Ибраҳимович, Жиру, Каванидан қимматроқ қийматга баҳоланган ва ўтган мавсумда Агуэро, Дибала, Вернердан кўп гол урган Элдор Шомуродов ҳақида

Ўзбекистон терма жамоаси ва «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов учун 2020/21 йилги мавсум унутилмас бўлди. «Дарё» 29 июнь куни 26 ёшини нишонлаётган ўзбекистонлик футболчининг айрим жабҳалардаги кўрсаткичларини бошқа топ футболчиларники билан солиштиради.

Трансфер қиймати ҳақида

Шомуродовнинг қиймати Transfermarkt маълумотларига кўра 7 миллион евро туради. Элдор трансфер қиймати бўйича Ўзбекистонда биринчи, «Женоа»да тўртинчи, Осиёда — 13, 1995 йилда туғилган футболчилар орасида — 113, А Серия футболчилари ва марказий ҳужумчилар орасида — 179, дунё бўйича 1226-ўринда.


«Женоа»да ҳаракат қилаётган футболчилар орасида фақат Жанлука Скамакка (15 млн евро), Лука Пеллегрини (9 млн) ва Давиде Заппакостадан (8 млн) ундан олдинда.

Ўзбекистон Суперлигасида фақат «Пахтакор» (9,4 млн) ва «ОКМК» (7,43 млн) таркиби Шомуродовнинг трансфер қийматидан қимматроқ. Бошқача айтганда Элдор ҳозирда ўзи туғилиб ўсган Сурхондарёнинг Суперлигадаги ягона вакили «Сурхон»дан уч баробар, ўзи тарбия топган «Машъал» таркибидан эса икки баробар қимматроқ.

Шомуродов трансфер қиймати бўйича Эдинсон Кавани (6 млн), Йосип Иличич (6 млн), Педро (5 млн), Эдин Жеко (4 млн), Златан Ибраҳимович (4 млн), Оливье Жиру (4 млн), Хуан Мата (4 млн), Артуро Видаль (3,5 млн), Фернандиньо (2 млн), Жоржио Кьеллини (1,5 млн) каби юлдузларни ортда қолдирмоқда.

2020/21 йилги мавсумдаги голлари ҳақида

Шомуродов А Серия ортда қолган мавсумида 31 ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урди. Бу борада Элдор қуйидаги юлдуз футболчиларни ортда қолдирди:

А Серия: Алексис Санчес, Эдин Жеко, Марио Пашалич, Йосип Иличич, Пауло Дибала, Иван Першич, Кристиан Эриксен, Аарон Рэмзи.
АПЛ: Мэйсон Гринвуд, Ришарлисон, Тэмми Абраҳам, Хамес, Тимо Вернер, Мэйсон Маунт, Кевин де Брюйне, Оливье Жиру, Кай Ҳаверц, Кристиан Пулишич, Серхио Агуэро.
Ла Лига: Жоау Феликс, Усмон Дембеле, Пако Алькасер, Марко Асенсио, Эден Азар, Папу Гомес, Винисиус Жуниор, Лукас Васкес.
Бундеслига: Леон Горетцка, Кшиштоф Пёнтек, Лерой Сане, Юссуф Поульсен, Кингсли Коман, Лука Йович, Эрик Шупо-Мотинг.
Лига 1: Анхель ди Мария, Александр Головин, Мауро Икарди, Стеван Ёветич, Пабло Сарабия, Юлиан Дракслер.

Элдор Шомуродов 1995 йилнинг 29 июнида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Элдор «Машъал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланиб, 2006—2014 йиллар мобайнида муборакликлар тизимида ҳаракат қилган. У шунингдек, «Бунёдкор» (2014—2017) ва «Ростов» (2017—2020) шарафини ҳимоя қилган қилган. Шомуродов 2015 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп тепиб келади. У терма жамоанинг расмий учрашувларида 46 та ўйин ва 20 та гол урган.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг