АПЛ клубидан таклиф, Қатардан жавоб кутаётган «ПСЖ» ва «Бернабеу»даги дебют. Килиан Мбаппе трансферига оид энг сўнгги янгиликлар

«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе август ойидаёқ Мадриднинг «Реал» клубига ўтишга яқин турибди. Парижликлар клуби франциялик футболчини мўмай пул эвазига қўйиб юборадими ёки 2022 йилда текинга кетишига қўйиб берадими? «Дарё» Мбаппе атрофидаги энг сўнгги инсайдларни бир жойга жамлади.

RМC Sport’га кўра, «ПСЖ» Мбаппега «5+1» кўринишидаги шартнома таклиф қилган. Унга кўра маош сезиларли даражада оширилган (ҳозирда йилига 30 млн евро атрофида), бироқ миқдор Месси ва Неймарникидан камроқ. Бу вариантни Мбаппе рад этган.

Нашрнинг қўшимча қилишича, «ПСЖ» уни ушлаб қолиш ва келаси йил текинга қўйиб юбориш вариантидан воз кечиш арафасида. Мбаппе борасида «ПСЖ» ҳозирча фақат АПЛ клубидан (номи ошкор қилинмаган) таклиф олган. «Реал» расмий таклиф билан чиқмаган.

Парижда «B режа» ҳам бор. Агар Мбаппе кетадиган бўлса, жамоа унинг ўрнини «Эвертон» форварди Ришарлисон билан тўлдирмоқчи.

Marca ва АS хабарига кўра, «ПСЖ» 31 августга қадар Мбаппени сотиб юбориш вариантини инкор этмаяпти, асосий вариант — «Реал». Париж клуби Қатардан жавоб кутмоқда, сўнгги маълумотларга қараганда у ердан жавоб келган. Аввалроқ Мбаппенинг «ПСЖ»даги келажагини Қатар амири ва «ПСЖ»нинг эгаси Тамим бин Ҳамад ат-Тани ҳал қилиши айтилганди.

Мадрид нашрларининг қўшимча қилишича, Килианнинг «Реал»га трансфери Криштиану Роналдунинг «ПСЖ»га ўтишини тезлаштиради.

DirectоGol Мбаппе «Реал»га ўтишини айтмоқда. Унга кўра, Килиан мадридликлар сафидаги дебют ўйинини 11 сентябрь куни «Сантьяго Бернабеу»га кечадиган «Сельта»га қарши баҳсда ўтказади.

Cаrpiо Marca: «Реал» Мбаппе учун 150 миллион евро таклиф қиладиган бўлса, «ПСЖ»да уни келаси йили текинга қўйиб юбормаслик учун рози бўлишдан бошқа илож йўқ. Мадридликлар ҳам буни яхши тушуниб турибди.

Испаниялик журналист Хосеп Педреролга кўра, «Реал» 2022 йилга қадар кутиб ўтирмоқчи эмас ва Мбаппени шу ёзда қўлга киритмоқчи. «Мадридликлар Мбаппедан фахрланиши керак, у камроқ пул эвазига бўлса-да «Реал» учун ўйнаш истагида. Мбаппедан бундан ортиғини талаб қилиб бўлмайди. У Мадридга келиш учун барча ишни қилди», — дейди Педрерол.

Cаdenа COPE эса бу трансферга пессимистик руҳда қарамоқда. Радио журналисти Пако Гонсалеснинг қайд этишича, Мбаппенинг «Реал»га трансферини бу ёзда амалга ошириш деярли имконсиз. Мбаппенинг хоҳиши ва ҳаракатлари ҳеч нарса бермайди. Ҳаммасини Қатардан келадиган «хат» ҳал қилади.

Кўплаб нашрлар бу ҳафта «қайноқ» бўлиши қайд этмоқда. Катта эҳтимол билан Мбаппе Мадридга келади. Ой бошида Мессидек супер юлдузидан айрилган лигада янги таниқли ном пайдо бўлиши катта эҳтимол. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг