0 дан 618 гача. Футбол тарихидаги ноодатий рақамлар

«Палмейрас» футболчиси Дуду янги мавсум учун нооадатий рақам танлади. 2015 йилдан буён у 7-рақам остида ҳаракат қилиб келаётганди, лекин Дуду Қатарнинг «Ад-Дуҳайл» жамоасида ижарада тўп тепаётган вақтида унинг рақами аллақачон бошқа футболчи томонидан банд қилинганди.

Дуду бу вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топди — энди унинг либосида 4+3 рақамини кўриш мумкин.

Клуб бунга рози бўлди ва ноодатий рақамга бағишланган видеоролик ҳам суратга олди. Тўғри, барча расмий жойларда Дудунинг рақами 43 деб ёзилади, аммо бу рақамдан мақсад нималигини барча билади.

Футбол тарихидаги ноодатий рақамларда майдонга тушиш ҳолатлари жуда кўп юз берган. Уларга мисоллар билан танишамиз.

Ҳишам Зеруали, «Абердин» — № 0

Шотландиянинг «Абердин» жамоаси мухлислари марокашлик ҳимоячи Ҳишам Зеруалини ҳақиқий афсона деб ҳисоблайди. Ундан ташқари футболчи ноодатий рақамда майдонга тушгани билан ҳам тарихга кирган. 1999 йилда Британияга ташриф буюрган футболчини фамилиясидаги ҳарфлар сабаб Зеро (нол) деб чақира бошлашди. Ҳишам шу рақамда майдонга тушишни маъқул кўрди. 2004 йилда эса автоҳалокат туфайли вафот этди. Шотландия жамоаси нол рақамини марокашлик футболчи номига абадийлаштириб қўйди. Шотландия футбол федерацияси эса бу ҳолатдан хулоса чиқариб, бошқа футболчиларга нол рақамида майдонга тушишни тақиқлаб қўйди.

Эмир Спаҳич, «Торпедо» — № 1
«Торпедо» сафига қўшилган босниялик ҳимоячи бутун мавсумни 1-рақамда ўтказди. Кейинчалик сочларини қизилга бўяган футболчи ўзининг ажралиб турмоқчилиги сабабини тушунтиришни истамади: «Россия футболи учун бу ноодатий  туюлиши мумкин, лекин Европада бу оддий ҳол. 1-рақами остида майдонда ҳаракат қиладиган кўпроқ футболчиларни мисол қилишим мумкин. Россияда илк дарвобон бўлмаган 1-рақам эгаси бўлиш ёмонми?». «Торпедо»дан кейин Спаҳич ҳеч қайси жамоада 1-рақам остида ҳаракат қилмади.

Иван Саморано, «Интер» — № 1+8

Чили футболи афсоналаридан бири Иван Саморано 1996 йилга қадар «Реал» сафида 9-рақам остида ҳаракат қилган. «Интер»га ўтганидан сўнг ҳам 9-рақамни олди. Лекин орадан бир йил ўтиб, «неразуррилар» таркибига бразилиялик Роналдо келиб қўшилди ва у 9-рақамни сўради. Саморано бу рақамни Роналдога беришга мажбур бўлди. Ўзи эса 18-рақам остида ҳаракат қиладиган бўлди. Севимли рақами рамзий маънода қолиши учун рақамлар орасига «+» белгиси қўйилди. Италия футбол федерацияси ҳам Саморанога ноодатий рақамда майдонга тушишига рухсат берди.

Дэвид Бекҳэм, «Реал», «Лос-Анжелес Гелекси» — № 23
Дэвид «Манчестер Юнайтед» сафида 7-рақамда ўйнаган. Аммо «Реал»га ўтганида 7-рақам бандлиги сабаб 23-рақамни танлаган. Кейинчалик нега айнан ўша рақамни танлаганини сўрашганда, баскетболчи Майкл Жордан шарафига, деб жавоб берганди.

Никлас Бендтнер, «Арсенал» — № 52

Англияда Лорд Бендтнер деб ном қозонган футболчи ғалати одатларга эга эди. Ноодатий костюмлар киярди, машғулотларга маст ҳолатда келарди. Кунларнинг бирида Бендтнер омадсиз 26-рақамини 52-рақамга ўзгартиришни хоҳлаб қолади. Рақамлар икки карра юқори бўлса, омад ҳам икки ҳисса кўпроқ келади, деб ҳисоблаганди. Янги рақамда Никлас бирорта гол ура олмади.

Биксант Лизаразю, «Бавария» — № 69

«Бавария» ҳимоячиси Мюнхендаги фаолияти давомида 69-рақам остида ҳаракат қилди. Кейинчалик футболчи бу рақамнинг сирини очди. «Аслида ҳеч қанақа сир йўқ — шунчаки мен 1969 йилда туғилганман, бўйим 169 сантиметр, вазним 69 килограмм».

Роналдо, «Милан» — № 99

«Феномен» деярли бутун фаолияти давомида 9-рақамда ҳаракат қилган. «Интер»да ҳам, «Барселона»да ҳам, «Реал»да ҳам шу рақамда ўйнаган. Лекин 2007 йилда «Милан»га ўтганида, Филиппо Инзаги 9-рақамни банд этгани боис Роналдо 99-рақамни танлашга мажбур бўлади.

Адолфо Баутишта, «Чивас» — № 100
Мексикада 3 хонали рақамларда майдонга тушиш одатий ҳол бўлган — 1996 йилда «Монтеррей» футболчиси Хесус Ареляно шаҳар юбилейига атаб 400-рақамли футболкада ўйнаган. Адолфо Баутишта эса бутун мавсум давомида 100-рақамда ҳаракат қилди. Онасининг вафотидан сўнг футболкасида унинг доимий такрорлайдиган сўзи: «Бофо, менинг фариштам» сўзини ҳам қўшиб қўйди. Аммо КОНКАКАФ тасарруфидаги халқаро ўйинларда футболкасидаги иккита нолни олиб ташлашга тўғри келарди.

Андреас Ҳерсог, Австрия терма жамоаси — № 100
Австрия терма жамоасида энг кўп ўйин ўтказган футболчи 2002 йил ноябрь ойида терма жамоасининг Норвегияга қарши ўртоқлик учрашувида 100-рақамда майдонга тушди. Ўша куни футболчи терма жамоадаги 100-ўйинини ўтказаётган эди. Рақам ҳам рамзий маъно касб этарди.

Рожерио Сени, «Сан-Паулу» — № 618

Дарвозабон — рекордчи фаолиятида бир марта 3 хонали рақамли футболкада майдонга тушган. Сени «Сан-Паулу» сафидаги юбилей — 618-ўйинини нишонлаш мақсадида шу рақам остида майдонга тушади. Рожерио Бразилия жамоасида 1000 дан ортиқ ўйинда майдонга тушган. Лекин негадир рамзий маънодаги 4 хонали рақамда майдонга тушмаган.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг