Зиқналик қилишни биладиган “Сити”, ўзига ҳам ишонмаётган “Челси”, “Реал”га кераксиз ҳужумчи ва от ўрнини боса олмаётган той

Унинг ҳам қўлидан зиқналик келади. “Манчестер Сити” яна бир ҳимоячи олиб келмоқчи. Қаердан дейсизми? Яна Португалиядан. Рубен Диашнинг ўхшаган трансферидан сўнг “шаҳарликлар” бу сафар “Спортинг”нинг 19 ёшли ҳимоячиси Нуну Мендеш учун харидорга айланди . Мендеш 50 млн еврога баҳоланмоқда. Аммо “Сити” бу суммани ҳаддан ортиқ деб баҳоламоқда ва 30 млни етарли деб ҳисобламоқда. Португаллар эса бу суммага кўнмаслигини билдириб бўлган. Кўрамиз, зиқналик ҳам қўлидан келишини кўрсатмоқчи бўлаётган “Сити”нинг бу сафарги ови бароридан келармикан?

Захира варианти. Ҳатто “Челси”нинг ўзи ҳам Эрлинг Ҳоланд трансфери жорий ёзги трансферлар ойнасида амалга ошмаслигига ишонаётгандек. Нега дейсизми? Ҳар ҳолда лондонликлар агар Ҳоландни ўз сафига қўшиб ола билмаса, захира варианти — “Штутгарт” ҳужумчиси Саша Калайжичга бор эътиборини қаратиши ҳақида хабар чиқди . Буни тўғри тушунса бўлади, чунки “Боруссия Д” бир мавсумнинг ўзида икки етакчисини сотиб юбормаса керак. Жейдон Санчо аллақачон “МЮ” футболчиси, Ҳоланд эса энг камида 2022 йил ёзига қадар Дортмундда қолиш эҳтимоли юқори, назаримизда. Бу ҳам бир фикр, қўшилмасликка тўла ҳақлисиз.

Сотишга сабаб йўқ. “Атлетико М”нинг Киран Триппер борасида позицияси аниқ. Агар ёғли таклиф тушмаса ва футболчининг ўзи жамоадан кетишни хоҳлаб қолмаса, “матрасчилар” Евро—2020 финалчисини ҳеч қаерга қўйиб юбормайди . Киран илк мавсумидаёқ “Атлетико” мухлисларининг ёқимтойига айланишга улгурди. Шундай экан, агар футболчи Англияга қайтишни хоҳлаб қолмаса, биз уни янги мавсумда ҳам Мадрид либосида кўрамиз.

От ўрнини боса олмаётган той. Патрик Клюйвертнинг ўғли Жастин ҳам футболчи эканлигини билсангиз керак. Аммо отасидан фарқли ўлароқ омад унга унчалик ҳам кулиб боқаётгани йўқ. “Аякс”дан сўнг Европани “Рома” орқали забт этмоқчи бўлган йигит ўтган мавсумни ижара асосида “Лейпциг”да ўтказганди. Янги мавсумни эса у “Ницца”да ўтказиши аниқ бўлди . Эҳтимол, 22 ёшли кичик Кулюйверт учун бу яна бир имкондир. Ахир Франция чемпионати кўплаб юлдузларнинг қайта порлашига сабабчи бўлмоқда. Бунинг учун Бурак Йилмаз ва Ренату Саншешнинг ўтган мавсумдаги саёҳатларини эслаш кифоя. Хуллас, Жастинбойга ҳам омад тилаб қўяверамиз.

Навбатдаги рокировка режаси. Гризманни Саулга алмаштириш режаси ўхшамай турган вақтда воқеалар ривожи Туринга қараб йўл олди. Айтишларича, “Барселона” Антуанни Пауло Дибалага алмаштириш борасида “Ювентус”га таклиф билан чиқибди . Бу таклифга ҳозирча туринликларнинг жавоби қандай бўлганлиги маълум эмас.

Кераксиз. Лука Йович ўзи учун тўланган 60 млнни оқламади. “Реал” шунинг учун сербиялик ҳужумчидан қандай қилиб бўлса ҳам қутулишни ният қилган. Унинг хизматлари аллақачон “Интер”га таклиф қилинган . Футболчининг агенти Фали Рамазони “Интер”дан мижозини “Реал”дан ижарага олишни сўрагани айтилмоқда. Ҳозирча “Интер” ҳам “Ювентус” сингари қандай жавоб қайтаргани номаълум. Шундай экан, кузатишда давом этаверамиз. Барибир ҳеч нарса йўқотмаймиз, тўғрими?

Расман сотилди. Трансфер миш-мишлари тугамаётган бир вақтда “Ливерпул” асосий таркибга кира олмаган сербиялик ҳимоячиси Марко Груйични “Порту”га сотиб қутулди. Ўтган мавсумни “Порту” сафида ўтказган Марко трансферидан “қизиллар” қарийб 11 миллион евро ишлаб олди. Энди бу ҳам ҳарна-да, азизлар! Борига барака!

Бир-бирига ошуфталар! “Рома” Гранит Жакани ўз сафига қўшиб олиш аҳдидан қайтгани йўқ экан. Римликлар швейцариялик бўйича “Арсенал”га янги таклиф тайёрлаб қўйган. Футболчининг ўзи билан эса ҳаммаси келишилган. Жаканинг ўзи ҳам Римга кўчиб ўтиш иштиёқида ёнмоқда. Жозе Моуриньо ҳам Жакани ўз сафида кўришдан мамнун. Хуллас, улар бир-бирини кутмоқда. Биз ҳам бу сериалча тезроқ тугашини хоҳлаб қолардик.

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг