Керак бўлса “ПСЖ”ни ҳам “Тоттенҳэм”га айлантира оладиган Почеттино

​Керак бўлса “ПСЖ”ни ҳам “Тоттенҳэм”га айлантира оладиган Почеттино

Кеча ёки бугун тонгда ўқиган бўлсангиз керак, “ПСЖ” Франция Суперкубоги учун баҳсда “Лилль”га 0:1 ҳисобида ютқазди ва мавсумни соврин билан бошлашдан мосуво бўлди.

Тўғри, парижликлар ўйинни деярли иккинчи таркиби билан ўтказди. Бироқ Навас, Кимпембе, Ҳакими, Эррера, Дракслер, Икарди каби футболчилар билан “кўппаклар”нинг додини бериш мумкин эди.

Аслида асосий айтмоқчи бўлаётган гапимиз “ПСЖ” ҳақида эмас, балки жамоа бош мураббийи Маурисио Почеттино билан боғлиқ. 2021 йил 2 январида аргентиналик мутахассис парижликлар бош мураббийига айланди. 13 январда эса у “ПСЖ” билан илк совринига эга чиқди.

Коронавирус пандемияси сабаб кечиктирилган 2020 йилги Франция Суперкубоги учун баҳсда парижликлар “Марсель” устидан 2:1 ҳисобида зафар қучиб, совринни ўзиники қилди.

19 майда эса Франция Кубоги финалида “Монако” мағлуб этилди (2:0). Почеттино пойтахт клуби билан 2 совринини қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, Маурисио аввалги иш жойи — “Тоттенҳэм”да 5 йил ишлаб, битта ҳам соврин юта олмаганди. Шунга қарамай “ПСЖ” омадсизликлар билан юзлашмай қолмади: ЕЧЛ 2020/21 йилги мавсумидаги иштирокини ярим финалда тўхтатди, Франция чемпионлигини эса “Лилль”га бой берди.

Аммо жамоада иш бошлаганига 1 йил ҳам бўлмаган ва олдин битта ҳам соврин ютмаган мураббий учун 5 ой ичидаги иккита кубок жуда яхши натижа эди, албатта.

Бироқ Почеттинонинг “ПСЖ”даги дастлабки 35 та ўйиндаги ғалаба фоизи на ўзини ва на мухлисларни хурсанд қиладиган даражада эмас. Клуб унинг қўл остидаги 35 та ўйиндан 8 тасида мағлуб бўлишга улгурди. Бу “ПСЖ” Почеттино билан 22,86 фоиз ўйинда ютқазди дегандир. Статистикага кўра эса бу “ПСЖ” қатарликлар қўлига ўтган — 10 йилдан бери қайд этилган энг ёмон кўрсаткичдир. Рўйхатда Унаи Эмери (10,53 фоиз), Карло Анчелотти (11,69 фоиз), Томас Тухел (14,96 фоиз) ва Антуан Комбуаре (21,43 фоиз) каби мураббийларни ҳам кўриш мумкин. Бу борадаги энг яхши натижа эса Лоран Бланга тегишли бўлган — 9,25 фоиз бой берилган ўйинлар.

Хуллас, рақамларга ишонилса, “ПСЖ” аллақачон “Тоттенҳэм”га айланишни бошлади…

 

Манба: https://t.me/Futgolium

Дўстларингизга билан баҳам кўринг