Бу сафар мухлислар кечирмайдими? Ҳамма ғалабага ташна, лекин…

Остонамизда Суперлиганинг 18-тур ўйинлари турибди. Сешанбадан пайшанбага қадар сиз билан биз бир-биридан қизиқарли ўтиши кутилаётган еттита учрашувга гувоҳ бўламиз.

Марказий ўйинлар ҳам бор. Борган сари жамоалар турнир жадвалидаги эгаллаб турган ўринларидан келиб чиқиб ўйинини янада кучайтиряптилар.

Бу сафар тажрибали мутахассислардан бири Баҳром Ҳакимов тур олдидан ўзининг муносабатини билдирди.

14 сентябрь (сешанба)

“Қўқон-1912” – “Машъал”

– Олдинги турда “Қўқон-1912” ҳам, “Машъал” ҳам ютқазди. Бахтиёр Ашурматовни яхши биламан, у жамоасига ғолиблик руҳини сингдира олади. Клубда қийинчиликлар борлигини биламан. Менимча, бу ўйинда “Қўқон-1912” бир-иккита тўп фарқи билан ютади. Имкониятлардан фойдаланса бўлди, акс ҳолда қийналиб қолади. Жамоа сафарда очколарни қўлга киритяпти, ўз уйида эса аксинча. Бу сафар ўз майдонида албатта натижа кўрсатиши керак. “Машъал”га келсак, Муборакда “Андижон”га мағлуб бўлгач, уларга ҳам ҳозир осон эмас. Менимча, “Қўқон-1912” – “Машъал” ўртасидаги ўйинда очиқ футбол бўлмайди. Муборакликлар ёпиқ ўйин кўрсатади. Қўқонликлар учун орқага йўл йўқ.

15 сентябрь (чоршанба)

“Андижон” – “Металлург”

– “Андижон” клубига очколар сув ва ҳаводек зарур. Тўғри, сафарда “Машъал”ни ютиб келди. Аммо бу сафар ўз уйида ютқазса мухлислари кечирмаса керак. Ўйлашимча, яхши ўйин бўлади. Жасур Абдураимовга ҳам қийин. “Металлург” кетма-кет ютқазяпти. Жамоа хадеб ютқазаверса раҳбарларни ҳам кўнгли совиб кетиши мумкин. Мухлислар фақат ғалабани талаб қилади. Аммо “Андижон” яхши натижа кўрсатиши керак. Менимча, тенг ўйин бўлади. Лекин “Андижон” ўз майдонида ўйнайди, шуни эсдан чиқармаслик керак.

“Пахтакор” – “Навбаҳор”

– “Пахтакор” бунгача кичик ҳисобларда ютаётганди, охирги турда учта тўп фарқи билан ғалабага эришди. “Пахтакор” ютқазиб қўйса яна гап-сўз бошланади. “Навбаҳор”га йўқотадиган нарсаси йўқ, бу жамоа ҳам мухлислари олдида ўзини кўрсатиши керак. Ўтган турда ўз майдонида дуранг ўйнади. Ҳар қандай мураббий учун уйидаги дуранг мағлубият билан тенг. “Пахтакор”га ҳам, “Навбаҳор”га ҳам омад. Лекин ғолиб чиқиш имконияти бўйича 60 га 40 “Пахтакор” фойдасига.

АГМК – “Турон”

– “Турон”ни ҳам аҳволи оғир. Ўз уйида “Насаф”га мағлубиятга учради. Сафардаги ўйинлардан иложи борича максимум очколарни қўлга киритиши керак. “Турон”да маблағ томонлама муаммо йўқ. АГМКга қийин бўлади, улар рақибни осонгина ютамиз деб ўйламасин. Боз устига Игорь Шквирин АГМКда ишлаган. Назаримда. жамоаларнинг имконияти 50 х 50. АГМКга ҳам ғалаба зарур. Клуб ортидан “Насаф”, “Бунёдкор” сингари жамоалар қувиб келяпти. “Турон”га сафарда қўлга киритиладиган ҳар қандай очко муҳим.

16 сентябрь (пайшанба)

“Локомотив” – “Сурхон”

– Иккаласига ҳам қийин бўлади. Тўғри, “Локомотив” тактика томонлама яхши ўйнаяпти. “Сурхон” эса ҳар йили ўйинчи алмаштиряпти. Баҳром Ҳайдаровга оғир бўляпти. Мен “Локомотив”га эмас, Ҳайдаровга омад тилайман. Барибир у қўл остимда ўйнаган, шогирдим деб ҳисоблайман, уни. “Сурхон” бу учрашувда ҳеч бўлмаса бир очко олиши шарт. Акс ҳолда вазият қийинлашади. Иккала жамоанинг имкониятини тенг баҳолайман.

“Насаф” – “Қизилқум”

– “Қизилқум” ўтган турда ўз майдонида дуранг ўйнади. “Насаф” бўлса, сафарда ютиб келди. “Турон” билан ўйинини кўрдим. “Насаф” ҳам, “Қизилқум” ҳам тартибли ўйин намойиш этади. Лекин майдон эгалари тезкорлиги эвазига ютиб кетиши мумкин. “Турон”га қарши учрашувда ҳам айнан “Насаф”нинг тезлиги катта роль ўйнади. Агар қаршиликлар ўз ўйинини кўрсатса, “Қизилқум”га қийин бўлади. Ўйлашимча, “Насаф” ғалаба қозонади.

“Сўғдиёна” – “Бунёдкор”

– “Бунёдкор” ҳам медалларга курашяпти ва келаси йили Осиё Чемпионлар лигасига ўйнамоқчи. Қаттиқ ўйин бўлади. “Сўғдиёна” яхшироқ ўйин кўрсатмаса ҳам футболчилари майдонга “ёниб” чиқяпти. Ҳар бир ўйинни охирги баҳсдек ўтказяпти. Улуғбек Бақоев ҳамма нарсани ўйлайди ва жамоасининг ғалабаси учун ҳаракат қилади. “Бунёдкор”нинг ёшлари ўйинга қанчалик киришиб кетишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Чунки ёшлар барибир барқарор ўйнай олмайди. “Сўғдиёна”да эса тажрибали ўйинчилар кўп. Менимча, ғалаба учун иккала клубда ҳам имконият бир хил. Ким биринчи гол урса, ўша жамоа ютади.

sports.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг