Сунъий интеллектнинг инсоният устидан қозонган илк ғалабаси. Гроссмейстер Гарри Каспаровнинг суперкомпютерга қарши жанги ҳақида

Ҳозирда шахмат дастурларини енгиш учун инсонда ҳеч қандай имконият йўқ — фақатгина қийинлик даражасини ўзгартирган ҳолда ғолиб бўлиш мумкин.

25-30 йил олдин ҳаммаси бошқача эди, инсон машина билан тенгма-тенг кураш олиб борган ва ҳатто ижодий ёндашув, ғайритабиий йўллар туфайли ғалаба қозонган.

 


1994 йил 31 августда Гарри Каспаров Pentium Genius дастурига имкониятни бой берди. Бу сунъий интеллектнинг классик шахматда (вақт чегарасисиз) инсоният устидан қозонган илк ғалабаси бўлганди. Мағлубиятдан сўнг Каспаров уйида ушбу дастур билан ўн партиянинг еттитасида ғалаба қозонишини айтиб ўтди. Лекин бутун дунё яқин орада шахмат компьютерлари енгиб бўлмас ҳолатга келишини тушуниб етганди.

1997 йил эса бурилиш нуқтасига айланди — Гарри Каспаров яна мағлуб бўлди. Бу сафар Deep Blue компьютерига.

Каспаров компьютер уни енга олишига ишонмасди (аввалроқ шундай бўлган эди ҳам)
1997 йилда Каспаров дунёнинг энг яхши шахматчиси эди. У ҳали сиёсат билан шуғулланмаган, Профессионал шахмат ассоциацияси версиясига кўра дунёнинг энг яхши шахматчиси унвонига сазовор бўлган ва шахмат дастурларига қарши ўйинларда инсоният шарафини ҳимоя қиларди.

1989 йилда Гарри Deep Thought суперкомпьютерини осонгина мағлубиятга учратган ва машина ҳеч қачон инсонни мағлуб этолмаслигига ваъда берганди.

Агар компьютер шахматда зўрларнинг зўрини енга олса, ЭҲМ мусиқа яратиш, китоб ёзиш ҳолатида эканини англатади. Бунга ишонгим келмайди. Агарда 2800 рейтингга эга, яъни мен билан тенг компьютер яратилса, инсоният шарафини ҳимоя қилиш учун у билан шахмат ўйнашга тайёрман.

Гарри Каспаров

Каспаров билан биринчи ўйиндан олдин Deep Thought’нинг даражаси 2552 эди — бу жаҳон чемпиони рейтингидан анча паст. Сунъий интеллектга IBM компьютер гиганти ёрдамга келди. У Deep Thought билан ҳамкорликда ишлашини маълум қилди. Лойиҳа Карнеги-Меллон Университетида диссертация иши сифатида бошланди, вақт ўтиши билан чемпион билан тенгма-тенг кураш олиб борадиган илк машина тайёрланди. IBM Дуглас Адамснинг «Ҳичҳекернинг галактикага кўрсатмаси» (The Hitchhiker’s guide to the galaxy) романидан илҳомланиб, Deep Thought номини Deep Blue’га ўзгартирди. Сабаб оддий эди — норасмий Big Blue номини олган компания ўзини шахмат компьютери номи билан абадийлаштирмоқчи эди.

Лойиҳа яратувчилари дастурий таъминотни такомиллаштириш билан бирга машинанинг тезлигини доимий ошириб борди. Компьютернинг иши асосан рақиб юришидан сўнг қарор қабул қилиш учун вақт бор пайтида барча эҳтимолий ҳаракатларни ҳисоблаб чиқиш эди.

Кейинги юришни амалга ошириш учун машина миллионлаб вариантларни кўриб чиқади, бунинг учун эса жуда катта тезлик керак бўлади. Deep Thought бир сонияда 700 минг позициясини ҳисоблаб чиқарди, янгиланган Deep Blue 1997 йилда 200 миллион позицияни санашга қодир эди.

Машина устида нафақат дастурчилар, балки шахматчилар ҳам бош қотирди. Компьютер билан спаррингга чиққан илк гроссмейстер Жоэл Бенжамин эди, кейинчалик унга бошқа профессионаллар ҳам қўшилди.

Каспаров ва янгиланган Deep Blue ўртасидаги илк ўйин 1996 йилда бўлиб ўтди. IBM туфайли мусобақага 500 минг доллар ажратилди ва ғолибга унинг 400 минг доллари тегадиган бўлди. Партия Филаделфияда бўлиб ўтди, компьютернинг ўзи Нью-Йоркда жойлашганди. Унинг ўрнига онлайн сигнал орқали оператор юришни амалга оширар эди. Алоқа узилиши билан боғлиқ муаммо юзага келиши мумкинлигини ҳисобга олган IBM камроқ тезликка эга яна иккита машинани захирага олиб қўйди.

Биринчи партия Deep Blue’нинг сенсацион ғалабаси билан якунланди — тарихда биринчи марта компьютер вақт билан чегараланган классик шахматда жаҳон чемпионини ютди. Лекин Каспаров дарҳол вазиятни ўнглади ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Каспаров ўйиндан сўнг IBM’ни олқишлади, энди унга нисбатан фикри ўзгарганди:

Инсоният тарихида илк бор сунъий интеллектга яқин келдик. Хатоларни камайтириш ва инсон ички туйғулари билан ўйнайдиган даражага чиқиш имконияти пайдо бўлди. Мен тўғри ёки нотўғри юраётганимни интуитив равишда ҳис қилаётган пайтимда машина шунчаки миллиардлаб вариантларни кўриб чиқади. Эҳтимол, келажакда инсоннинг ички тафаккури билан таққосланадиган алгоритм яратилиши мумкин.

Гарри Каспаров

Компьютер яратувчилар Каспаровнинг фикрига қўшилди ва бир йилдан сўнг реванш ўйини ўтказишни таклиф қилди.

Реванш: машина ғалаба қозонди, лекин Гарри унга гроссмейстерлар ёрдам берди деб ҳисоблади
Каспаров ва Deep Blue ўртасидаги иккинчи ўйин 1997 йилнинг май ойида ўтказилди.

Ишлаб чиқарувчилар зудлик билан хатоларни тўғрилади, лойиҳага топ-гроссмейстер Мигел Илескасни жалб қилди. Каспаров антикомпьютер тактикасини танлаши кутилганди — ностандарт қарорлар ва кутилмаган юришлар.

Ўйин Нью-Йоркда жойлашган Equitable Building биносининг 35-қаватида ўтказилди. Бу сафар Каспаров ва Deep Blue’ни километрлар эмас, бир нечта девор ажратиб турганди — икки блокдан иборат компьютер алоҳида хонада жойлашган эди. Мукофот пули 1,1 миллион долларгача чиқди — энди 400 минг долларни бир йил олдингидек ғолиб эмас, мағлуб бўлган оларди.

IBM ўйиннинг тарғиботини ҳам ўз бўйнига олди: журналистларни таклиф қилди, трансляцияни ташкил қилди ва алоҳида томошабинлар залини ҳам тайёрлади.

Регламент сақлаб қолинди — 6 кунда 6 партия. Каспаров оқлар билан юришни бошлади ва ғалаба қозонди — компьютер инсоннинг ностандарт юришига тайёр эмасди. Партия сўнгида машина қўпол хатога йўл қўйди: партияни яна ўнлаб юришга кўпайтириш ўрнига фойдасиз позицияларни тезроқ танларди.

Иккинчи партияда Каспаров компьютер узоқни кўзлаб, юриш схемаларини ишлаб чиқаётганига амин бўлган ҳолда партияни тўхтатди ва машинани ғалаба билан табриклади. Лекин Гарри машинанинг имкониятларини юқори баҳолаб юборганди: у ҳисобга олган ҳужумни машина шунчаки кўрмаган эди, партияни осонгина дуранг билан якунлаш мумкин эди. Шу лаҳзада жаҳон чемпионида шубҳа уйғонади ва у IBM’ни компьютерга инсон ёрдам бераётганликда айблайди. Унинг фикрича, машина-гроссмейстернинг тандеми дунёнинг энг яхши шахматчисидан бир неча бор устун эди.

«Партияни кучли ўтказган машина қўрқмай юриш қилаётган бўлса, демак, у қоралар мунтазам шоҳ беришни амалга ошира олмаслигини кўрган. Шунинг учун текшириб кўрмадим. Бу ерда эса дуранг бор эди. Шу пайт менда шубҳа пайдо бўлди: бу компьютер хатоси эмас. Одамнинг элементар хатоси», — деди Каспаров.

Ундан сўнг учта дуранг қайд этилди — охирги партияга инсон ва компьютер бир хил: 2,5 очко билан етиб келди. Deep Blue оқ рангда ўйнайдиган бўлди, Каспаров эса таваккал қилди ва ўйинни қораларга хос бўлмаган услубда бошлади. 19-юришда Гарри мағлубиятга учради — бу унинг фаолиятидаги энг тезкор мағлубият эди.

Ўйиндан сўнг Каспаров ғазабга келди — яна бир бор компьютерга гроссмейстерлар ёрдам бераётганини таъкидлади. IBM чемпиондан баъзи юришларни очиқлаш бўйича талабнома ҳам олди.

«IBM’нинг шубҳали хатти-ҳаракатлари ўйиндаги кескинликни ошириб юборди, шундан сўнг мен мағлубиятни осонликча тан ололмасдим. Тўғрисини айтсам, мен ютқазишга ўрганмаганман. Мағлубиятни осон қабул қилган инсон ҳеч қачон ҳақиқий чемпион бўла олмайди, бу тамойил, албатта, менинг ҳолатимда адолатли эди. Лекин адолатли курашга ишонаман. Ўшанда мен ва ўйинни кузатиб турган бутун дунё IBM алдаяпти деган фикрда эдик», — деб ёзган Каспаров «Одам ва компьютер: Келажакка назар» китобида.

Яна бир версияга кўра, Гарри айнан ҳиссиётлари туфайли ғалаба қозона олмаган. Биринчи ўйиндаги баъзи хатоларидан сўнг у машинага юқори баҳо бериб юборган ва ундан қўрқишни бошлаган. Deep Blue яратувчиларидан бири Мюррей Кемпбел биринчи партиядаги хатоларни одатий камчилик деб тушунтиргани The New York Times журналисти Нейт Силвернинг «Сигнал ва овоз» китобида ёзилган.

Каспаров узоқни кўра билиш (кейинчалик инсон фактори) деб қабул қилган жиҳат шунчаки дастурнинг хатоси бўлиб чиқди. Қоидаларда белгиланган шартларга кўра ходимлар биринчи партиядан кейиноқ компьютердаги камчиликларни тўғрилади. Бироқ жаҳон чемпиони бундан бехабар эди ва кутилмаган юришларни сабрсизлик билан кутарди.

«Каспаров кутилмаган ўйин юқори интеллектнинг белгиси бўлади деб ҳисобларди. Гап оддий узилишда эканини тушунмаган. Машина ғалаба қозониш учун йўллар йўқлиги туфайли ортиқча ҳаракат қилмади. Компьютерга партиянинг қандай якунланиши қизиқ эмас, ғалаба қозониш учун вариант йўқми, у ортиқча уринмайди. Каспаров эса буни ҳисобга олмади», — деганди Кемпбел.

Гроссмейстер анча вақт мағлубиятни ҳазм қилолмай юрди. Турли хил тушунтиришлар пайдо бўлди: тайёргарликдаги камчиликлар, сиёсий фаолиятнинг бошланиши («Менинг шахматдаги йўлим» китобида Каспаров баҳорда генерал Александр Лебедга ёрдам бергани ҳақида ёзган). Албатта, IBM ҳақида ҳам фикр бўлди:

Мен чекланмаган ресурсга эга бўлган рақибга дуч келдим, у ҳар қандай вазиятда Каспаровни ютишни олдига мақсад қилиб олганди. Шунинг учун IBM бир вақтнинг ўзида ҳомий, ҳакам ва ташкилотчи эди. IBM катта жанг кетаётганини тушунишга имкон берди. Шунинг учун бутун ҳарбий муҳитни бошидан охиригача ўзи назорат қилди. Бинода турган ҳамма нарса IBM’ники эди. Машина ўйинида тушунарсиз вазиятларга чалғиб қолсанг, бу вазиятда одам диққатини жамлаши қийин бўлади. Шунинг учун яхши ўйин ўтказа олмадим.

Гарри Каспаров

Орадан йиллар ўтгач, Гарри муҳим ўзгаришнинг бир қисми сифатида иштирок этганини тан олиб, фикрини ўзгартирди. Ўйин натижасини тан олган Каспаров келажакда инсон ва машина қарама-қаршилиги эмас, уларнинг ҳамкорлигини кўрди.

Deep Blue кейин шахмат ўйнамади. Каспаровга қарши ўйин учун унга атаб песа ёзилган
Каспаров ва Deep Blue қарама-қаршилиги шахматга бўлган қизиқишни ошириб юборди — ўйинни бутун дунё кузатди.

Оғриқли мағлубиятдан сўнг гроссмейстер IBM’га реванш жанги ўтказишни таклиф қилди ва ўртага чемпионлик совринини қўйди. Компания эса рад жавобини берди. Жаҳон чемпиони устидан қозонилган ғалабадан сўнг IBM’нинг акциялари сезиларли даражада ўсди. Янги муваффақият энди аввалгисидек таъсир кўрсатмаслиги мумкин, лекин мағлубият компанияга путур етказарди.

Ўйиндан сўнг Deep Blue ҳеч қандай расмий учрашувларда қатнашмади, хоҳ инсонлар билан бўлсин, хоҳ бошқа машиналар билан. Ҳозирда компьютернинг битта блоги Калифорниядаги компьютерлар тарихи музейида сақланади, иккинчиси эса Вашингтондаги Америка тарихи миллий музейида жойлашган. Қолган жиҳозлар IBM тадқиқот марказида қолган.

Каспаров бошқа компьютерларга ҳам қарши ўйнаган: 2003 йил январда Deep Junior’га қарши дуранг, ноябрь ойида эса 3Д технологияларидан фойдаланган ҳолда Fritz дастурига қарши ўйинда ҳам дуранг натижа қайд этган. Ундан сўнг Гарри машиналар билан шахмат ўйнамаган, бир неча йилдан сўнг эса фаолиятини якунлаган.

Ундан кейин шахматчилар бир неча йил давомида дастурларга қарши ўйинлар ўтказган, лекин ғалаба учун кичик имкониятга ҳам эга бўлмаган. Охирги ўйин 2006 йилда жаҳон чемпиони Владимир Крамникнинг Deep Fritz дастурига 2:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланган.

Инсон ва машина ўртасидаги жангга қизиқиш йўқолди, чунки компьютерга қарши ўйинда ғалаба қозониш учун имконият йўқ эди. Ҳозирда гроссмейстерларнинг тайёргарлик вақтини компьютерсиз тасаввур қилиш қийин, лекин у билан натижа учун курашиш бефойда: амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсеннинг рейтинги 2882 ни ташкил қилса, энг кучли шахмат дастуриники эса 3534. Таққослаш учун Карлсен ва 100-рақамдаги шахматчи орасидаги фарқ — бор-йўғи 213 очко.

2003 йилда «Game Over: Kasparov and Machine» номли ҳужжатли фильм ишланди. Жаҳон чемпионининг компьютерга мағлуб бўлиши поп-маданиятнинг ҳам диққатини тортди: 2013 йилда Нью-Йоркда ўйинга аталган «Машина» номли театр песаси тақдим этилди. Ўша йилнинг ўзида Disney песанинг экранизация ҳуқуқини харид қилди.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг