Дунёдаги энг бераҳм ҳакам

УЕФА Евро-2020га ўйинларни бошқариб бориш учун 19 нафар рефери жалб этди. Улар турли мамлакат вакиллари: Германия, Испания, Швеция, Туркия, Руминия, Франция, Нидерландия, Португалия, Словения, Исроил, …Аргентина. Тўхтанг, Аргентина? Ҳа, Европа чемпионатига чақирилган ҳакамлар орасида Жанубий Америка вакили ҳам бор. Гап аргентиналик Фернандо Рапаллини ҳақида кетмоқда. У футболчиларга карточка кўрсатишда ўта ҳимматли, яна бассейнлар савдоси билан ҳам шуғулланади. Хуллас, қуйида gol.ru сайти маълумотлари асосида Евро-2020нинг аргентиналик меҳмони фаолиятига бирров назар ташлаймиз.

Нега узоқ Жанубий Америкадан?

Ҳаммаси 2020 йили УЕФА ва КОНМЕБОЛ ўртасида ҳакамлик борасида тажриба алмашиш бўйича имзоланган махсус дастур самарасидир. Фернандо Рапаллини Евро-2020га ўз бригадаси билан ташриф буюрди. Яъни бутун «кўҳна қитъа»­ни қамраб олган турнир давомида унга ҳамюртлари – Хуан Пабло Белотти ва Диего Бонфа ҳамроҳлик қилишади. УЕФА бунга жавобан испаниялик Хесус Хиль Мансанони яқинда бошланган Америка кубогига юборди.

Рапаллини ким?

Фернандо Рапаллини – 43 ёшли аргентиналик ФИФА рефериси. У Жанубий Америкада ўта қаттиққўл ҳакам сифатида танилган. Фернандонинг фаолияти 2011 йили бошланган. У аввалига Аргентина чемпионати қуйи лигалари ва ярим профессионал дивизионларида ишлади. Эътиборли факт: Рапаллини атиги 3 йилдан кейин ФИФА рефериси мақомини олди. «Болалигимдан футболга меҳрим баланд. Собиқ ҳакам Хорхе Вильяно томонидан Ла-Платада асос солинган футбол мактабида таҳсил ҳам олганман. Бироқ ҳеч ҳачон ўйнашга алоҳида қизиқмаганман. Чунки ҳамиша майдонда энг юқори куч сифатида ишлашни хоҳлардим» – бу Рапаллинининг ҳакамлик ишига муносабати.

Фернандо Рапаллини ҳакам сифатида бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга.

1. У спортчиларга хос саналмаган хатти-ҳаракатларга сира тоқат қилолмайди ва бундай вазият кузатилса, камдан-кам ҳолатда оғзаки огоҳлантириш билан чекланади. Қисқаси, нопрофессионал иш тутган футболчининг Рапаллинидан дарҳол қандайдир карточка олиши эҳтимоли жуда баланд. Мана, оддий бир мисол – январь ойида Марадона кубоги (Аргентина кубоги) доирасида «Бока Хуниорс» ва «Ривер Плейт» ўртасида кечган ўйинда икки жамоа футболчилари ўзаро тортишиб қолишди. Рапаллини шунда уларни бирин-кетин сариқ карточка билан «сийлади». Бундан айниқса, Карлос Тевес роса ғазабланди: «Йўқ, аслида ҳакамликни жиддий танқид қилишни истамайман. Бизнинг дерби ҳамиша шундай бўлади – кескин кураш, қайноқлик… Аммо агар ҳакам ҳар қандай тўқнашув учун карточка бераверса, ўзимни қўярга жой тополмайман». Рапаллини ҳам бунга тезда жавоб қайтарди: «Тевеснинг нима дегани билан ишим йўқ – бу қизиқ эмас. Аммо агар у муштлашишни хоҳласа, марҳамат, футболдан бўш вақтларида ринга чиқсин. Фақат футбол ўйинида эмас».

Рапаллини ишидан яна бир мисол. Либертадорес кубоги-2020. «Интернационал» ва «Гремио» ўйини. Бу учрашувда футболчилар ўртасида оммавий мушт­лашув келиб чиқди. Рапаллини эса жанжални 8та сариқ карточка воситасида тўхтатди. У ҳаттоки, муштлашувга қўшилмаган, рақибини шунчаки, тортган футболчиларни ҳам аягани йўқ.

2. Рапаллини – ўта қаттиққўл ҳакам. У якунланган мавсум Аргентина чемпионати доирасидаги 16та ўйинни бошқарди. Мавсум давомида кўрсатган сариқ карточкалари сонига диққат қилинг: ҳар бир ўйинга ўртача ҳисобда 6,41та! Бу Аргентина чемпионати реферилари учун энг юқори коэффициент. «Бока»га қарши ўйинда майдондан четлатилган «Ривер-Плейт» вакили Энцо Переснинг фикр­лари эътиборга молик: «Тўғриси, фаолиятим давомида бундай бераҳм ҳакамни жуда кам кўрганман. Ўйинда биринчи сариқ карточкани оддий оёққа тепиш учун олдим. Рапаллинига тасодифан қўполлик ишлатганимни тушунтиришга уринганимда, у янада қатъий­лашди: «Жим бўл, тортишма. Мана, сариқ карточка, энди кейинги сафар қоида бузишдан олдин ўйлаб кўрасан…».

3. Рапаллинини ғазаблантирадиган яна бир ҳолат – бу симуляция. У ўз интервьюларидан бирида бу масалага алоҳида тўхталганди: «Баъзи лигалар ўйинларини умуман бошқаролмасам керак. Чунки уларда симуляция ишлатувчи муғомбирлар жуда кўп. Испания лигаси? У ерда вазият ўта ваҳимали эмас, лекин симуляция ҳолатлари меъёридан кўп, барибир».

Умуман олганда, Рапаллини Жанубий Америка футболи стандарт­лари бўйича энг яхши ҳакамлар қаторида. Аммо бир сафар шу қаттиққўллиги туфайли 1 ой муддатга дисквалификация қилинди. Аниқроқ айтсак, Аргентина футбол ассоциацияси 2020 йилнинг бошида 3та айблов билан уни вақтинча ишдан четлатди: 1). «Ривер-Плейт» ҳимоячиси Хавьер Пионлага ноўрин сариқ карточка бергани учун. 2). «Уракан» ҳимоя­чилари Лукас Меролла ва Карлос Араужони нотўғри огоҳлантиргани ва майдондан четлаштиргани учун. 3). «Уракан» футболчиларига белгиланган жазони ўйин ҳисоботида аниқ ёзмагани учун. Ўшанда Рапаллини Тартиб-интизом қўмитаси йиғилишида ўз қарорларини тушунтиришга уринди, вазиятларда тўғри йўл тутганини таъкидлади. Шунингдек, ўйин ҳисоботи билан ўзи шуғулланмаганини айтди. Аммо Аргентина футбол ассоциацияси бирданига бир нечта жамоадан шикоят тушганиданми, ҳакамни 1 ой муддатга четлаштирди, барибир.

Футболдан ташҚарида ҳам иши бор

Фернандо Рапаллини 2019 йили ҳакамлик муҳим иши эканлигини, лекин энг муҳими эмаслигини тан олди. Реферининг бош йўналиши – бу хусусий уйлар учун сузиш ҳавзалари қуриш билан шуғулланадиган оилавий фирма. Тўғри, унинг кичик бизнеси фақат Сити Беллнинг кичик ҳудудини қамраб олган (тушуниш учун: Ла Плата – Буэнос-Айрес вилоятининг маъмурий маркази, Cити Белл – шу шаҳарнинг кичик бир қисми). Рапаллинининг ўзи бу ҳақда очиқ гапиради: «Очиқ айтаман, ҳакамлик мен учун абадий маш­ғулот эмас, буни яхши биламан. Футболдаги энг катта орзум – жаҳон чемпионатида ишлаш. Шундан кейин эҳтимол, дарҳол ҳакамлик фаолиятимга нуқта қўярман…».

Фернандо ҳозирга қадар Америка кубогида ҳам, Либертадорес кубогида ҳам ишлашга улгурди. Евро-2020даги иштироки катта плюс, албатта. Дейлик, Европа чемпионатида яхши таассурот қолдирса, яқин орада ЖЧда ишлашга даъвогар реферилар қаторига қўшилиши ҳеч гап эмас.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади

Манба 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг