Лео – «Гном», Моу – «Телба», Ди Мария – «Лапша»

КАМСУҚУМДЕК КЎРИНАДИГАН АРГЕНТИНАЛИК АНХЕЛЬ ДИ МАРИЯ БИЛАН ТАРИХГА САЁҲАТ. «ПСЖ» ярим ҳимоячиси яқинда машҳур TyC Sports телеканалининг «Либеро қарши» дастури меҳмони бўлди ва оммага бир қатор қизиқарли воқеликларни сўзлаб берди. Одатда Анхель ўз ишини жимгина бажарадиган, вақтни майда-чуйда нарсаларга сарфламайдиган йигитдек таассурот уйғотади. Аслида у очиқ-ошкора гапиришни хуш кўрадиган, суҳбатни қизитадиган футболчи экан…

Лео Месси билан муносабати

– Фаолиятимнинг тўлиқ бой кўриниши учун етишмаётган биргина жиҳат бор эди – Лео билан 1та клубда ўйнаш. Ваҳоланки, менда вақтида «Барселона» сафига қўшилиш учун неча марта имкониятлар туғилганди. Энди «ПСЖ»да йўлларимиз кесишганидан, ҳар куни бирга шуғулланиш ва ўйнаш имкони юзага келганидан бағоят хурсандман. Муҳими, ўзаро муносабатларимиз жуда яхши.  Интервьюларда кўпинча Мессига нисбатан «ўзга сайёралик» ёки «сеҳргар» иборасини ишлатаман. Аслида эса у мен учун – «Гном». Лео билан дўст тутинганимиздан буён шундай. Лео бу лақабга оддий қарайди ва ўз навбатида, менга «Лапша», деб мурожаат қилади. Умуман олганда, унга оддий йигитдек ёндашишим ўзига ҳам маъқул. Лионель табиатан ўзини кўрсатишни унча ёқтирмайди, дейлик, яқин доираси анча тор, яъни кўп дўст орттиришга хуши йўқ. Оддий айтганда, ўзи яхши биладиган, тил топишадиган, тенг муносабатда бўладиган ва эвазига шундай ёндашувни талаб қиладиган одамларга вақт ажратишни афзал кўради. Албатта, дўстларим билан бирга вақт ўтказиш, хушчақчақлик қилиш, овқатланишга бориш ва ёқимли лаҳзаларни баҳам кўришдан ўзимни тўхтатолмайман. Лео эса шундай дўстларимдан бири ва нечта «Олтин тўп»га эгалигидан қатъий назар, мен учун «Гном» бўлиб қолаверади.

Криштиану Роналду билан муносабати

– Роналду – феномен, лекин ўйинда кўрганингиз майдонда қолади… Демоқчиманки, Криш ҳаётда яхши йигит ва дўст. Мадридда ўйнаганимда, биринчи туғилган кун дастурхонига жамоадаги илк давр­да менга ҳаммадан кўпроқ ёрдам берган, яқин муносабатда бўлган Марсело ва Пепени таклиф этдим. Шунингдек, улар билан ҳамиша бирга юрадиган Роналдуни ҳам. Очиқ айтаман, Кришни аслида хушомадлик сифатида чақиргандим ва унинг келмаслигига амин эдим. Амалда эса Криштиану таклифга дарҳол рози бўлди, уйимда меҳмон бўлиб, дўстларим билан кулишиб ўтирди. Гўё 100 йиллик қадрдонлардек. Ўшанда унинг самимийлигидан ҳайратда қолгандим. Майдондаги Роналду мутлақо бошқача – толмас жангчи, чинакам ғолиб. Лекин такрор айтаман, ҳаётда бутунлай бошқа инсонга айланади.

ЖЧ-2018 таассуротлари

– Ўзи Хорхе Сампаоли жуда ғалати одам, у дастлабки ҳафтада жамоа билан ажойиб муносабатда бўлди, лекин охирида… Мураббий бирданига ўзгарди ва уни ҳеч ким тушунолмай қолди. Хусусан, менга айтган кўп гаплари кейинчалик ўз аҳамиятини йўқотди. Яъни қарашлари кескин ўзгарди. Сампаоли бугун сизга энг яхши футболчилардан бири сифатида қарайди, кейинги ўйинда эса ҳеч қандай изоҳсиз захирада қолдиради… Тўғри, навбатдаги баҳсда яна таркибга қўшиласиз. Бундай ҳолат фақат мен эмас, кўплаб йигитлар билан содир бўлди. Ҳа, ЖЧ-2018 муваффақиятсиз чиқди, чунки мураббий биздан айнан нималарни хоҳлаётганини яхши тушунмадик. Ҳозир очиқ гапираётганим учун узр сўрайман, чунки мундиалда аслида кўпроғига муносиб эдик. Мисол учун, Килиан Мбаппе Парижга қайтгач, бизга қарши 1|8 финал учрашувида роса қийналишганини тан олди. Ахир ўшанда 2:1 ҳисобида олдинда бораётгандик, бироқ Павардан кутилмаган фантастик голни қабул қилдик, сўнгра Мбаппе тезлиги ҳисобига жамоамизни шунчаки, «ўлдирди». Шуниси аниқ – французлар биздан роса чўчишганди. Ҳа, бўлажак жаҳон чемпионлари кўнглига ғулғула солгандик, аммо…

Фаолиятидаги энг ёмон мураббий…

– «МЮ»га кўчиб ўтганимда, 7-рақам ҳақида кўп гапиришарди. Ростини айтаман, «7» бундан олдин кимга тегишли бўлганига умуман аҳамият бермагандим. Бу мен учун шунчаки, футболка ортидаги оддий рақам эди. Умуман, «МЮ»даги асосий муаммом – либосим ортидаги «7» эмас, балки бош мураббий. Ҳа, Луи ван Гал – фаолиятимдаги энг ёмон мураббий. У ҳаттоки, мен гол урган ёки ассистентлик қилган учрашувлардан кейин ҳам фақат ноаниқ узатмаларимни муҳокама этарди. Қисқаси, Луи ван Гал биринчи кунданоқ хизматимдан воз кечганди, менимча. Агар футболчилар жамоада мураббийдан муҳимроқ саналишса, у ўзини қўярга жой тополмасди.

Америка кубоги-2021даги ғалаба

– Ушбу зафарли юришдан ке­йинги ҳис-туйғуларни тасвирлаб беришга тилим ожиз. Ҳал қилувчи ўйинда иштирок этиш учун катта қийинчиликларни бошдан кечиришимга тўғри келди. Ҳаётий ва футбол ичидаги ҳолатлар туфайли шундай бўлди, муҳими, ўша куни майдонга тушдим ва ягона голни урдим. Агар Аргентина термаси билан ҳеч нарса ютолмаганимда, фаолиятим бутун бўлмасди. Энди мутлақо бахтлиман.

Жозе Моуриньо билан муносабати

– Моуриньо ақлдан озган инсон – «Телба». У билан ҳеч қачон қандайдир муаммога дуч келмаганман. Моуриньо ҳар доим жангга тайёр, доимо низо қидиради, ҳис-туйғуларни уйғотади. Эсимда, Жозе қайсидир ўйиндан кейин Криштиану Роналдуга ёпишди ва унга етарлича югурмагани, шериклари ўрнини тўлдириб ҳаракат қилишганини айтди. Очиғи, ўшанда катта жанжал юзага келишини ўйлагандим: «Булар ҳозир бир-бирларини «йиртиб» ташлашади-ёв…».

Неймар билан муносабати

– Ней – одатий бразилиялик. Худди ҳар куни туғилган айёмидек доимо қувноқ юради. Асосийси, юраги кенг, ғайриоддий феномен ва бирозгина бачкана ҳам…

Аргентинага қайтиш варианти

– Яқинда миямга шундай фикр келгани рост. Аниқроғи, COVID-19 пандемияси авж олган пайт Аргентинага қайтиш ҳақида ўйладим. Чунки Францияда футбол тўхтаб қолганди, шунда ўзимни ёлғиздек ҳис қилдим. Боз устига, шартномам муддати тугашига атиги 1 йил қолган, бироқ «ПСЖ»дан янги битим ҳақида садо чиқмаётганди. Кейинроқ «1+1» шаклида шартнома таклиф қилишди ва қолишни маъқул кўрдим. Мана, «ПСЖ» энди Лео Мессини ҳам ўз томонига оғдириш йўлини топди – буниси мен учун ҳақиқий совға. Энди ўзимни энг кучайган даврдагидек тетик ҳис қиляпман ва Чемпионлар Лигасида яна бир бора ғолиб чиқишни хоҳлайман.

Ди Мария билан бирга ўйнаган 5 нафар энг кучли футболчи

– 1-ўрин табиийки, Лионель Мессига тегишли. Биз кўп йиллар давомида Аргентина терма жамоасида ёнма-ён тўп сурдик, жорий мавсумдан «ПСЖ»да ҳам биргамиз. 2-ўринда – мени техник салоҳияти билан ҳайратга солишдан тўхтамайдиган Марко Верратти. Чинакам топ-футболчи. Ҳар жиҳатдан катта йигит – Златан Ибрагимовични 3-ўринга қўяман. Унинг тўп билан қандай муомала қилиши ақлга сиғмайди. 4-ўринни Лука Модрич, кейингисини Тони Кроосга бераман. Ҳар иккиси ақлга сиғмас тоифага мансуб.

Манба: interfutbol.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг