Лигасида Икер Касильяс ва Лионель Мессининг рекордини такрорлади (+видеошарҳлар)

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду Чемпионлар Лигаси доирасида ўтказилган «Янг Бойз»га қарши ўйинда (1:2) бир қатор рекордларни такрорлади. Бундан ташқари, у ўз натижасини ҳам яхшилаб олди.

Португалиялик футболчи учун «Янг Бойз»га қарши учрашув мусобақадаги 177-ўйин бўлди. У бу борада «Реал» собиқ дарвозабони Икер Касильяснинг рекордини такрорлади.

Роналду мусобақа доирасида «Манчестер Юнайтед» таркибида 53 та, «Реал»да 101 та, «Ювентус»да эса 23 ўйин ўтказган.

36 ёшли футболчи Швейцария клубига қарши ўйинда ўз номига гол ҳам ёздириб қўйди ва мусобақадаги голлари сонини 135 та етказиб олди. Бу борада унинг энг яқин таъқибчилари (Лионель Месси 149 ўйинда 120 та гол) ва Роберт Левандовски (96 ўйинда 73 та гол) ҳисобланади.

«Янг Бойз» — Роналду Чемпионлар Лигаси доирасида гол урган 36-жамоа бўлди. Ушбу кўрсаткич (мусобақада энг кўп жамоага гол уриш) бўйича Криштиану «ПСЖ» ҳужумчиси Лионель Мессига етиб олди.

Роналду Чемпионлар Лигасининг кетма-кет 16-мавсумида гол уришни уддалади. Роналдугача бу натижага фақат икки футболчи эришганди — Лионель Месси («ПСЖ») ва Карим Бензема («Реал»).

«Янг Бойз» дарвозасига урилган гол португалиялик учун ўттиз ёшдан кейин Чемпионлар Лигасида урилган 63-гол бўлди.

Бу ушбу ёш тоифасидаги бошқа футболчилардан камида 35 тага кўп деганидир. 30 ёшидан кейин Роналду ЕЧЛда 68 та ўйин ўтказган.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг