“Бошида бу спорт тури ёқмаган” – Олимпиада рекордини ўрнатган ўзбек қизи ҳақида сиз билган ва билмаган ҳақиқатлар

Сиз-у, бизга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этган Токио Олимпиадаси ҳам тарихга айланди. Кун чиқар юртда вакилларимизнинг учта олтин ва иккита бронза медалига сазовор бўлишидан ташқари яна бошқа спортчиларимиз ҳам совриндорлар қаторидан жой олишга жуда яқин келгандилар. Лекин ушбу Олимпиадада ўзига яраша аламли мағлубиятларни ҳам кўрдик.

Бизнинг бугунги мақоламиз қаҳрамони оғир атлетикачи қизимиз – Муаттар Набиева. Ҳа, у Олимпиадани медалсиз тарк этди. Бироқ Набиева Олимпиада рекордини ўрнатгани билан фахрлана олади. У даст кўтаришда 98 кгни бўйсундирди. Аввалги рекорд 97 кгни ташкил қилганди. Муаттар силтаб кўтаришда 114 кгни забт этди. Шу тариқа, 212 кг натижа билан Олимпиада ўйинларида 4-ўринни эгаллади. Ҳолбуки, медаллар учун жуда яқин келганди. Шунга қарамай, ўзбек қизи рекорд натижа қайд этиб, Олимпиада тарихидан жой олди. Бу ҳам ўзига яраша катта ютуқ, аслида.

Муаттар Набиева ҳақида яқиндан таништирадиган бўлсак, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади.

Муаттар Абдуллажон қизи Набиева 1996 йил 2 июнь куни Андижон вилояти, Балиқчи туманида туғилган. Биринчи мураббийи Хомитқул Мадазимов. 2014 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.

муаттар7

У халқаро майдондаги илк муваффақиятига 2016 йил эришди. Тбилисида ўтган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида ҳамюртимиз бронза медалига сазовор бўлди. 2017 йил “Ислом бирдамлиги ўйинлари”да бронза, Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида кумуш медаль соҳибасига айланди.

2018 йил Осиё чемпионатини бронза медали билан якунлади. 2019 йил катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида даст кўтариш машқи бўйича бронза медалини қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, Набиева шу тариқа катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган илк оғир атлетикачи қизимизга айланди.

Ҳамюртимиз жорий йил Тошкентда ўтган Осиё чемпионатини учинчи ўринда якунлади. Халқаро оғир атлетика федерацияси эълон қилган рейтинг бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олди.

Кўриб турганингиздек, ёш бўлишига қарамасдан катта йўлни босиб ўтишга улгурди ва ҳисобига бир қанча ғалабаларни ҳам ёздириб қўйди. Лекин бу бошланиши ва унинг учун ҳали барчаси олдинда.

Айни чоғда Муаттар Набиеванинг ўз уйида эканлигидан хабар топгач, куни кеча хонадонига бордик. Рекордчи қизимиз биз билан мулоқот давомида спортга кириб келиши, Токиодаги иштироки ва яна бошқа мавзуларда гапирди.

Спортга кириб келиши

– 42-умумтаълим мактабида ўқиганман. Кейин касб-ҳунар коллежида таҳсил олганман, – дея гап бошлади, Муаттар. – Спортга ёшлигимдан қизиққанман. Чунки дадам ҳам илгари спортчи бўлган. Мен ҳам спортнинг бир қанча турларига қатнашганман, масалан, волейбол, ўзбек жанг санъати, кураш…Иккинчи курслигимдан эса оғир атлетикага қатнай бошлаганман. Аммо бошида бу спорт тури ўзимга ёқмаган. Кўпчилик қиз болага бу спорт тури тўрғи келмайди дейишган.

муаттар

Ёшлигида ким бўлишни орзу қилган?

– Ёшлигимда ким бўлишни орзу қилардим? Ҳарбий бўлишни ва ватанимга хизмат қилишни орзу қилардим. Инсон катта бўлгани сари орзулари ҳам ўзгариб бораверар экан. Бир марта оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақасида қатнашиб иккинчи ўринни қўлга киритганимдан кейин бу спорт турига қизиқишим янада ортди. Лекин қўл жанги бўйича ҳам Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганман. Аммо шундан кейин бошқа бу спорт билан шуғулланмаганман. Оғир атлетика бўйича биринчи мураббийим Ҳомитқул ака Мадазимов. У киши мени оғир атлетикага янада қизиқтирган. Президентимиз томонидан айниқса, охирги 5-6 йилда бизга жуда катта шароитлар яратиб бериляпти. Кўплаб хориж мамлакатларига борамиз ва у ердаги спортчилар билан гаплашамиз. У ердаги ва ўзимиздга яратилган шароитлар билан солиштираман. Барибир уларга нисбатан Ўзбекистондаги шароит ва имкониятлар устун. Айниқса, хотин-қизларга бўлган эътибор кучли бўляпти.

Рекорди ҳақида

– Токиодаги Олимпиадага жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Мусобақада кўтаринки руҳда қатнашдим. Даст кўтаришда рекорд ўрнатганимни аввалига ўзим билганим йўқ. 2017 йилда вазн тоифалари ва категориялар ўзгарганидан кейин рекордлар янгиланди. 98 килограмни рекорд деб ўйламагандим. Мусобақа тугаганидан кейин мураббийларим сен рекорд қўйдинг, дейишди.

муаттар2

Медалсиз қолгани…

– Ота-онамни, халқимизни қўллаб-қувватлаб турганини ҳис қилдим. Қозоғистонлик рақибамга бир килограмга ютқазганим менга оғир зарба бўлди. Агар 3-4 килограмм билан ютқазсам бунчалик алам қилмасди. Барибир бу омад. Кейинги мусобақаларда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан. Муҳтарам Президентимиз Олимпиадада қатнашган ҳар бир спортчига 5000 доллардан пул мукофотини берди. Юртбошимизнинг биз спортчиларга қаратаётган эътиборидан ўзимиз учун катта мотивация оламиз.   

Олимпиадага кўрилган тайёргарлик

– Шунча давлатга бориб Ўзбекистонга етадиганини кўрмадим. Японияда карантин бўлгани сабабли кўп жойларга чиқа олмадик. Мусобақада иштирок этгач, 48 соат ичида у ердан чиқиб кетиш керак. Шу боис мусобақада қатнашганимиздан кейин эртасига қайтдик. Аслида бу олимпиада 2020 йили ўтказилиши керак эди. Аммо пандемия туфайли бир йил кейинги сурилганди. Ўша пайтда биз алоҳида дастур асосида уйда шуғулландик. Бу борада раҳбарият томонидан бизга шуғулланишимиз учун керакли жиҳозлар етказиб берилди. Ҳар куни онлайн орқали машғулотларимизни кузатиб боришди. Тўғриси, карантин сабабли ҳамма уйига қайтариб юборилган маҳалда бироз руҳиятимиз тушиб қолганди. Аммо эътибор оширилгач, шуғулланишимиз учун керакли шароитлар яратилганидан кейин яна иштиёқимиз ошди.

муаттар3

Ёшларни ўзига яраша қизиқишлари мавжуд. Юртни спортдан ташқари илм орқали ҳам дунёга танитиш мумкин. Бугунги ёшларимизга омад тилайман. Улар вақтларини бекор ўтказмасдан спортга, илмга бағишлашларини истардим. Фурсатдан фойдаланиб, мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами билан халқимизни табриклайман. Паралимпия мусобақасига кетган спортчиларимизга ҳам омад тилайман, – деди Набиева.

Ҳали ёш бўлишига қарамасдан ўз олдига қўйган мақсади сари қўрқмасдан олдинга интилиши ва юқори иштиёқи туфайли барчанинг эътиборини қозонди, дейиш мумкин. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳали унинг учун барчаси олдинда. Шунингдек, унинг спортчи бўлишига асосий сабабчи бўлган дадаси – Абдулла аканинг ҳам фикрлари билан қизиқдик.

“Беш нафар фарзандим бор, бир ўғил ва тўрт қиз. Муаттар кенжа фарзандим. Ўзим спорт билан шуғулланганман. Муаттар аввалига ярим ойча ўзбек жанг санъати билан шуғулланган. Ўшанда дастлаб туман, кейин вилоят, ундан сўнг, Республика биринчилигида қатнашадиган бўлди. Тошкентда мусобақа бор экан, ўша ерга борамиз деб қолди. Эртаси куни жўнатиб юбордим. Бир кундан кейин дада чемпион бўлдим, деб телефон қилганида йиғлаб юбордим. Ундан кейин яна бир ойдан кўпроқ вақт давомида шуғулланиб юрди. Аммо сўнгра мураббийи келмай қўйди. Кейин оғир атлетикада ўзини синаб кўришни бошлади. Мураббийлар буни кўриб қабул қиламиз деди. Уч ойдан кейин Республикада чемпион бўлиб келди. 2014 йили Республика терма жамоасига қабул қилинди. Шундан бери жаҳон ва Осиёдаги кўплаб мусобақаларда қатнашиб медалларни қўлга киритди. Сизга медалларини ҳам кўрсатаман. Аммо шунга яраша машаққати ҳам бор.

муаттар1

Ўзим Тошкент давлат жисмоний тарбия институтини битирганман. Мана, энди қизим орқали фахрланиб юрибмиз. Олимпиада мусобақаси давомида қизим иштирок этган маҳалда қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар бизникида бўлди. Одам кўплигидан қизимнинг иштирокини икки-учта телевизор орқали кузатдик. Олдинги мусобақаларда қизим бундан яхшироқ натижаларни ҳам кўрсатган. Бир килограмм фарқ туфайли медалдан қуруқ қолди, бу ҳам омадга боғлиқ. Уларни мураббийи тактика қилди. Биз ўзимизча гапирамизу, аммо нимагадир эришиш осон эмас. Буни ортида катта меҳнат ва машаққат ётибди. Юртбошимизга спортчиларга шунча шароит яратиб бераётгани учун минг раҳмат. Вилоят ва туман ҳокимлари ҳам табрикладилар. Яқин орада вилоят ҳокимининг ўзи ҳам табриклагани келишини айтди”.

Ҳа, Абдулла ака эндиликда кенжа қизининг ютуқлари туфайли барчадан раҳмат ва ташаккурларни эшитиб келмоқда. Уйининг алоҳида хонасида ўзига хос музей ташкил этилган бўлиб, Муаттарнинг қўлга киритган соврин ва медаллари безаб турибди. Дадаси фарзандини спортчи қилиш ва шу даражага етишишида кўплаб қийинчиликларни ҳам бошдан ўтказди ва муҳими барчасини енгиб ўтди. Муаттарни оғир атлетика бўйича энг яхшиси бўлиши учун Абдулла ака қўлдан келган барчасини қилди. Бунга жавобан қизи ҳам натижалари ҳамда муваффақиятлари билан жавоб қайтаряпти.

Дарвоқе, Муаттар Набиева оғир атлетикачи Суннатилла Ўсаровга унаштирилди. Бу орқали янги спортчилар оиласига асос солинмоқда. Набиева бу хабарни тасдиқлади, тўй сентябрь ойига белгиланган. Уларга бахт ва омад тилаган ҳолда келгусида янгидан-янги муваффақиятларни тилаб қоламиз.

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг