Роналду, рекордлар ва 36 ёш

Криштиану Роналдунинг «МЮ»га қайтиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлгани аниқ. Аммо бу трансфердан асло ҳайрон қолганим йўқ.

Аллақачон тадқиқотчилар Роналду сўнгги йиллардаги жисмоний ҳолатини сақланиб тура оладиган бўлса, 40-41 ёшгача юқори даражада футбол ўйнай олиши мумкинлигини исботлаб бўлган. Шундай экан,“Ман Юнайтед”нинг 36 ёшли футболчини ортга қайтарганидан ҳайрон қолмасак бўлади.

Айрим экспертлар Роналдунинг Манчестер клубига қайтиши Оле Гуннар Сулшернинг бир неча йиллик меҳнатларини чиппакка чиқариши мумкинлиги ҳақида ёзди-гапирди ва бу давом этмоқда. Бироқ бундай бўлмаслиги йўлида Сулшер қаттиқ ҳаракат қилиши кундек равшан. Сабаби Оле ўз вақтида Роналду билан бирга ўйнаган ва унинг қандай футболчи эканлигини яхши билади. Сўнгги йилларда мураббий сифатида яхшигина ўсишга эриша олган Сулшер Роналдудан максимал фойдалана олиш калитини топа олади деб ўйлайман.

Роналду кечагина Португалия миллий терма жамоаси сафида Ирландияга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларида бир эмас, иккита гол урди ва жамоасига ғалаба келтирди. Криш бу орқали миллий терма жамоа сафида гол уриш бўйича жаҳон рекордини янгилади. Энди Роналду 111 та гол билан бу борада пешқадам. Футболчилар одатда “шахсий рекордлар мен учун эмас, менга жамоанинг муваффақияти муҳим” деган гапларни жуда кўп ишлатади. Аммо Роналду учун бундай эмас. У ҳар бир рекордни янгилашни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат, меҳнат қилади. Айнан унинг бу машаққатлари ўзи ва жамоаси учун ҳам бирдек фойда келтиради. Ўзи рекордни уради, жамоа эса совринларни. Менимча, футболчи учун бундан-да яхшироқ мотивация бўлмаса керак.

Португалиялик аллақачон 36 ёшда. Бироқ бу ҳозирча ҳеч нарсани англатмайди. Унинг ҳозирги ҳаракатлари ёш футболчилар учун тайёр қўлланма: Ронни 36 ёшда ҳам сўнгги дақиқаларгача ўйинда бўлиш ва умуман чалғимаслик кераклигини исботлаяпти. Бунга кеча Ирландияга қарши баҳсни кўрганлар яна бир бор амин бўлгани аниқ.

Хуллас, Роналду ва Мессининг Европа клубларида қолганидан хурсанд бўлишда давом этиш ва уларнинг голларини, рекордларини санашда давом этамиз.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг