ДХХ раисидан бош вазир ўринбосарларигача. Спорт ташкилотларига раҳбарлик қилаётган ўзбек амалдорлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев 17 август куни Ўзбекистон Кикбоксинг ассосиацияси президенти этиб сайланди. Хўжаев эндиликда ҳар икки ташкилотдаги ишини параллел равишда давом эттиради. Қайд этиш ўринли, бу давлат амалдорларининг спорт федерациялари раҳбарлигига сайланган/тайинланган илк ҳолат эмас. Айни дамда аксарият федерацияларни ҳукумат вакиллари бошқармоқда.

«Дарё» спорт федерацияларига раҳбарлик қилаётган ўзбек амалдорларини бир саҳифага жамлади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов 2012 йилдан Ўзбекистон Бокс федерацияси президенти ҳисобланади.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 2011 йилдан Ўзбекистон велоспорт федерациясига раҳбарлик қилади.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов 2019 йилдан Ўзбекистон футбол ассосиацияси президенти сифатида фаолият юритади.

 

Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов 2020 йилдан MMA ассоциациясига раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов 2020 йилдан Триатлон федерациясига раислик қилади. Бунгача Триатлон федерацияси ва MMA ассоциациясига Отабек Умаров раҳбарлик қилган.

Қурилиш вазири Ботир Зокиров 2012 йилдан Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси президенти ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2020 йилдан Ўзбекистон Йога федерациясининг раиси сифатида иш бошлаган.

АОКА директори Асаджон Хўжаев 2021 йилда Ўзбекистон Кикбоксинг ассосиацияси президенти этиб сайланган.

Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов 2017 йилдан Ўзбекистон Қиличбозлик федерацияси раиси ҳисобланади.

Туризм ва спорт вазири, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 2021 йилдан Шахмат ҳамда Бадминтон федерациялари раиси сифатида иш юритади.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 2019 йилда Ўзбекистон Кураш федерацияси раиси этиб сайланган.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 2017 йилдан Ўзбекистон Регби федерацияси президенти сифатида иш бошлаган.

Навоий КМК директори Қувондиқ Саноқулов 2017 йилда Ўзбекистон Сузиш федерацияси раиси этиб сайланган.

Энергетика вазири Алишер Султонов 2020 йилдан Ўзбекистон Байдарка ва каноэда эшкак эшиш федерацияси раиси ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятининг раҳбари Баҳодир Аҳмедов 2021 йилда Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси этиб сайланган.

Ўзбекистон Миллий банки раиси Алишер Мирсоатов 2020 йилда Ўзбекистон Теннис федерацияси раиси этиб сайланган.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев 2019 йилдан Ўзбекистон Ўқ отиш спорти федерацияси раиси ҳисобланади.

Қарши давлат университети ректори (собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазири) Дилмурод Набиев 2019 йилдан Волейбол федерацияси президенти сифатида фаолият юритади.

 

Спорт ташкилотлари раҳбарлари ҳақидаги барча маълумотлар Миллий Олимпия қўмитаси сайтидан (19.08.2021 ҳолати бўйича) олинди.

 

Манба

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг