Рўзиқул Бердиев “Насаф”дан кетишига шаъма қилди!

Суперлиганинг 16-туридан ўрин олган “Насаф” – “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан кейин мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдирди.

Ўйин ҳақида

Ўйлашимча ёмон ўйнамадик, аммо омадимиз келмадик. Баъзи вазиятларда Ўткир Юсупов яхши ҳаракат қилди ва қарши ҳужумдан кейин гол ўтказиб юбордик. Йигитларга эътирозим йўқ, аммо натижа ёмон бўлди. Бугунги ўйин ҳақида бошқа фикр йўқ. “Навбаҳор” кўп вазият яратмади, лекин узоқдан тепилган тўп дарвозага кириб кетди.

– Легионерларни асосий таркибда туширсангиз бўлмасмиди?

– Иккинчи таймда легионерларни майдонга тушириб ўйинни кучайтиришни режа қилгандик. Бугунги режамиз тўғри кетаётганди, аммо омадимиз келмади деб ўйлайман.

Қизил карточка берилган ҳолатда Умид Эргашев тўпга чиқиб келиши керак эмасмиди?

– Четлатиш бўлган вазиятни такроран кўрмадим, ўйлашимча Ойбек тўпга биринчи улгураётганди. Балки қизилга тортадиган вазият бўлмагандир, аммо қайтараман ўша вазият видеосини кўриб чиқишим керак.

– Раҳбарият билан қандайдир келишмовчилик юзага келгани ҳақида хабарлар чиқди. Жамоа ва клуб алоҳида республикага айланиб қолган деб ҳам эшитдик. Бу ҳам жамоа натижаларига таъсир қилаяптими?

– Тўғрисини айтаман, вазият биз кутгандек эмас. Кўп муаммолар ечилмаяпти. Бугунги мағлубиятни ўз бўйнимга олиб, эртага уларнинг олдига кирмоқчиман. Ўз тақдирим ҳақида гаплашмоқчиман, балки яқин кунларда янгилик эшитарсизлар. Натижа қилиш учун фақат мураббий ёки футболчилар жавобгар бўлмаслиги керак, ҳамма бирлашиши керак. Раҳбарият билан очиқчасига гаплашмоқчиман.

– Демак, муаммолар футболчиларнинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир қилган…

– Албатта, ҳар сафар футболчиларга “ука ўйнанглар” деб руҳлантириш доим самара беравермайди. Жамоа олдида учта фронта курашни давом эттирмоқда.

– Муаммо айнан нимада?

– Ташкилотчилик масаласи. Ойлик ҳам, мукофот пуллари ҳам. Йигитларни рағбатлантириш керак, мотивация бериш керак. Бу гапларим мағлубиятга баҳона эмас. Агар ташкилий томонлама эътиборсизлик бўлаверса, балки ўзим ҳам якуний қарорни қабул қилишим мумкин.

Муаммо анча олдин раҳбариятга маълум қилинган. Жамоага эътибор керак, раҳбарият жамоани қўллаб қувватлаши керак. Шунга эътибор қаратишларини сўрайман, агар бундай бўлмаса бошқа янгиликлар бўлиши мумкин.

Манба : championat.asia

Дўстларингизга билан баҳам кўринг