“Челси”дан “Бунёдкор”га ўтиб, Ўзбекистон чемпионатини ютган бразилиялик мураббий ҳозир қаерда? (+ВИДЕО)

Ўтмишда мухлисларнинг диққат марказида бўлган, аммо сўнгги пайтларда катта саҳнадан бироз чекинган футбол кишилари ҳақида маълумот берувчи рукнимиз давом этади.

2008 йилда Миржалол Қосимов терма жамоага ўтиб кетганидан кейин “Бунёдкор” мураббийи сифатида Бразилия футболи афсонаси Зико таништирилди. 

 

Миржалол Қўшоқович бунга қадар жамоани Осиё Чемпионлар Лигаси  ярим финалига олиб чиққанди. Финал остонасида “Аделаида Юнайтед” (Австралия) тўсиғидан ўтолмаган Зико эса мавсум якунида Москванинг ЦСКА клубига ўтиб кетди.

“Қалдирғочлар” рулида Амет Мемет ҳамда Ҳикмат Эргашевнинг қисқа муддатлик фаолиятидан кейин бошқа бир бразилиялик — Луис Фелипе Сколари олиб келинди. 2002 йилги мундиал ғолиби, 2004 йилги Европа чемпионати финалчисининг Тошкентда ишлаши “Бунёдкор” учун йилига 13 млн еврога тушган. Сколари ўша пайтда жаҳоннинг энг кўп маош олувчи мураббийи ҳисобланарди.

Бразилиялик мураббийнинг “Бунёдкор”дан олдинги клуби Лондоннинг “Челси”си бўлганди.

Тошкентдаги 1 йиллик фаолиятидан кейин ўз ватанига қайтган Сколари 2012 йилда Бразилия терма жамоаси бошқарувига олиб келинди. Унинг олдига 2014 йилги жаҳон чемпионатида зафар қучиш вазифаси қўйилганди. Аммо унинг терма жамоадаги фаолияти мамлакат футболи тарихидаги энг йирик шармандалик билан якунига етди.

Сколари айни пайтда Бразилия чемпионатида фаолият юритмоқда. У “Гремио” клуби бош мураббийи ҳисобланади.

Маълумот учун, Луис Фелипе Сколари ўз вақтида Қувайт, Япония ва Хитой чемпионатларида ҳам фаолият юритган. Қуйида эса унинг бошчилигидаги “Бунёдкор” ҳамда Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ўртасидаги баҳсни томоша қилишингиз мумкин (16.05.2010).

НАВБАҲОР – БУНЁДКОР – 1:2 (0:0)
16.05.2010. 9-тур. Наманган. “Марказий” стадион. 28979 томошабин.
Бош ҳакам:
 Эрматов Равшан – 9,6
Голлар: 0:1 – Исмоилов Анзур, 59. 0:2 – Кападзе Тимур, 71. 1:2 – Шарофетдинов Дилшод пенальти, 90+3.
НАВБАҲОР: Павленко Микола; Половков Александр; Бердимуродов Раҳматулло; Мамадалиев Суннатилла; Целих Юрий (Кривий Максим, 81); Маҳмудов Алишер (Нагаев Иван, 67); Валижонов Отабек; Холмуродов Акмал; Храмцов Алексей; Жўраев Ғайрат (Султонов Тимур, 60); Шарофетдинов Дилшод
БУНЁДКОР: Нестеров Игнатий; Ристич Стевица (Кападзе Тимур, 71); Ғофуров Анвар; Ҳайдаров Азиз; Эдсон Рамос; Денилсон (Солиев Анвар, 89); Ҳасанов Жасур; Жўраев Саҳоб (Мельзиддинов Руслан, 46); Исмоилов Анзур; Жоао Виктор; Жепаров Сервер
Огоҳлантиришлар: Мамадалиев Суннатилла, 38; Исмоилов Анзур, 44; Денилсон, 47; Мельзиддинов Руслан, 72; Ҳасанов Жасур, 76.

 

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг