Шомуродов Моуриньонинг А Серияда “инқилоб” қилишига ёрдам бера оладими?

Бу галги А Серия ўйинлари дунё бўйлаб кўплаб мухлису мутахассислар эътиборини тортмоқда. Бунга бир неча сабаб бор. Италия миллий терма жамоаси Европа чемпионатидаги ғалабаси орқали футболи рақобатбардош эканини исботлади.

Ўтган мавсумда “Ювентус”нинг ўн йил давом этган гегемонлигига барҳам берилгани бошқа клублар имконияти ошганидан далолат бермоқда.

Энг асосийси, А Серияда юқори ўрин учун курашадиган жамоаларнинг аксарияти бош мураббий вазифасига ўз фаолияти давомида улкан ютуқларни қўлга киритган тажрибали ва таниқли мутахассисларни олиб келди. Демак, А Серияда кураш шиддатли ва қизғин кечади.

Чемпионат етакчиларидан фақатгина “Милан” ва “Аталанта” бош мураббийни алмаштирмади. Чунки Стефано Пиоли “Милан”ни Чемпионлар лигасига қайтарган бўлса, Жан Пьеро Гасперини камтаргина “Аталанта”дан юқори мақсадлар сари курашадиган жамоа ясади. Бу икки клубнинг асосий беш рақобатчиси янги мураббий билан жамоани қайта шакллантириш жараёнини бошлаб юборди.

“Интер”. Симеоне Индзаги

Симоне — аслида “Лацио” афсонаси. Ушбу клубда 11 йил тўп тепгач, бош мураббий сифатида жамоани беш йил бошқарди. Молиявий имкониятлари чекланганига қарамай, Индзаги “Лацио”ни етакчиларга яқин олиб юрди, баъзан улар қаторига қўша олди. Индзаги ўтган мавсумда 2007 йилдан бери Чемпионлар лигасидан четда қолаётган жамоани ушбу турнирга олиб чиқди.

“Интер”дан бўлган таклиф Индзаги учун олдинга ташланган қадам. Миланликлар жамоани чемпион қилган Антонио Конте билан хайрлашишга мажбур бўлди. Чемпионликка катта ҳисса қўшган Ромелу Лукаку ва Ашраф Ҳакими сотиб юборилди. Умуман олганда, “Интер” трансфер бозорида 200 миллион еврога яқин маблағ ишлаб олди ва 31 миллион евро харажат қилди.

Мутахассислар “Интер”га ўтган йилги муваффақиятларни қайтариши қийин бўлади, демоқда.

oficialno-simone-indzagi-naznachen-glavnym-trenerom-interajpg

“Ювентус”. Массимилиано Аллегри

Икки йил олдин туринликлар Аллегри қўл остида жамоа ўзининг чўққисига чиқди, деб мураббийга рухсат бериб юборган эди. Ўша даврга келиб, “Ювентус”га А Серия чемпионлиги одатий ҳолга айланган, асосий мақсад Чемпионлар лигаси бош соврини эди. Аллегри шогирдларини икки бор нуфузли турнир финалига олиб чиқди, бироқ мақсадга эришиш учун бир қадам етмади…

Вақт шуни кўрсатдики, айб мураббийда эмас экан. Кейинги икки мавсумнинг дастлабкисида чемпионликни баъзўр сақлаб қолган туринликлар ўтган чемпионатда совринлар сериясига нуқта қўйди. Қолаверса, Аллегридан кейин ишлаганлар “Ювентус”ни Чемпионлар лигаси чорак финалидан ҳам ўтказа олмади.

Аллегри “Ювентус”ни енгилмас жамоага айлантириши учун ислоҳот ўтказиши керак. Жамоанинг асосий юлдузлари – Криштиану Роналду, Жоржио Кьеллини, Леонардо Бонуччи,Хуан Куадрадонинг ёши ўтиб бормоқда. Кейинги пайтда энг кўп гол ураётган Роналдунинг ҳам жамоада қолиши сўроқ остида.

Туринликлар  ёзда амалга оширган трансферлар ҳам ҳеч кимни ҳайратга солмади.  Жамоага “Шальке”дан Уэстон Маккенни, “Сассуоло”дан ижарага олинган Мануэль Локателли ва Бразилиядан топиб келинган ёш ҳужумчи Кайо Жорже қўшилди холос.

Аллегри ислоҳотни бошлаши учун каттароқ бюджет талаб этилади.

304523

“Наполи”.  Лучано Спаллетти.

Спаллетти ҳам ҳамкасби Аллегри сингари “Интер”дан кетганидан икки йил ишсиз юрди. Тажрибали мураббийдан кейин “Наполи”нинг икки марта даромад келтирувчи турнир – Чемпионлар лигаси остонасида қолиб кетгани клуб президенти Аурелио де Лаурентисга қаттиқ зарба бўлди.

Лучано Спаллетти ўз шогирдлари “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли турнирига олиб чиқиш билан ном қозонган мутахассис. Илк бор 2004-2005 йилги мавсумда камтаргина “Удинезе”ни Чемпионлар лигасида ўйнатган мураббий кейинчалик 12 та уринишдан 11 тасида ўзи бошқарган жамоаларни ушбу мусобақага олиб чиққан.

Ҳозирча, неаполликлар таркибни кучайтиришга у қадар эътибор бермаяпти. Эътиборли трансферлардан “Наполи” яқинда “Интер”дан 28 ёшли Маттео Политанони 18 миллион еврога олганини айтиш мумкин.

Спаллетти

“Лацио”. Маурицио Сарри

Кашанда мураббий фаолияти давомида “Челси” билан Европа лигаси, “Ювентус”да Италия чемпиони бўлган. 62 ёшли мураббий  Рим жамоасини қабул қилиб олгунга қадар 20 та клубда ишлаган. У бошқарган жамоалар орасида аутсайдерлар, ўртамиёналар ва супержамоалар ҳам бор.

Аслида “Лацио” кейинги ўн йилда икки мартадан Италия кубоги ва Суперкубогида зафар қучган холос. Бир бор чемпионатда учинчи ўринни эгаллаб, Чемпионлар лигасида ўйнашга муваффақ бўлган.

Кекса мураббийнинг олдига чемпионлик учун кураш эмас, кучли тўртликдан жой олиб, Чемпионлар лигасига чиқиш вазифаси қўйилган.

3148056-64516848-2560-1440

“Рома”. Жозе Моуриньо.

Моуриньонинг мураббий сифатида мустақил иш бошлаган фаолиятига назар солсак, ҳеч бир иш берувчи португалиялик мутахассисдан жамоани янгидан қуришдек мураккаб вазифани талаб қилмаган. Жозе асосан миллий чемпионатларда чемпионлик учун курашадиган қудратли жамоаларни бошқарган. Моуриньони катта бюджет ва юлдузли таркибга эга клублар тезроқ натижа кўрсатиш учун ишга таклиф қилган. У бошқарган “Порту”, “Интер”, “Челси”, “Манчестер Юнайтед”, ҳатто “Тоттенхэм” ҳам қудратли жамоалар сафига кириши ҳеч кимга сир эмас.

“Рома” раҳбарияти кейинги йилларда жамоа натижаси қуйига шўнғиб бораётгани, Чемпионлар лигаси у ёқда турсин, Европа лигасига чиқиш ҳам армонга айланаётганини инобатга олиб, португалиялик мутахассисга биринчи марта рақобатбардош янги жамоа шакллантириш вазифасини юклади.

Шу боис, клуб раҳбарияти Моуриньо келиши билан римликлар сафидан бир неча етакчи футболчиларни кетказиб юборганига кўз юмди,  у истаган ўйинчиларни олиб бермоқда. Бир қарашда, Жозе ўзи истаган ижрочилардан жамоа тузмоқчи, у “Рома” билан “инқилоб” қилишга ҳозирлик кўряпти.

Моуриньо аввалги ишлаган клубларидан фарқли рақишда “Рома”ни ўз ўйин услубига мослаштиришга ҳаракат қилмаслигини, аксинча, кўп ғалаба қозонадиган ҳужумкор жамоага айлантиришини таъкидлади.

AS-Roma-Training-Session-f048d7332cda7a1c93273c863a205383

Жамоанинг энг қиммат трансферлари ҳужум чизиғи вакиллари бўлгани ҳам Жозенинг юқоридаги гапларини исботлаб турибди. “Женоа”дан 17,5 миллион еврога харид қилинган Элдор Шомуродов УЕФА Конференциялар лигасида “Трабзонспор” дарвозасини ишғол қилиб, сафар учрашувида римликлар ғалабасини таъминлади. А Сериянинг биринчи ўйинида голли пас билан ғалабани мустаҳкамлади.

Ромелу Лукаку келганидан кейин “Челси”га сиғмай қолган Тэмми Абрахам Римга келганидан кейин янги жамоа сафидаги биринчи учрашувидаёқ иккита голли пас билан ўзига сарфланган 40 миллион еврони оқлашга киришди.

Жозе олиб келган дарвозабон Руй Патрисиу “Фиорентина”га қарши ўйинда бир неча хавфли зарбаларни бартараф этиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди.

“Рома” ёзги трансферлар вақтида янги футболчиларга 100 миллион еврога яқин маблағ сарфлади. Юқорида номи келтирилган футболчилардан ташқари, ҳимоя чизиғига “Палмейрас”дан Матиас Вина, “Аталанта”дан Рожер Ибаньес, “Даллас”дан Брайан Рейнолдсни сотиб олди. Римликлар 31 августга қадар яна бир жуфт футболчини трансфер қилиш бўйича иш олиб бормоқда.

YuN5XDtAPuiNGNy_GOf7W2e6e_f8Y-J7

Мутахассислар Жозе Моуриньо катта бюджет ва юлдузлар тўлиб тошган клубларда эришган муваффақиятини “Рома”да такрорлай олишига қизиқмоқда. Уларнинг таъкидлашича, португалиялик мураббий  ўз режаларини амалга оширишда Элдор Шомуродов ва Тэмми Абрахам  каби ҳужумкор етакчиларга таянади.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг