Рингдаги «қотил», кабутарларга муҳаббат, қамоқ ва совурилган миллионлар. 55 ёшни қаршилаган афсонавий Майк Тайсон ҳақида

Дунёда Майк Тайсонни танимайдиган камдан кам киши бўлса керак. У 2о ёшидаёқ ўз исмини бокс тарихига катта ҳарфлар билан ёзиб қўйган. У афсонага айланди, юзидаги татиуровка сабаб эса ҳамон дунёнинг энг таниқли боксчиларидан бири. Тайсонинг рингдаги муваффақияти билан бокс қироли Муҳаммад Алига тенглашиши мумкин эди, лекин оғир ўтган болалик унинг ҳаётида ўз изларини қолдирди, доимий машмашалар ва қамоқ бунга имкон бермади.

Майк уч марта уйланган, саккиз нафар фарзанди бор, 400 миллион долларни йўқотган, банкрот бўлган, қамоққа олинган, наркотик истеъмол қилган, жуда кўп ичган. Шунга қарамай, бутун ҳаётида давомида унинг биргина муҳаббати сақланиб қолди — кабутарларга бўлган севги.

Майкнинг болалиги Нью-Йоркнинг энг камбағал ҳудудларидан бири — Бруклин шарқида жойлашган Браунсвиллда ўтган. Бу ер аввал ҳам энг криминал ҳудудлардан бири эди ва ҳозирда ҳам бундай мақомдан айрилганича йўқ.

Браунсвилл қандайлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун бўлажак чемпионнинг биографиясидаги бир лавҳага эътибор қаратиш кифоя. Етти ёшида Тайсон педофилнинг қурбонига айланган. Шунда ҳам болакай чидаб яшашда давом этди, Браунсвиллнинг асосий қоидаси доим ёдида эди — ким кучли бўлса, у доим ҳақ бўлади.

Майк туғилмасиданоқ отаси оиласини ташлаб кетади. Шундай бўлса ҳам биологик отасидан мерос сифатида Тайсон фамилиясини сақлаб қолади. Болакайнинг тарбияси билан онаси Лорна Смит шуғулланган.

Тайсон болалигида қўрқоқ ва ожиз бўлган. Кўзида муаммолар пайдо бўлгани учун кўзойнак тақишни бошлаган. Атрофидаги ҳамма унинг устидан куларди. Туғишган акалари ҳам у билан ҳазиллашиш имконини қўлган чиқармасди.

Бир куни маҳаллий безорилар Майкни ташландиқ уйга ёғоч қутиларни ташишга мажбурлайди. Қутиларнинг бирида кабутарни кўрган Майк бу қушни яхши кўриб қолди. Шундан буён кабутарларга муҳаббати ўзгача.

Тайсоннинг оиласида пул бўлмасди, шунинг учун кабутар сотиб олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Оддий усуллардан бири том устида юрган қушларни ушлаш бўлган. Ўша вақтларда кабутарларни ортидан қувиш катта спорт туридек эди — бир вақтнинг ўзида бир нечта қуш қўнарди ва Майк уларни ушлаш бўйича мутахассисга айланиб кетади.

Тайсон бошқаларнинг кабутархонасига кириб чиқарди. Бир куни дўсти билан навбатдаги кабутархонага кирганда уй эгаси уларни тутиб олади. Жазо сифатида ўғриларни осиб қўймоқчи бўлади. Дўстининг биринчи бўлиб сим билан осиб қўйилиши Тайсонни даҳшатга солди. Осилган болани жон талвасасида титраётганини кўрган қўшнилар полиция чақириш билан уй эгасини қўрқитган. Бу ҳодиса боланинг онгида из қолдирмасдан қўймади. Кейинчалик Майк биографиясида ушбу ҳодисани «қатл ҳукмини кутиш» деб ёдга олади.

Бу вақтда Майк кўча ўғриси Барким билан танишади. Бўлажак боскчи кичик деразаларни синдириб ичкарига кирарди, эвазига эса ўғри уни пул, озиқ-овқат ва кийим билан таъминларди. Тез орада Майк якка ўзи шу иш билан шуғуллана бошлади. У кичик ўғрига айланди. Шунда ҳам ўзини ҳимоя қилишга қодир эмасди. Унинг «севгиси» ўлдирилгандан кейин эса ҳаммаси ўзгариб кетди.

10 ёшли Майк ўзининг айвонида қушларини ўғирлаб кетмоқчи бўлган болаларни ушлаб олади. Болалардан бири ўғрилик ошкор бўлганини билгач кабутарнинг бошини узиб ташлайди. Кабутарнинг танасидан оқаётган қонни кўрган Майк ғазабланади ва рақибини уриб ташлайди. Бунгача у ҳеч қачон уришиб кўрмаганди, лекин ғазаб туфайли у ўзидан вазн ва бўй жиҳатдан устун бўлган болани аямай калтаклади. Бу нарса Тайсонга шуҳрат олиб келди, унга бўлган қизиқиш ортиб борди.

У очиқчасига ўғрилик қиларди, шунинг учун ахлоқ тузатиш муассасаси ходимлари тез-тез уни ўз идорасига чақириб турарди. Тайсон неча марта у ерга борганини эслай олмайди.

Майк навбатдаги жазони ўтаётган вақтда колонияга машҳур боксчи Муҳаммад Али ташриф буюради. У ахлоқи оғир болалар билан суҳбат ўтказмоқчи эди. Майк ўша пайтда Али билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг боксчи бўлишга қарор қилганини хотирлайди.

13 ёшли Тайсон Олбанидаги Трион махсус муассасига қабул қилинади. У ердаги биринчи кунидаёқ бир бола билан жанжаллашиб жазо камерасига олиб кетилади. Уни собиқ профессионал боксчи, ҳаваскорлар ўртасидаги АҚШ чемпиони Бобби Стюарт ўз тарбиясига олади. Майк Стюартнинг сўзларига қулоқ солмайди. Ёш йигит Боббига спарринг тушишни таклиф қилади — агарда Майк ғалаба қозонса ўқитувчи уни тинч қўйишини сўрайди. Бобби Майкни ерга қулатади. Ўрнидан турган Тайсон Сюартдан унга устозлик қилишини сўрайди.

Бобби иккита шарт билан унга жанг сирларини ўргатишга рози бўлади. Биринчидан, Тайсон интизомни сақлаши, иккинчидан, у мактабдаги дарсларига ҳам улгуриши лозим.

Тайсон берилган топшириқларни бемалол уддалай оларди. Сюарт унинг қўлига қандай «олмос» тушиб қолганини англайди ва Тайсонни афсонавий мураббий Касу Д’Аматонинг ёнига олиб боради. Бу воқеа 1980 йилда бўлиб ўтганди.

Кейинги йилда Тайсоннинг онаси вафот этади. Д’Амато 15 ёшли Майкни асраб олади. Уни уйига олиб келади.

Кас Майкнинг тарбияси, интизоми ва дарсларни ўзлаштириши билан шуғуллана бошлайди. Залда эса Тедди Атлас Майк билан шуғулланарди. Д’Амато ҳафтада бир марта жараённи кузатиш учун залга ташриф буюрарди.

Ўша вақтларда Тайсон АҚШда машҳурликка эриша бошлаганди. У ёшлар ўртасидаги Олимия ўйинларида ғалаба қозонган, Жо Кортесга қарши биринчи жангини саккиз сонияда якунлаганди.

Вақт ўтиши билан Майкнинг яширин характери ошкор бўла бошлади. 17 ёшида у Атласнинг 11 ёшли қариндошини безовта қила бошлайди. У қиз қочиб кетади, Атлас эса Тайсоннинг уйи ёнига бориб, пешонасига қурол тирайди. Агарда Майк яна Атласнинг оиласи атрофида ўралашса алоқалар узилишини айтади. Шу тариқа Тедди Атлас ва Майк Тайсоннинг ҳамкорлиги якунига етади.

Оғир характери туфайли Майк Лос-Анжелесда бўлиб ўтган 1984 йилги Олимпиадада қатнаша олмайди. У ички саралаш ўйинларида икки марта Генри Тиллман билан тўқнаш келади ва иккаласида ҳам мағлубиятга учрайди. Кўпчилик Тайсонни агрессив жанг услуби ва криминал ўтмиши туфайли атайин Олимпиадага жўнатишмади деб ҳисоблайди. Тиллман ўша Олимпиадада олтин медални қўлга киритади.

Яна тўрт йил Олимпиадани кутишни истамаган Майк Тайсон профессионал спортга қадам қўяди

Дебют жангидан олдинроқ атрофда ҳамма у ҳақида гапира бошлади. Промоутерлар ESPN билан шартнома имзолади ва Майкка 200 минг доллар сармоя киритди. 18 ёшли Тайсон 1985 йил 6 март куни пуэрто-риколик боскчи Эктор Мерседесга қарши илк жангини ўтказади. Тайсон ғалаба қозонади. 1985 йилнинг ўзида 15 та жанг ўтказган Майк барчасида нокаут билан ғалаба қозонади. Жангларнинг ораси бир ёки икки ҳафтани ташкил этарди. У рақибларига шафқатсизларча зарба берарди, кейин эса уйига, кабутарларини ёнига қайтарди. Тайсоннинг турмуш ўртоғи: «У кабутарларга озор бермаслик учун оҳисталик билан қўлига оларди», — деб эслайди.

Чемпионлик жангига қадар Майк Тайсон 27 марта рингга чиқади ва барчасида ғалаба қозонади. 1986 йил ноябрь ойида Лас-Вегасда Тайсон Тревор Бербикка қарши рингга чиқадиган бўлди. Айнан Бербик бундан 5 йил аввал афсонавий Муҳаммад Алини нафақага чиқариб юборганди. Али Тайсондан Треворни мағлуб этишни сўрайди. Иккинчи раунддаёқ Бербик нокаутга учради. Тревор жуда қаттиқ зарбани қабул қилиб олди ва икки марта ўрнида туришга уринди, аммо уддалай олмади.

Майк Тайсон оғир вазн тоифасида энг ёш чемпионга айланди (20 ёш 144 кунлик). Дебюти ва чемпионлик жангига қадар муддат 1 йил-у 8,5 ойга тенг. Бу рекордни ҳалигача ҳеч ким такрорлай олгани йўқ.

Тайсоннинг ғалабасини Д’Амато кўра олмади. 1985 йил ноябрь ойида 77 ёшида вафот этди. У банкда Майк учун ҳисоб очтирган ва унга жуда катта миқдорда пул ташлаб кетганди.

Бербикка қарши жангдан сўнг WBC камарини қўлга киритган Майк бошқа категориядаги камарларни ҳам бирма-бир эгаллай бошлади. WBA камари учун Жеймс Смитга қарши, IBF камари учун Тони Таккерга қарши рингга чиқди. 21 ёшида оғир вазн бўйича жаҳоннинг мутлақ чемпионига айланди. 2 йил-у 5 ой муддатда Тайсон шундай натижага эришганди.

Тайсон енгил ҳаётга берилиб кетди: тунги базмлар, алкоголь маҳсулотлари, наркотик моддалар. Булар ўз таъсирини ўтказмасдан қўймасди, 1990 йил 11 февраль куни Майк Жеймс Дугласга қарши рингга чиқди. Чемпион оилавий жанжаллар туфайли психологик ва жисмоний жиҳатдан жуда ёмон ҳолатда эди. Шунга қарамай унинг мағлубияти сенсация бўлди. Ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди — 8-раундда Майк Дугласни нокдаун ҳолатига тушириб қўйганди, лекин ҳакам жуда узоқ вақт санади ва Дуглас ўрнидан турди (жангдан сўнг промоутер Дон Кинг ўша пайтда жангни тўхтатиш кераклигини айтди) ва 10-раундда Майкни нокдаунга тушириб қўйди. Тайсон ҳам ўрнидан турди, лекин ҳакам аллақачон жангни тўхтатганди.

Шу лаҳзадан бошлаб Майк Тайсоннинг фаолиятида пасайиш юзага келди. Кейинги 4 та жангни ютган бўлса-да, у тунги базмларни давом эттиради. Промоутерлар Майкни доимо оқлашга мажбур бўларди. Лекин 1991 йилда 18 ёшли модель Дезире Вашингтон боксчини зўрлашда айблаганидан сўнг, промоутерлар ҳам Майкни қутқариб қололмади. 1992 йил 10 февралда Тайсон 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Орадан 3 йил ўтиб, қамоқдан чиққан Майк яна рингга қайтади. У аввалги обрўсини қайтариб олиш истагида эди. Қамоқдан чиққанидан кейин ўтказган тўртинчи жангида Тайсон WBA бўйича жаҳон чемпиони Брюс Селдонга қарши рингга чиқади. Биринчи раунддаёқ Тайсон Селдонни нокаутга учратади.

Кейинги жанг Эвандер Ҳолифилдга қарши эди. 11 раунд давом этган жангда ҳакам Ҳолифилдни техник нокаут билан ғалаба қозонганини эълон қилди.

Реванш жанги 1997 йилда ўтказилди ва ўша машҳур қулоқ тишланиши билан якунланди. Тўртинчи раундда Тайсон Эвандернинг қулоғини тишлаб олади ва боксчилик лицензиясидан маҳрум бўлади.

1999 йилда Тайсон лицензиясини қайтариб олади. Унгача бўлган вақт давомида машинасига тегинган одамларни ургани учун 3,5 ой қамоқда ўтиради. Шундан сўнг Леннокс Льюис билан жангни эълон қилади. Бу бокс тарихидаги энг кассабоп жанг эди. Майк дастлабки дақиқаларни яхши бошлади, жанг ўрталарига бориб чарчаб қолди. 8-раундда Льюис собиқ чемпионни нокаутга учратди.

2005 йилда Тайсон Кевин Макбрайдга мағлуб бўлди. Шу жангдан кейин у фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Тайсон фаолияти давомида 50 та ғалабага эришган (44 таси нокаут билан) ва 6 марта мағлубиятга (5 таси нокаут билан) учраган.

Фаолиятини тугатганидан сўнг Тайсон рестлинг билан шуғуллана бошлади, киноларда рол ўйнади. Аввалги Тайсон ўзига ёқмаслигини ўзи ҳам тан олади. Эски одатларини ташлаб, бошқача ҳаёт кечиришга ҳаракат қилади. Тайсоннинг фақатгина кабутарларга бўлган севгиси ўзгармасдан қолган. Лос-Анжелесда жойлашган уйида уч мингга яқин кабутарларни боқади. У бокс тарихидаги энг буюк боксчи бўлиши мумкин эди. Лекин рингдаги жангларидан кўра аралашиб қолган машмашалари билан одамлар хотирасида қолди.

 

Манба

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг