Нима деймиз, футболчиларимиз ҳам ўзимизга ўхшаб, ўзига ўзи беклардан-да!..

Остон Ўрунов Европа Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган жамоага ўтишни хоҳламаган, сабаб — маош уни қониқтирмаган

Футболимизга яраша, ажойиб футболчиларимиз борда. Трансфер ҳуқуқи Москванинг “Спартак”ига тегишли бўлган Остон Ўрунов 2020/21 йилги мавсум Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида қатнашган Венгриянинг амалдаги чемпиони — “Ференцварош” клубига ўтишдан сўнгги лаҳзада бош тортибди . Жамоа янги мавсумда ҳам ЕЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиши мумкин. Фақат саралаш босқичидан ўта олса.

Венгерлар Остонни бир мавсумга кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олишни хоҳлаган. Аммо Ўруновга “Ференцварош” таклиф қилган маош маъқул келмаган. Зўр-а, сенга ЕЧЛда ўйнаган/ўйнайдиган клубдан таклиф тушса-ю, сен маошинг кам экан деб рад қилсанг. Бундай таклифларни рад этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Сиздирилган маълумотларга ишонилса, Остон “Спартак”да йилига салкам 690 минг евро маош олади. Бу ўзбек сўмига чақилса, салкам 9 миллиард сўмни ташкил этади. Бировнинг чўнтагидаги пулини ҳисобламайлик, яна баракаси учмасин. Қаддини урсин!

Шу жойда эслатиб ўтиб кетамиз, Остон 2020 йил августида 1 млн евро эвазига “Уфа”дан “Спартак”ка ўтганди. У Москва клубида 9 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди. Кейин 2021 йил январида “Уфа”га ижарага берилди. Мавсум якунида эса яна ўз клубига қайтди.

Ўруновнинг “Спартак” билан келишуви 2025 йил ёзига қадар тузилган. Унинг трансфери эса айни дамда 1,2 млн еврога баҳоланмоқда.

Нима деймиз, Остон ҳам ўзимизга ўхшаб, ўзига ўзи беклардан. Омадини берсин деймиз, холос…

Дўстларингизга билан баҳам кўринг