Бекзод ва Нигоранинг севги тарихи қандай ва қаерда бошланган?

Спорт ишқибозлари узоқ кутган “Токио-2020” Олимпиадаси курашлар, баҳс-мунозаралар, аламли кўз ёшлар, қувонч ва ҳаяжонларга бой бўлди. Ўзбекистон жамоаси унда учта олтин, иккита бронза медалини қўлга киритди. Иштирокчилар мамлакатимизда катта тантана ва шод-хуррамлик билан кутиб олинди.
Айниқса, Олимпиаданинг икки нафар иштирокчиси Бекзод Абдураҳмонов ва Нигора Турсунқулованинг тўйи бўлиши ҳақдаги хабар барчамизга қувонч бағишлади. “Токио-2020” Олимпиадасининг бронза медали совриндори Бекзод Абдураҳмонов билан бу гал спорт эмас, икки ёш ўртасидаги муносабатлар ҳақида суҳбатлашдик.

—Нигора билан ораларингиздаги муносабат, аҳд-паймон қачон ва қаерда бошланган?

—Нигора билан яқиндан 2016 йил Рио Олимпиадасида танишганман. Характеримиз бир-бирига жуда мос келган. Ўшанда мен ўзимга муносиб ёр, умр йўлдош учратгани ва топганимни англаганман. Қандайдир меҳр бизни бир-биримизга боғлаб туради. Шундан сўнг оила қуришни режалаштирганмиз.

—Спортчига уйланишингизга уйдагиларингиз қандай муносабатда бўлди?

—Бу қароримни уйдагиларим тўғри қабул қилишди. Чунки спортчи спортчини яхши тушунади. Иккаламиз ҳам терма жамоа билан доим бирга бўламиз. Жароҳатлар олсак, бир-биримизга ёрдам берамиз. Юртимиздан узоқда бўлган вақтлар бир-биримизга далда бўламиз. Кўрдингизми, бунинг ижобий жиҳатлари жуда кўп. Оиламиздагилар ҳам кўпроқ мана шу томонларга эътибор қаратиб, бизни қўллаб-қувватлашган десам тўғри бўлади.

—Унаштириш маросимларингиз қачон бўлиб ўтди?

—Бир йил олдин.

—Туйдан сўнг қаерда яшамоқчисизлар?

—Ҳозирдан бир нарса деб айта олмайман. Чунки АҚШда ҳам, Ўзбекистонда ҳам яшаш имконимиз мавжуд. Нигора спортдаги фаолиятини давом эттирмоқчи. Мен эса бунга қарши эмасман. Шундай бўлган тақдирда терма жамоа йиғинларида мунтазам иштирок этиш керак бўлади. Шунда Ўзбекистонда истиқомат қилишимизга тўғри келади.

—Кейинги Олимпиадаларда ҳам биргаликда қатнашиш режангиз борми?

—Уч йилда нималар бўлишини олдиндан айтолмайману, лекин Париж Олимпиадасида ҳам Нигора билан иштирок этмоқчимиз. Худо хоҳласа, унда иккаламиз ҳам олтин медаль олиб, юртимизга хурсандчилик билан қайтмоқчимиз.

—Яқинда ижтимоий тармоқларда Нигоранинг қиз базми бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқалди. Бу қачон бўлиб ўтган эди?

—Бу базм 7 август куни Жиззахда бўлиб ўтди.

—Агар сир бўлмаса туйларингиз қаерда бўлиб ўтади?

—Минг афсуски, бу ҳақда маълумот беролмайман. Чунки тўйимиз ён-атрофида турли–туман гап-сўзлар юрибди. Буни ошкор этолмайман. Бунинг учун сиздан узр сўрайман.

—Нигора билан муносбатларингизга 5 йил бўлибди. Тўйларингиз нега аввалроқ бўлмади?

—Тўйимиз шу вақтга қадар бўлиб ўтмаганига асосий сабаблардан бири, бу —Токио Олимпиадаси. Чунки Риода совриндор бўла олмаганимдан кейин Токио Олимпиадасида муносиб иштирок этишни режалаштирган эдим. Тўйимиз 2020 йилда бўлиши керак эди. Аммо ўтган йили Олимпия ўйинлари пандемия сабаб қолдирилганидан сўнг, туйимиз ҳам кечикди.

 

 

Жамшидбек Амиров

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг