Банкирлар, шайхлар, кинопродюсерлар ва миллиардерлар ворислари – ЛаЛига клубларига кимлар эгалик қилишади?

ЕВРОПАНИНГ КУЧЛИ 5та ЛИГАСИДА ЎЙНАЙДИГАН 98та КЛУБ СОҲИБИГА НАЗАР. Инвестицион банкирлар, шайхлар, кинопродюсерлар ва миллиардерлар ворислари – замонавий футболнинг энг сара клублари шундай одамларга тегишли. Газетамизнинг аввалги сешанба сонида Англия Премьер-лигаси клублари хўжайинларига дахлдор баъзи маълумотларни тақдим этган эдик. Навбат Испания Примероси иштирокчилари тепасида турган шахсларга келди. Айтиш жоиз, Ла Лигада ҳам «пули аллақачон бошидан ошиб кетган» миллиардерлар кўп, фақат улардан кўпчилигининг моддий ҳолати бўйича аниқ маълумот йўқ. Шундай бўлсада, Испания жамоаларини назорат қилаётган, молиялаштираётган инсонларнинг нима билан шуғулланишларию, қаердан эканликлари ҳаммани қизиқтирса керак, барибир.

Аввало, Испания футболининг мавзуга доир асосий фактини алоҳида таъкидлаш керак: мамлакатда катта клублар ҳали-ҳамон мухлислар гуруҳига тегишли. Тўғри, нисбатан «кичик» клубларнинг муносиб сармоядор қидира бошлаганига анча бўлди. Хуллас, Ла Лигада иштирок этадиган камида 6та клуб катта сармоядор таъсирисиз фаолият юритмоқда. Уларнинг назорат акциялари 10 минглаб аъзо мухлисларни ўз ичига олган сосьос гуруҳи тасарруфида. Сосьос – бу аъзолик чиптасига эга мухлисларнинг расмий уюшмаси. Жумладан, Ла Лиганинг икки рамзи – «Реал» ва «Барселона» ҳам айнан фанатлар клубига қарайди. Мулкчиликнинг бундай шакли анъаналарга ҳурмат белгисидир. Чунончи, Испанияда XX асрнинг илк йиллари сосьосдан тушган аъзолик бадали маблағи клублар бюджетининг катта қисмини ташкил этарди. Фақат 1992 йилга келиб, клубларни акционерлик жамияти сифатида қайта рўйхатга олиш жараёни бошланди. Гап шундаки, олдинги мулкчилик шаклида клубларнинг фаолиятида мавҳумлик барқ ураётганди. Дейлик, уларнинг харажатини назорат остига олиш имконияти қолмади, боз устига, йилдан йилга қарз миқдори ошиб борди. Бундай ҳолатда ҳақдорлар кимга мурожаат қилишни билишмасди. Истисно тариқасида фақат 4та жамоага аввалги шаклни сақлаб қолишга рухсат берилди. Булар – «Реал Мадрид», «Барселона», «Атлетик Бильбао» ва «Осасуна». Сабаби оддий – айнан шу жамоалар 1985/1986 йиллар мавсумидан эътиборан қаторасига 5 йил давомида зарар кўрган эмасди. Шунинг ортидан 4та клуб ҳалигача сосьосга тегишли нотижорат уюшма сифатида фаолият юритмоқда.

Тўғри, мажбурий тарзда акцио­нерлик жамиятига айланган яна бир қатор клублар ҳам эски бош­қарув тамойилларини сақлаб қолди. Бунда 10 минглаб мухлисларга клуб акционери мақомини берилди. Жумладан, «Реал Сосьедад» ва «Леванте» жамоалари худди шу йўлдан борди. Бироқ эндиликда ҳаттоки, гигантларни ҳам шахсий сармоя ёрдамисиз бошқариш қийин бўлиб қолди. Оддий мисол, «Реал»­нинг умумий қарзи 900 миллион евродан ошган бўлса, «Барселона»ники янада кўпроқ – 1,2 миллиард евро! «Мадрид» президенти Флорентино Переснинг Суперлига ғояси муваффақиятсизликка учрагани туфайли шунчалик талвасага тушгани сабаби ҳам шу аслида.

Англия Премьер-лигасидан фарқли ўлароқ, Ла Лига клубларининг хорижлик соҳиблари орасида араб шайхлари, америкалик инвестицион банкирлар ёки рус олигархлари йўқ. Аммо Испанияда Жанубий-Шарқий Осиё вакилларини кўриш мумкин: «Гранада» ва «Эспаньол»нинг энг йирик сармоядорлари Хитойдан, «Валенсия»ни эса 7 йилдан буён пальма ёғи ишлаб чиқарувчи компаниясини сотиш эвазига миллиардер бўлган асли сингапурлик Питер Лим бош­қармоқда. Жорий мавсум америкалик хўжайин ҳам Ла Лига майдонида кўзга ташланади. Гап аризоналик тадбиркор ва МБА клуби – «Феникс Санс» эгаси Роберт Сарвер ҳақида кетмоқда. «Мальорка» айнан шу сармоядор пуллари ёрдами билан элит лигага қайтди.

ЖАДВАЛ!!!

* «Атлетико»нинг энг йирик сармоядори (51 фоиз акция эгаси) – бу клубни отаси Хесус Хиль (33 фоиз акция)дан мерос сифатида олган президент Мигель Анхель Хиль. Идан Офер эса охирги йиллардаги таъминоти ўлароқ, «Атлетико»даги улуши ва таъсирини тобора ошириб бормоқда.

* Клубларнинг акционерлари – мухлислар, яъни сосьос гуруҳи. Жадвалда эса клуб стратегияси ва тараққиётини белгилайдиган сайланган президент­лар кўрсатилган.

 

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг