Месси «Барса» билан ҳали ҳам шартнома имзоламади. Муаммо нимада?

Фаолияти давомидаги еттинчи «Олтин тўп»га даъвогарлик қилаётган Лионель Месси уч ҳафтадирки расман жамоасиз саналади. Америка кубогидан кейин «Барселона» билан шартномасини узайтириши хабар қилинган аргентиналик афсонавий ҳужумчининг каталонияликлар билан янги келишувни имзолаши ҳақида кўплаб хабарлар янграган бўлса-да, томонларнинг бир қарорга келгани ҳақида ҳали ҳамон эълон қилинмади. Хўш, бу нима билан боғлиқ?

«Барселона» йил бошидан буён молиявий муаммолар гирдобида

Январь ойидан буён Каталония клубидаги молиявий муаммолар ҳақида турли хабарлар янграётганди. Клуб эълон қилган молиявий ҳисоботларга кўра, жамоа олдидаги қарздорлик жами 1,2 миллиард еврога етган. «Барселона»да ойлик маошларни тўлаш учун маблағ танқислиги юзага келгач, клуб футболчиларнинг ярим йиллик иш ҳақини тўлаш учун банкдан кредит олишга мажбур бўлди. Қолаверса, раҳбарият трансферлар учун бошқа клублардан 126 миллион евро қарз бўлиб қолди (энг катта қисми «Ливерпуль»дан – Коутиньо трансфери учун 29 млн евро).

Молиявий оғир паллада El Mundo нашри Мессининг шартномасидаги рақамларни эълон қилиб, оловни алангалатди. Манбанинг ёзишича, аргентиналик 4 йил ичида клубда 555 миллион евро ишлаб топади.

«Барса» Месси билан келишувни нега чўзаяпти?

Ла Лигада маошларнинг энг юқори даражаси белгиланган. 2019/20 йилги мавсумда Каталония клубидаги жами маошлар миқдори 671 миллион еврони ташкил этган бўлса, энди бу қиймат 383 миллион еврогача қисқартирилиши лозим. Испанияда маошлар даражаси ҳар бир клуб учун алоҳида белгиланиб, бу ташкилотнинг даромади ва харажатларидан келиб чиқилади. Ҳозирда «Барселона» маошлар учун топаётган даромадидан кўпроқ маблағ сарфламоқда. Шу боис Ла Лигада янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди. Клуб бир қатор ўйинчиларни сотгани ва ижарага берганига қарамай, жамоани тарк этганларнинг маоши у қадар катта эмаслиги оғир вазиятни сезиларли даражада енгиллаштираётгани йўқ.

Ҳозирги вазиятда Юмтити, Пьянич, Коутиньо сингари захирада қолаётган номдор ўйинчиларнинг маоши клубнинг ойлик жамғармасига оғирлик қилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу ўйинчиларнинг бири билан шартномани ўзаро бекор қилишга тўғри келади, акс ҳолда Месси билан шартнома имзолашнинг иложи бўлмайди. Diario Sport хабарига кўра, Лионель клубнинг сўровига йўқ демай, маоши 50 фоиз камайтирилишига рози бўлган. Унга кўра, Месси «Барселона» билан янги 5 йиллик шартнома имзолаши ва келишувнинг дастлабки йилида 20 миллион евро олиши (аввал 100 млн евродан кўпроқ бўлган) кутилмоқда.

Клуб вазиятдан чиқиш учун нималар қилди ва яна нима қила олади?

Клуб президенти Жоан Лапорта қийин вазиятдан чиқиб кетиш учун 20 ёшли вингер Конрад де ла Фуэнте, ҳимоячи Жан-Клер Тодибо, 24 ёшли Хуниор Фирпо ва Матеус Фернандес билан хайрлашишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, клуб 21 ёшли португалиялик Франсиско Тринканни «Вулверҳэмптон»га ижарага берди. У 2020 йилнинг август ойида 31 миллион еврога сотиб олинган эди.

«Кўк-анорранглилар» олдида иш ҳақи сарфини қисқартириш учун Юмтити, Пьянич ёки Коутиньони сотишдан ташқари, яна бошқа йўллар ҳам бор. Эҳтимол, «Барса» Серхио Бускетс, Жоржи Альба ёки Серхи Роберто сингари эски ўйинчилари билан хайрлашар. Қолаверса, жамоани тарк этган ёш ўйинчилар қаторига Сержино Дест ва Рональд Араухо ҳам қўшилиш эҳтимоли ҳам бор.

Айни дамда Куман қўл остида жуда кўп форвардлар йиғилган: Агуэро, Брейтуэйт, Гризманн, Дембеле, Депай ва Фати. Cadena Cope радиостанцияси хабарига кўра, «Барселона» Гризманни «Атлетико»га қайтариб, мадридликлардан Саулни ўз сафига қўшиб олади. Шу тариқа, клуб французнинг катта маошидан қутулиш билан бирга испаниялик яримҳимоячи ва 15 миллион евро трансфер пулини қўлга киритмоқчи.

Шунингдек, Лапорта клубнинг олдинги президенти Хосеп Бартомеунинг режасини амалга ошириши мумкин. Режага кўра, янги раҳбарият клубнинг тўртта лойиҳаси – академия, тадқиқот маркази, аудиовизуал маҳсулотларни яратиш ҳамда сотиш ва мерчандайзингга масъул бўлган иккита бўлимни бирлаштирган «Barça Corporate»нинг 50 фоиз акциясини сотувга чиқариб, иш ҳақи жамғармасини ошириш имкониятига эга бўлади. Клуб раҳбарияти акцияларнинг ярмини сота олса, 500 миллион еврога эга бўлиб муаммоларига ечим топа олиши мумкин.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг