Расман! Элдор Шомуродов “Рома” футболчиси!

Ўзбек футболи тарихидаги энг шов-шувли трансфер амалга ошди!

«Рома» Элдор Шомуродовни сотиб олиш шарти билан ижарага олди. «Женоа» бу трансфердан 16 млн евро ишлайди ва кейинги трансферларда ҳам ўз улушига эга бўлади.

Инсайдер Фабризио Романо хабарига кўра, битим 18 миллион еврога баҳоланмоқда.

Журналист Николо Ширанинг сўзларига кўра, «Рома» футболчини 16 миллион еврога сотиб олиш мажбурияти билан ижарага олади. Шу билан бирга, «Женоа» футболчининг кейинги сотилиши тақдирда ҳам маълум фоизни олади. Шомуродов билан шартнома 2026 йилгача амалга оширилади.

Бугун “Футбол студияси” да Элдор Шомуродовнинг «Рома»га ўтиши хусусида гаплашган эдик. Улгуриб қолибмиз. Тўғри, у ерда қолиши ҳақида ҳам гаплар бўлди. Лекин анчадан буён ёддан кўтарилиб кетаётган бу мавзуни шу бугун эслаганимиз ва ярим соатча таҳлил қилганимиз айни муддао бўлибди.

Элдорга омад! Моуриньога унинг хейтерлари ҳам бошқача қарашга мажбурлар энди. У терма жамоамиз ҳужумчисининг мураббийи. Илгари бирга расмга тушишганида ният кетган экан, шекилли, энди унинг қўл остида ўйнаяжак. 16 миллион евро ҳисобида баҳоланган бу трансферда “Рома” ютди деб ўйлайман. Чунки айнан Маур услубига мос форвард у.
Генуяликлар либосини буюртма бериб юборгандим, улгуришмади. “Рома”нинг жозибали либоси яқинда мамлакатимиз бозорларида кўпайиб қолса керак, буюртмага ҳам ҳожат йўқ.

Хуллас, ҳамюртимизни табриклаймиз. Энди А серия ўйинларига бўлган эътибор бир карра ошади. Ахир, бир томондан – суперклуб, “Рома”, мураббийи – супер, ҳужумчиси ҳам суперликка интилаётган иқтидор.

“Милан”, “Ювентус” ва “Интер” мухлисларига танлов масаласи янада қийинлашди.

Хайрулла Ҳамидов

Барчангизни табриклаймиз!

 

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг