Мессининг «Барселона»дан кетиши Агуэро учун бахтсизлик. Аргентиналик ҳужумчиларнинг дўстлиги тарихи

Июнь ойининг бошида «Барселона» Серхио Агуэро трансферини эълон қилганди. Ўшанда кўплаб мухлислар қалин дўст бўлган Серхио ва Лионель Мессининг биргаликда ўйнашидан хурсанд бўлгани бор гап. Мессининг жамоадан кетиши эълон қилингандан сўнг эса кўпчилик клуб афсонасини йўқотганидан ранжиган бўлса, бошқалар дўстлар дуэти бошланмасидан аввал муваффақиятсизликка учрагани ҳақида ҳазиллар қила бошлади.

Уларнинг дўстлиги ҳақидаги ҳикоя 2005 йилда бошланган — ўшанда улар биргаликда терма жамоа йиғинида учрашган ва Агуэро Мессини танимаган. Серхио Sky Sports нашрига ушбу воқеани қуйидагича айтиб беради: «Биз терма жамоалар билан йиғинда эдик: мен U-16, у эса U-17 терма жамоасида эди. U-20 Жанубий Америка чемпионатига тайёргарлик кўрилаётганди, икки ёш тоифаси биргаликда машғулот ўтказаётганди. Эсимда, бир йигит доимий равишда орамизда югуриб юрарди, уни телевизорда кўргандим, чунки у «Барселона»да ўйнарди.

Бир куни барчамиз стол атрофида ўтиргандик: мен, Лео, Эсекиэль Гарай ва Мауро Формика. Гарай Леодан кроссовкалар ҳақида сўради, у эса шундай жавоб берди: ‘АҚШда сотиб олганман’. Мен эса ўйлаб қолдим: ‘Нима, у Америкада ўйнайдими?’ Кейин секингина ундан сўрадим: ‘Яна бир бор айт-чи, исминг нима?’. ‘Леo’. ‘Йўқ. Исминг нима?’ У Лионель деди ва кулиб юборди. Мен шу билан кифояланмасдан ундан фамилиясини ҳам сўрадим.

Шерикларим менга қараб, ажабланиб сўрашди: ‘Унинг кимлигини билмайсанми?’ Улар устимдан кулаётганида, уни эсладим. Бу худди ўша бола эди! Шу тариқа биз дўст тутиндик. Шундан кейин биз доимо бирга машғулот ўтказдик, лекин ўша воқеани унута олмадим. Кўпчилик унга нисбатан бошқача муносабатда бўларди».

Қизиғи, шу пайтгача уларнинг ҳар иккаласи бир-бирини телевизорда кўриб келган, лекин учрашган вақтида буни эслай олмаган. Агуэро «Барселона» ўйнайдиган бола ҳақида нимадир эшитганди, Месси эса Серхионинг 15 ёшида «Independente»даги (Аргентинанинг энг машҳур клубларидан бири) дебютини кузатган. Ўша вақтда шарҳловчилар бу кунни тарихий сана деб атаган, бўлажак юлдуз эса улар ким ҳақида гапираётганини тушунмаган ҳам, исмига эътибор қаратмаган. Аммо уни ўн беш ёшли боланинг асосий таркибда дебют қилаётгани ҳайрон қолдирганди.

Йигитчаларнинг дўстлиги Нидерландияда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатида мустаҳкамланади, улар бир хонага жойлаштирилади. Боиси мураббий Агуэро учун Месси билан бирга яшаш ва унинг Европа ҳақидаги ҳикояларини тинглаш фойдали бўлади деб ўйлаган. Ўшандан бери улар терма жамоа йиғинларида доимо битта хонага жойлашади ва самолётда ҳам ёнма-ён ўриндиқларда ўтиради. Агар улардан бири терма жамоага чақирилмаса, унинг ёнидаги жой ҳар доим бўш туради.

2005 йилги Жаҳон чемпионатида битта хонада яшаш футболчиларни бир-бирига яқинлаштирган ягона нарса эмас. Агуэро терма жамоада бўлганида, унинг дўсти, дарвозабон Эмилиано Молина автоҳалокатга учрайди: автомобиль юк машинаси остига кириб кетади, шифокорлар унинг ҳаётини қутқариб қолиш учун курашади (11 марта операция қилинади), лекин бунинг имкони бўлмайди. Серхио дўсти ҳақидаги хабарларни кузатиб ўтиради, лекин Молина вафот этган куни меҳмонхона ходимлари футболчи қаттиқ тушкунликдан соғлиғига зарар етмаслиги учун интернетни узиб қўяди. Месси фожиа ҳақида билгач, хонадошига дўсти энди йўқлигини айтади. Лео Серхиога далда бериб, қўлидан келганича уни қўллаб-қувватлайди. Шундан кейин уларнинг дўстлиги анча мустаҳкамланади.

Уларнинг дўстлиги шу даражадаки, Месси терма жамоага келмаган вақтда 10-рақам Агуэроники бўлади. Лео Серхионинг ўғлининг чўқинтирган отаси ҳисобланади.

Мессининг кетиши Агуэро учун том маънода бахтсизликдир. Кун «Барселона»га айнан дўсти билан бир жамоада ўйнаш учун келганди. Уларнинг ҳеч бири Леонинг шартномаси билан боғлиқ воқеалар бундай ривож олишини кутмаган эди.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг