Машъал» бош мураббийи Александр Хомяковга мушт кўтарган «Металлург» жамоаси бошлиғи Шавкат Саидов бир йилга футболдан четлатилди (+видео)

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Coca-Cola Суперлига 16-тури доирасидаги «Металлург» – «Машъал» учрашуви якунидан сўнг «Металлург» жамоаси расмий вакили Шавкат Саидов ўзини нопрофессионал тутган ҳолда, агрессивлик билан «Машъал» бош мураббийи Александр Хомяковнинг кўкрак қисмига мушт билан зарба берди.

Мазкур хунук ҳолат кенг жамоатчиликнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Ушбу хатти-ҳаракати учун Шавкат Саидовга 1 (бир) йил муддатга ҳар қандай футбол фаолияти билан шуғулланишдан четлаштириш интизом чораси қўлланилди. Шунингдек, клубдан ушбу расмий шахсга 2021 йилги мавсум учун ЎзПФЛ томонидан тақдим қилинган лицензияни 3 кун муддат ичида топшириш талаб этилади.

Мазкур қарор эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Шунингдек, Coca-Cola Суперлига 16-тури доирасидаги «Металлург» – «Машъал» учрашуви якунидан сўнг «Металлург» футбол клуби аъзолари стадионда оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариб, ҳакамлар шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатишди. «Металлург» футбол клуби учрашувда тартиб-интизомни таъминламагани, майдон ва унинг атрофида вужудга келган тартибсизликларнинг олди олинмагани учун жазоланади ва клубга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилади.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг