Муҳаммад Али: “Мени биринчи бўлиб нокаут қилган одам — онам”

Буюкларни буюги дея шуҳрат қозонган Муҳаммад Алини танимайдиган кимса бўлмаса керак. Мухлислари уни шахс сифатида ҳам, боксчи сифатида ҳам яхши билишади.

У 12 ёшидан бокс билан шуғуллана бошлаган. Олимпиада ўйинларига қадар “Олтин қўлқоп” мукофотини қўлга киритган. Ярим оғир вазн тоифасида 1960 йилги ХВИИ Ёзги Олимпия ўйинларида чемпион бўлган.

Муҳаммад Али рингда ўзининг ниҳоятда чаққонлиги, зарбаларининг оғирлиги ва тезлиги билан танилган бўлса, рингдан ташқарида сўзга чечанлиги билан миллионлаб инсонларни лол қолдирган. Шунингдек, у ўз интервьюларининг бирида “Мени биринчи бўлиб нокаут қилган одам —онам”, — деб эслайди . Сабаби у ёшлигида онасининг иккита тишини уриб туширган.

Ўта оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони, беш карра “Йил боксчиси” ҳамда 10 йилликнинг “Энг кучли боксчиси” дея эътироф этилган.

“Ўрмондаги муштлашув” Муҳаммад Али иштирокидаги энг машҳур жангалардан бири ҳисобланади.

Муҳаммад Алининг Конгода Жорж Форман устидан қозонган ғалабасини дунё бўйлаб миллионлаб бокс мухлислари томоша қилганди. Муҳаммад Али ўшанда ўзини “барча замонлардаги энг буюк боксчи” деб атаган эди.

Боксчи профессионал рингда жами 61 жанг ўтказиб, уларнинг 56 тасида ғалаба қозонди.

Унинг ҳаваскор рингдаги кўрсаткичи ҳам профессионал рингдагисидан қолишмайди: 100 ғалаба ва беш мағлубият.

Ҳа, бундай ютуқларга эришиб, ўз номини тарихга муҳрлаш осон эмас, албатта. Муҳаммад Алидек боксчи бўлиш, унингдек катта натижаларга эришиш ҳар қандай профессионал боксчи учун ҳалигача орзудир.

Озода Чориева

Дўстларингизга билан баҳам кўринг