Террорчиликда айбланиб, 84 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган 8 карра Паралимпия чемпиони Себастьян Родригес ҳақида

Испаниялик Себастьян Родригес Велозу террорчилик ва қотилликда айбланиб, 84 йилга озодликдан маҳрум қилинганида 28 ёшда эди. Ҳозир у 64 ёшда ва 2021 йилнинг 26 августида Токио—2020 Паралимпиадасида 4х50 метрга сузиш бўйича мусобақада қатнашди.

«Мен хатолар ҳам мақсадга олиб келиши мумкинлиги ва бошқаларга хато қилмасликка ёрдам беришнинг мисолиман. Ўзимни намунали қилиб кўрсатишга даъво қилмайман, аммо ўтмишдан сабоқ чиқараман, бугунги кун билан яшайман ва келажак учун меҳнат қиламан», – дейди Родригес.

Себастьян Родригес ўтмиши ҳақида гапиришни хуш кўрмайди. У Испаниянинг жануби-ғарбидаги Кадис шаҳрида туғилган. 1980 йилларда Испаниянинг антифашистик сўл-радикал инқилобий ташкилотининг аъзоси бўлган. Ташкилот 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, ўн йилдан зиёд вақт мобайнида гуруҳ аъзолари Испанияда отишмалар, портлашлар ва бошқа турдаги ҳужумларни уюштириб келган. Ушбу ҳужумлар натижасида камида 80 киши ҳалок бўлани айтилади. Европа Иттифоқи ушбу ташкилотни террорчилар рўйхатига киритган.

Себастьян Родригес портлашлар сериясини уюштиришда, шунингдек, 1984 йилда китоб дўконида содир бўлган севилялик бизнесмен Рафаэл Падуранининг ўлдирилишида иштирок этган. Фақатгина орадан бир йил ўтиб, 1985 йилда полиция уни қўлга олишга муваффақ бўлади.

1990 йилда Родригес қамоқдалигида террористик ташкилотдаги шерикларининг ҳам жазони у билан бир хил, ахлоқ тузатиш муассасасида ўташини талаб қилиб, очлик эълон қилади. Очлик 432 кун давом этади. Натижада унда параплегия (баъзида ҳаракатланишнинг йўқолишига олиб келадиган неврологик касаллик) ривожланиб, юриш қобилиятини йўқотади ва ногиронлар аравачасида ҳаракатланишга мажбур бўлади.

Тўрт йил ўтиб, 1994 йилда у Испания қонунларида оғир касалликка чалинган маҳбусларни шартли равишда озод қилиш назарда тутилгани учун қамоқдан чиқарилади. Озодликка чиққач, Родригес ногиронлар аравачасида баскетбол ўйнашга ва сузиш спорт турига қизиқиб қолади. Родригеснинг айтишича, у сузишни болалигида, уч ёшида ўрганган. Себастьян 2000 йилда Сиднейдаги Паралимпия ўйинларида сузувчи сифатида иштирок этиб, бирданига тўртта паралимпия рекордини ўрнатади ва нақ бешта олтин медални қўлга киритади.

Родригеснинг Паралимпия ўйинларида иштирок этиши ҳам кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлади, чунки у Испания расмийларига автоҳалокат натижасида имкониятим чекланган деб ёлғон гапирганди. Шундан сўнг уни ҳатто медаллардан маҳрум қилиш таклиф қилинади, лекин Халқаро паралимпия қўмитаси бошқача қарор қабул қилади. «Испания ҳукумати унга паспорт берди, чунки улар унинг жиноят содир этганидан ва қамоқда вақт ўтказганидан хавотир олмаган. Австралия ҳукумати эса унга виза берди. Уларнинг ҳам ундан хавотир олмагани шубҳасиз», – дея изоҳ берганди ўша пайтда қўмита вакили.

«Барча менга истаганича ҳукм чиқариши мумкин. Ўтмиш ортда қолди ва уни ўчириб бўлмайди», – деган Себастьян Афина Паралимпиадасида. Ўшанда у яна учта олтин медални қўлга киритади ва Испаниянинг илк саккиз карра Паралимпия чемпиони бўлади. 2015 йилда эса Испания ҳукумати уни расман афв этади.


Себастьян Родригес учун Токиодаги Паралимпия ўйинлари унчалик муваффақиятли ўтмади. 200 метрга сузишнинг финал баҳсларида у саккизинчи бўлди, 4×50 метрга аралаш эстафетасида эса бешинчи. Аммо Родригес бундан тушкунликка тушгани йўқ, Токиодаги ўйинларга келиш унинг орзуси бўлган. «Ёш – муаммо эмас. Худди энг яхши пайтларимдагидек сузяпман. Аммо янги авлод (спортчилар) мендан кучлироқ ва улар яхшироқ тайёрланмоқда, шунинг учун улар тезроқ сузяпти», – деганди Родригес бундан бир неча йил олдин.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг