Роналдо, Бест ва бошқалар! Машғулотларга бепарво юлдузлар билан танишинг!

SPORTS.uz футбол билан мунтазам шуғулланиш учун профессионал бўлиш шарт эмас, деб ҳисоблайдиган юлдузлар билан таништириб ўтади.

Кўплаб мухлислар кучли чемпионатларда тўп сурувчи футболчиларнинг жисмоний ҳолатини ҳар куни 90 дақиқа тўп суришга етади, деб ҳисоблайди. Aслида эса, ундай эмас. Уларнинг айримлари ҳафтада икки ўйин ўтказиш учун машғулотлардан тўлиқ воз кечишга мажбур. Бугун, эътиборингизга турли сабаблар кўра жамоадошлари билан йиғин ва машғулотларда иштирок этишдан бош тортган таниқли номларни ҳавола қиламиз.

Ледли Кинг

Тьерри Aнри томонидан барча замонлардаги энг кучли ҳимоячи, деб таъриф берилган Кинг ўз даврининг энг зўрларидан бири эди.

Aчинарлиси шундаки, уни тиззасидан олган жароҳати жуда узоқ қийнади. Шундай кунлар бўладики, Ледли кўчада болалар билан футбол ўйнай олмай қолади. Оғриқ кучайиб кетмаслиги учун уни Харри Реднапп тўлиқлигича юкламалардан озод қилади. Шунга қарамай, “Тоттенхэм” унинг ёрдамига муҳтож эди. Ледли ҳар ҳафтада бир бор 90 дақиқа юқори даражада тўп суриш эвазига машғулотларни йиғиштириб ташлади.

“Шпорлар” устози 2011 йилда берган интервьюсида ҳимоячининг матонатини алоҳида эътироф этиб ўтади: “Бу ақлсизлик! Бир ҳафтада бирорта юклама олмай, дам олиш куни келиб супер учрашув ўтказишни Кинг қандай уддаламоқда?!”

Жонатан Вудгейт

Фаолияти давомида “Тоттенхэм” ва “Реал” сингари гранд клублар шарафини ҳимоя қилган футболчи ҳам машғулотларда камнамо бўлишга мажбур бўлган. 19 ёшида “Лидс”да порлаган йигит “Ньюкасл”га ўтгач, жароҳатлар сериясини бошлаб олди.

“Шпорлар” билан фантастик мавсумлар ўтказганига қарамай, Вудгейт ҳеч қачон Фабио Капелло бошқарувидаги терма жамоада тўп сура олмаслигини тан олган. 2010 йилдаги мундиал ҳам Жонатансиз ўтгани бежизга эмас.

“Мен таслим бўлганим йўқ. Жароҳатларим сабабли бир ойда атиги 2 бор юкламалар олганман, холос. Ҳафтасига икки бор базага ташриф буюрганим учун ҳам Капеллонинг чорловидан умид қилмаслигим кераклигини яхши билганман”.

Роналдо

Дунёнинг барча замонлардаги энг кучли ҳужумчиси бўлишига қарамай, бразилияликни меҳнаткашлар қаторига қўшиб бўлмайди.

Жижи Симон бошқарувидаги “Интер”да Роналдо қай даражада тўп сурганини ёдингизда бўлса, ажаб эмас. Мураббий феноменга ўзгача муносабат билдирганини яшириб ўтирмайди.

“Мен ҳеч қачон Роналдодан майдонда тер тўкишини талаб қилмаганман. Ҳаммага бирдек муносабат билдириш футболда ёмон оқибатларга олиб келади. Aйниқса, шогирдингиз туғма иқтидор эгаси бўлса. Унинг имкониятларидан тўғри фойдаланиш мақсадида тўп учун курашдан озод қилган эдим”.
2006 йилда Фабио Капелло “Реал” Мадрид жамоаси бошқарувини қабул қилганида, “сўйлоқ”нинг вазни 90 кг дан ошиб кетган эди. Мутахассис уни ўз устида ишлашга ундаган бўлсада, ҳужумчида ҳеч қандай прогресс кузатилгани йўқ.

“Мен ҳеч қачон Роналдони машғулотларда меҳнат қилганини кўрмаганман. Шунга қарамай, у майдонда ҳужумчи амалга ошириши шарт бўлган ишларни доим уддалаган. Aслида, уни борича қадрлаш кераклигини кечроқ тушунганман”.

Ромарио

Ватандоши сингари Ромарио ҳам футбол ўйнашни билмайдиганлар машқ қилиши керак, деб ҳисоблар, ўз хоҳишларини жамоавий йиғинлардан устун қўяр эди. 1994 йилда бразилиялик Кройфни ўзини ватанидаги карнавалга қўйиб юборишга кўндиради.

“Бир куни Ромарио мендан Риода бўлиб ўтаётган байрамга кетмоқчи эканлигини айтди. Унга “агар эртага иккита гол киритсанг, яна икки кун қўшиб бераман дедим”. У кулиб қўйди. Эртаси куни ўйиннинг 20-дақақасида-ёқ у иккинчи голини урди ва мен томонга қараб қўли билан захирага олишлари кераклигини кўрсатди. Кейинроқ билсам, унинг самолёти бир соатдан сўнг учиб кетиши керак экан”.

Дарҳақиқат, ЖЧ ғолиби ҳеч қачон юкламалар олмаган. Доимо ҳаётнинг ёрқин томонида бўлишга интилган. Эътиборлиси шундаки, бу омиллар унга майдонга ҳеч қачон панд бериб қўймаган.

Жорж Бест

Бестнинг фуболга бўлган муносабатини биргина воқеа билан тушунтириб бериш мумкин. 1972 йилда қаҳрамонимиз бир ҳафта давомида “Манчестер Юнайтед” базасида кўринмай қолади. Кейинроқ маълум бўлишича, футболчи 7 кунни ўша даврдаги Мисс Буюк Британия билан ўтказган экан.

Футболчининг фаолиятига бағишлаб очилган georgebest.com сайтида ёзилишича, унинг аёллар ва алкоголга бўлган муҳаббати карьерасига кескин таъсир кўрсатди. Унинг ташқи кўриниши ва репутацияси кундан-кунга ёмонлашиб борган.

“Олд Траффорд” эгалари эса, ҳеч қачон Бестни ўзини йиғиштириб олиши кераклигини айтмаган. Ҳар учрашувда 3-4 гол уриб турган йигитга қандай эътироз билдириш мумкин?

Роналдиньо

ПСЖда “Рони” билан жамоадош бўлган Жером Леруанинг айтишича, бразилиялик Парижда ҳеч қачон машғулотларда иштирок этмаган. У шунчаки, шанба ва якшанба кунлари тўп тепиш учун ўйинларга ташриф буюрар, майдонда “мўжиза” яратиб, яна тунги ҳаёт оғушига равона бўлар эди.
У билан “Барселона”да бирга тўп сурган футболчиларнинг айтишича, Роналдиньо бу одатини Каталонияда ҳам тарк қилмаган.

Карлос Кейзер

Бу тарих ўзгача. Карлосни ҳеч қачон футбол ўйнамаган энг буюк футболчи, деб аташади. Бу бежизга эмас.

Бутун фаолияти давомида 10 клуб билан шартнома имзолашга муваффақ бўлган “уддабурон қаллоб” ҳеч қачон профессионал футбол билан шуғулланмаган. У шунчаки, ўзининг голлари (Aслида видеороликда Карлос Энрикенинг голлари акс этган. Ташқи кўриниши ўхшаш бўлгани учун ҳеч ким уларни фарқлай олмаган) жам бўлган видео касетани агенти орқали клубларга тақдим этган. 80 йилларда интернет ва алоқа яхши бўлмагани боис, “Ботофого”, “Васко Да Гама”, “Флуминенсе” сингари гранд клублар чув тушиб қолаверган.

“Мен доимо футболчилар даврасида бўлишни истаганман. Тўғри, бундан даромад олганим рост, аммо мақсадим ҳеч қачон пул бўлмаган”.

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг