Токио—2020 Олимпиадасига йўлланма олган ўзбекистонлик енгил атлетикачилар президент ваъда қилган мукофот пулини олмаганми? Вазиятга ойдинлик киритилди

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси «Озодлик» радиосининг ўзбек хизмати томонидан 21 июль куни эълон қилинган «Токиога йўл олган ўзбек енгил атлетикачилари президент ваъда қилган мукофот пулини кутмоқда» сарлавҳали мақола юзасидан расмий баёнот берди.

Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХИИ ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича Республика комиссияси қарорига мувофиқ, Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган спортчига 100 миллион сўм, унинг мураббийсига эса 50 миллион сўм бир марталик рағбатлантириш пули берилиши белгиланган.

Ушбу ҳужжатга асосан, 17 спорт тури бўйича 71 та лицензияни қўлга киритган миллий терма жамоа вакилларидан 64 нафарига 100 миллион сўмдан ҳамда уларнинг мураббийларига 50 миллион сўмдан бир марталик рағбатлантириш пули тақдим этилди.

«Озодлик» мақоласида илгари сурилган «Олимпия қўмитаси ва Енгил атлетика федерацияси раҳбарияти турли баҳоналар билан енгил атлетикачилар ва уларнинг мураббийларига Президент қарорида белгиланган рағбат пули берилмаяпти», мазмунидаги даъво ҳақиқатга тўғри келмайди.

Биринчидан, Токио олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи енгил атлетикачилардан 7 нафари Олимпия ўйинларида қатнашиш нормативларини бажаргани ва лицензияларни қўлга киритгани Халқаро енгил атлетика федерацияси томонидан расман 1 июль куни тасдиқланган. Жорий йилнинг 4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси енгил атлетикачилар Олимпия ўйинларига якуний тайёргарлик босқичини амалга ошириш, ўқув машғулот йиғинларида иштирок этиш учун Туркия Республикасига жўнаб кетган.

Иккинчидан, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси Миллий Олимпия қўмитасига мурожаат қилиб, лицензияларни қўлга киритган спортчилар бугунги кунда Токиода бўладиган Олимпия ўйинларига жиддий тайёргарлик кўриши кераклигини инобатга олиб ва пандемия шароитидан келиб чиқиб, спортчилар соғлиғини сақлаш учун турли оммавий тадбирларга жалб қилмаслик, муҳим машғулотлардан чалғитмаслик мақсадида уларга ҳамда мураббийларига бериладиган бир марталик мукофот пулларини Олимпия ўйинларидан қайтгач, тантанали равишда топширишни илтимос қилган.

Шундай бўлишига қарамай, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларида юксак натижаларга эришган, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчилар ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш мақсадида олимпия йўлланмасини қўлга киритган тегишли спортчилар қатори енгил атлетикачилардан Светлана Радзивил Миллий олимпия қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 100 миллион сўмдан жами 200 миллион сўм, мураббийси Миллий олимпия қўмитаси томонидан 50 миллион сўм, Саъдуллаева Safina Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 100 миллион сўм, Ходжаев Суҳроб Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 100 миллион сўм, Резниченко Даря Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 100 миллион сўм пул мукофотлари билан (пластик карталарига пул тушириш орқали) тақдирланган.

Айни пайтда қолган енгил атлетикачилар ва уларнинг мураббийларига ушбу маблағларни бериш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда спортчи ва тренерларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг саломатлигини яна-да мустаҳкамлашнинг ноёб тизими яратилган. Хусусан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30-октябрдаги 878-сон қарори билан Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига белгиланган миқдорда умрбод ойлик тўловлар тўлаш ҳамда уларнинг саломатлигини санаторий-соғломлаштириш муассасаларида мустаҳкамлаш тартиби белгилаб қўйилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 июндаги ПҚ-5160-сон қарорига асосан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида олтин медал олган спортчилар учун 200 минг, кумуш медал учун 100 минг ва бронза медали учун 50 минг АҚШ доллари берилиши ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Дўстларингизга билан баҳам кўринг