Омадли ибтидо, шонли давр ва аламли интихо

“Пардалар ёпилмоқда. Чироқлар ўчмоқда”. “Камп Ноу”нинг тирик афсонаси ўз уйидан узоқлашмоқда. Энди у 100 минг кишилик улкан аренада тўп тепмайди, тепса ҳам кўк-қизил либосда эмас. Ҳа, ишонмаганимиз ва қабул қила олмаётган ҳолатимиз жонли тарзда кўз олдимизда рўй берди. Турли нашрлардаги хабарлар ва хатто расмий баёнотлар ҳам бизни бунга ишонтира олмаётган эди. Энди ишондик! У кўз ёшлар ила ва қалбида “Барселона”га муҳаббат ила ўз клубини тарк этмоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам, у шу клубни севишини ва қолишни жуда хоҳлаганини айтди. Беназир беармон Каталония клубини тарк этмоқда, бироқ тарк этишни хоҳламаган пайтида.

Ибтидо

Ёш Лео Каталония клубига 2000 йилда катта орзулар, юксак мақсадлар ва бир қатор муаммолар билан ташриф буюрди. Ҳамма билади Месси билан қандай муаммолар юз берганини. Кичик бўйи, кичик жуссаси унинг улкан иқтидорига тўсиқ бўла олмади. У бу клуб сафида тобора ўсиб борарди. 2003 йилдан катта футболга кириб келган Лео аввалига “Барселона” “С” ва “Б” таркибларида ҳаракат қилди. Унинг майдонда бажараётган қойилмақом ишлари тезда эътиборга тушди. Бора-бора у асосий таркиб ўйинчисига айланди ва Роналдиньо, Пуйоль, Деко, Хави ва яна кўплаб афсоналар билан тўп тепди. Барча унда бор иқтидорни аниқ тиниқ кўра оларди. Сабаби, унинг иқтидори керак бўлса, зулматда ҳам порлаб, атрофга нур сочгудек эди. Ҳаммаси шу тариқа давом этар эди…

Гвардиола, “Барселона” ва Месси

Гвардиоланинг “Барселона”сини мен клубнинг энг пикка чиққан даври деч оламан. У ва жамоаси кўрсатаётган ўйини деярли мукаммал эди. Ўзига хос услуб, аниқ бир механизм эвазига Пеп ажойиб жамоа қурди. Бу жамоанинг асосий бўғини Иньеста, Хави ва Месси бўлган. Ёш мутахасис қўл остида Мессининг ўйини тобора очилиб борарди. Бу ёш шоввозни рақиблар тўхтата олмас ва у гол, ассист ва керак бўлса, “олтин тўп”ларни қалаштириб ташлашни бошлади. 23 ёш, 3 та “олтин тўп”. Шунчаки даҳшатли натижа. Бу орада у клуб билан 2 марта ЕЧЛ бош совринини қўлга киритди. Келинг, Ла Лига ва Испания кубогини эсламай кета қолай. Сабаби, бу совринларни ўша пайтлардаги “Барселона” ўз номига расмийлаштириб олган эди. Хуллас, Месси ва унинг жамоасида ҳаммаси яхши эди.

Янги давр

Кетма-кет икки мавсум ЕЧЛдаги муваффақиятсизликдан сўнг Гвардиола “кўк-анорранглилар”ни тарк этди ва энди буёғига жамоада кўп нарса ўзгариши тайин эди. Жамоани Тито Виланова ва ундан сўнг Херардо Мартино бошқарди. Бу давр давомида Каталония клуби бироз ожизлашиб қолди, аммо аргентиналик иқтидор эгаси ўз ўйини билан ҳамон ҳаммани ҳайрат осмонига етаклар ва ўзига хос натижалар қайд этар эди. “Барселона” таркибига аввал Неймар, сўнгра Суареснинг келиши, ажойиб бир триони шакллантирди. МСН учлиги энди рақибларини аяб ўтирмас эди. Янги келган Луис Энрике ҳам клуб ўйинида ўзгаришлар қилди ва бироз “ёввойи”роқ футболни тарғиб қилди. Бу жамоада қанотларнинг ўта фаол ишлаши ва классик ўша тики-така ўйғунлашди ва катта бир кучга айланди. 2015-2016 йилги мавсум жамоа ўзи қўлга киритиши мумкин бўлган барча совринларни ўзиники қилиб олди. Икки мавсумлик тўхталишдан сўнг яна у йилнинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлди. Унинг эртаги шу тариқа давом этарди.

Давр кетди

Энрике бошчилигидаги “Барселона” ҳам ЕЧЛда икки бор муваффақиятсизликка учрагач, унга ҳам чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишди. Сўнгра Неймар ҳам Каталония клуби таркибини тарк этди. Энрике кетди, Неймар кетди ва давр кетди. Ҳа, буёғига клуб энди олдингидек бўла олмади. Аллақачон, Хави ва Пуйолини қўлдан чиқарган клуб, Иньеста билан ҳам хайрлашди. Шундай қилиб, Европани титратган Месси, Иньеста, Хави учлиги буткул тарқади ва МСН триоси ҳам бир аъзосини йўқотди. Буёғига клуб қай ҳолатда бўлади. Йирик харидлар, анъаналардан воз кечиш ва носоғлом ички мухит таъсирида бу клуб нари борса, ЕЧЛ ярим финалига етиб келди ва аламли мағлубиятларни қабул қилиб олди. Шунча муаммолар орасида бир ном ҳамон ўз “жилоси”ни йўқотмаган эди, аммо у ҳарчанд кучли ўйин кўрсатса-да, футбол жамоавий ўйин. У охири клубдан кетишга қарор қилди. Шунчалик даражада уни сабр-косасини тўлдиришди…

Фавқулотда бурилиш

Мессини барибир шартнома ушлаб қолди. Бу орада клубда кўп ўзгаришлар содир бўлди. Лапорта президент бўлди ва тизимни бутунлай ўзгартирди. Янги трансферлар ва бир қанча яхши лойиха Мессини қолишга ишонтира олди. Фақат клубда молиявий муаммолар вужудга келган эди. Бартумеу клубга 1 миллиарддан ортиқ қарзни “мерос” қилиб ташлаб кетган эди. Месси энди клуб билан шартномани узайтирса бўлди эди. Ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида. Йўқ. Бундай бўлмади. Секин-асталик билан шу воқеага келдик. Ла Лига талаблари, молиявий муаммолар Мессини кетишига сабаб бўлди. У билан “Камп Ноу” тўла мухлис, кўзларида ёш билан хайрлашмади.Барчаси фавқулотда содир бўлди.

Видолашув

Катта бир даврни кичик сатрларда хотирлаб ўтдик. Ахир, бу қанақаси бўлди. Лео энди “Барселона”да ўйнамайди. Минглаб афсоналар билан содир бўлган воқеа нега бу сафар ҳаммасиникидан-да кўпроқ футбол мухлисларини ларзалантирмоқда. Сабаб, вақт, ҳолат ва хоҳиш бир бўлиб бу кетишни фожиа даражасигача олиб келди. Мессининг кетишига қандайдир турнир формати сабаб бўлганини қабул қилиш қийин, албатта. Яна у клубни шундай бир қийин ҳолатда ўзи хоҳламаган ҳолда тарк этмоқда. Бугун унинг матбуот анжумани бўлиб ўтди ва у деярли бутун маросим давомида кўз ёшлар ила узоқ нутқ сўзлади ва бир кун қайтиб келишини айтди. Бу бироз “Барселона” мухлисларига таскин бера олар, бироқ у бошқа “Камп Ноу”да тўп тепмайди, у бошқа бу клуб учун катта эҳтимол майдонга чиқмайди. У гол урганда “Барселона” “ҳисобни очди” ва “тенглаштирди” ёки “қисқартирди” дея олмаймиз. Узоқ йиллик ўзаро муҳаббат, уўғунлик ва вафодорлик шу ерда тўхтади.

Ичим бўм-бўш бўлиб қолгандай, худди. Мухлис ўлароқ эмас, одам ўлароқ. Энди “Барселона”да Месси йўқ. Энди Месси “Барселона”да йўқ. Маъноси бир хил жумлалар, ҳолати ҳам бир хил футболчи ва жамоа. Қачондир биз Мессининг бошқа жамоада ўйнашига ва Каталония клубининг Мессисиз ўйнашига кўникиб кетамиз. Бироқ, хотиралар абадий. Уларни эса унутиб бўлмайди. Ҳар сафар эсланганда кўнгилни ғаш қилувчи хотиралар…

 

                                                                Худайқулов КАРИМ мақоласи

Дўстларингизга билан баҳам кўринг