«Локомотив» бош мураббийи қўй сўйиб, дуо-фотиҳа қилишни сўради

Жиззахдан қайтаётиб (“Сўғдиёна”га қарши баҳсдан сўнг — Stadion.uz изоҳи), йўл бўйи Секейра ўйиндаги вазиятларни қайта-қайта томоша қилди; манзилга яқинлашганимизда компьютерини ёпиб, бир муддат сукут олгач, ён ўриндиқдаги ёрдамчиларига қаради:

“Фаолиятим давомида биринчи маротаба кетма-кет 3 та ўйинни охирги сонияларда бой беришим. Мутахассис сифатида бир неча сабабни айтишим мумкин, аммо…”

Ҳеч ким миқ этмади; бош мураббий тағин бироз ўйга толди ва тилмочига таржима қилишни сўраб ишора қилганча менга юзланди: “Доктор, илтимос ташкиллаштиринг. Жамоа билан аввал қилганимиздай қўй сўйиб, бир дуо-фотиҳа қилайлик…”.

Тонгда жамоанинг телеграмдаги саҳифасида бош мураббийдан хабар пайдо бўлди:

“Ҳар бир мағлубият бизни келгусида янада кучли қилувчи омилга айланишига ишонаман. Асосийси таслим бўлмаслик ва доимо олдинга интилишдир: сабр, меҳнат, ишонч ила! Биз бир оиламиз ва мен сиздек жамоага мураббий эканлигимдан фахрланаман. Барчаси олдинда, олға йигитлар!”

Аброр Пирриев

“Локомотив” клуби шифокори.
Манба: https://t.me/abrorpirmuhammad

Дўстларингизга билан баҳам кўринг