«Футболни мендан олиб қўйманг». Футбол, шахсий ҳаёт, Моуриньо ва Гвардиола ҳақида Кевин де Брюйне ҳикояси

Мен ростгўй инсонман. Шунинг учун сизга кичик бир сирни очаман. «Манчестер Сити»га келгунга қадар Раҳим Стерлинг ҳақида тасаввурга эга эмасдим. У билан умуман кўришмаганмиз, инглиз нашрларидан у ҳақида ўқиганимда Стерлинг мендан тубдан фарқ қилади деган таассурот пайдо бўлганди.

Ўйладим…

Хўш…

Тўғри, мен уни ёмон бола деб ўйламагандим. Аммо нашрлар уни ўзига бино қўйган инсон деб таърифларди. Шунинг учун мен уни… Буни инглиз тилида нима дейишарди?

Аҳмоқ эди-а адашмасам?

Раҳим билан деярли бир вақтда «Сити»га келганмиз. Газеталар «Челси» мендан воз кечгани, Раҳим эса «Ливерпуль»ни пул учун тарк этганини ёзарди. Бизни оғир характерли инсонлар деб таърифларди.

Албатта, ўзинг ҳақингда бундай гапларни ўқиганингдан кейин ўйлаб қоласан: «Ростдан ҳам бу менми?» Мен мураккаб инсон эмасман. Бу аҳмоқлик. Ахир улар мени ҳатто билишмайди ҳам! Лекин бошқалар ҳақида шундай хабарлар ўқисанг, уларга нисбатан муносабатингга таъсир кўрсатади. Бунга қарши ҳеч нарса қила олмайсан..

«Манчестер Сити»га келгач Раҳим билан учрашдим. Машғулотлардан кейин у билан бироз суҳбатлашдим ва «Шошманг, бу бола жуда ажойиб! Унда муаммо нимада?», — деб ўйлаб қолдим.

Тўғрисини айтганда, футболда ҳам, ундан ташқарида ҳам яқин дўстларим бўлмаган. Инсонларга очилишим учун жуда кўп вақт керак бўлади. Вақт ўтиб Раҳим билан яқин бўлиб кетдик, чунки фарзандларимиз деярли бир вақтда дунёга келди, улар бирга ўйнайди. Ҳақиқий Раҳимни танигач, у ақлли ва самимий инсонлигини билдим. Газеталарда таърифланган Раҳимдан тубдан фарқ қилади.

Мана ҳақиқат: Раҳим — мен футболда учратган энг яхши, энг самимий инсон.

Бир куни Раҳим билан суҳбатлашиб ўтирганимизда у: «Дўстим, сен умуман бошқача инсонсан деб ўйлагандим. Кўринишингдан одамови ва уятчандексан. Аслида эса сен бир ажиб инсонсан», — деди.

Жавоб бердим: «Ҳазил ҳисси билан муаммом бор».

У: «Катта муаммо».

Ва сўради: «Мен ҳақимда нима деб ўйлагандинг?».

Мен: «Тўғрисини айтайми? Сени димоғдор инсон деб ўйлагандим».

У менга назар ташлади ва: «Қўйсанг-чи!», — деди.

Мен эса унга қараб: «Нима қилибди? Сен мени ғалатироқ деб ўйлаган экансан-ку», — дедим.

Бу жуда катта сабоқ бўлди. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, футболчилар сиз тасаввур қилганингиздан умуман фарқ қилиши мумкин, айниқса уларни яқиндан билгач.

Раҳим мен ҳақимда нега ундай ўйлаганини биламан. 16 ёшимдан буён булутлар доим мени таъқиб қилади.

Мен сизга ўз ҳикоямни айтиб бераман, лекин тўғри тушунинг, инсон ўзи ҳақида гапириши — мен учун дунёдаги энг оғир вазифа. Футбол? Сиз билан футбол ҳақида соатлаб суҳбатлашишим мумкин. Лекин шахсий ҳаёт ҳақида эмас — бу мен учун оғир.

Табиатим шунақа. Буни тушунасиз, деб ўйлайман.

Болалигимда жудаям камгап ва уятчан эдим. PlayStation’им йўқ эди. Атрофимда дўстларим ҳам бўлмаган. Ўзимни футбол билан овутардим. Майдондан ташқарида мен ҳеч ким билан гаплашмасдим. Ҳа, шунақа камгапман. Болалигимдан.

Ёш бўлганинг учун одамлар сенинг ҳаракатларингни нотўғри талқин қилаётганини тушунмаслигинг мумкин. Мен ана шундай оғир вазиятни бошимдан ўтказганман.

14 ёшимда ҳаётимни ўзгартириб юборадиган қарорни қабул қилдим. «Генк» академиясига бориш имконияти пайдо бўлди. Шунинг учун Бельгиянинг бошқа қисмига ёлғиз ўзим боришимга тўғри келди. Академия уйимдан 2 соатлик узоқ масофада эди. Аммо ота-онамга у ерга боришим кераклигини тушунтирдим.

Муаммо шундаки, мен ўз шаҳримда ҳам уятчан эдим. Бегона шаҳарда эса ўзимни қандай тутганимни тасаввур қилаверинг. Унинг устига ёлғиз эдим. Ижтимоий ҳаётни қуришни ўргана олмадим, фақатгина якшанба кунлари уйимга бориб ота-онамни кўришим мумкин эди. Академиядаги дастлабки икки йилим шу тариқа ўтган.

«14 ёшингда сенга бу нарсалар нимага керак?», — дерсиз.

Жавобим битта: футбол ўйнаганимда бошқа нарсалар иккинчи даражага тушиб қолади. Муаммоларимнинг барчаси унутилади.

Қисқа қилиб айтганда — бу менинг ҳаётим.

Биринчи йил мен ётоқхонада яшадим. Кейинги йил эса бир оила менга васийлик қиладиган бўлди. Клуб бу учун уларга пул тўларди. Мен ва яна икки бола улар билан яшай бошладик. Шундан сўнг ҳаётим яхшилана бошлади.

Барибир кўп вақтимни ёлғиз ўтказардим. Мактабда ва футболда ишларим жойида эди. Ҳеч қанақа жанжалларга аралашмасдим.

Йил охирида чамадонимни олдим ва у оила билан хайрлашдим.

Улар: «Таътилдан сўнг яна кўришамиз. Ёзни яхши ўтказ», — деди.

Уйга келиб эшикни очсам онам йиғлаб ўтирган экан. Қандайдир кўнгилсиз воқеа юз берган деб ўйладим.

«Нима бўлди?».

Шунда онам ҳаётимни ўзгартириб юборган сўзни айтди.

«Улар сенинг қайтишингни истамаяпти».

— Ким ҳақида гапиряпсиз?

— Сенинг васий оиланг. Улар билан бирга яшашингни хоҳламаяпти.

— Нега?

— Характеринг туфайли. Сен жуда камгапсан. Сен билан қандай муомала қилишни билолмаётган экан. Характеринг оғирлигини айтди.

Мен ҳайратда қолдим. Улар бу ҳақда ўзимга айтмаган эди, ҳеч қанақа муаммо йўқ деб ўйлардим. Хонамга кирардим ва ҳеч кимга халақит бермасдим. Кетаётганимда ҳам ҳеч нарса бўлмагандек хайрлашишган эди. Кейин эса клубга хабар қилиб энди мен уларникига бормаслигимни айтишибди.

Бу менинг фаолиятимга жиддий зарба эди. Чунки юлдуз эмасдим, клуб мени муаммо туғдиради деб ўйлаб қолди. Раҳбарият ота-онамга қўнғироқ қилиб бошқа оила учун пул тўлай олмаслигини айтди. Яна ётоқхонага қайтдим.

Битта ибора хаёлимдан кетмайди: «Сенинг характеринг туфайли». Тўпни олиб чиқиб кетардим ва соатлаб футбол ўйнардим. Ўшанда ўзимга ўзим: «Ҳаммаси яхши бўлади. Икки ойдан кейин биринчи жамоада бўламан. Уйга омадсиз инсон сифатида қайтмайман», — деб далда берардим.

Таътилдан сўнг «Генк»га қайтдим. Мени иккинчи жамоага ўтказишган эди. Машғулотларда ўзимни кўрсата олмасдим. Лекин ичимда олов ёнаётганди.

Ҳаммасини ўзгартириб юборган вазиятни эслайман. Жума куни тунда футбол ўйнадик. Мен захира ўриндиғида эдим. Иккинчи бўлимда майдонга тушдим ва шунчаки ақлдан оздим.

Биринчи гол.

Улар энди сени хоҳламайди.

Иккинчи гол.

Сен жудаям камгапсан.

Учинчи гол.

Жуда вазминсан.

Тўртинчи гол.

Улар энди сени хоҳламайди.

Бешинчи гол.

Сенинг характеринг туфайли.

Мен бир бўлимда бешта гол ургандим.

Шундан кейин барчаси ўзгарди. Икки ой ичида мен биринчи жамоага ўтдим. Клуб яна бирорта оилага мен учун пул тўлашга тайёрлигини айтди.

Ўша оила яна клубда пайдо бўлди ва мен билан ҳеч нарса бўлмагандек гаплаша бошлади. «Қайтишингни хоҳлагандик. Шунчаки ҳафта давомида ётоқхонада вақт ўтказиб дам олиш кунлари бизникига боришингни истагандик!».

Улар мени хафа қилишганди. Энди эса қайтишимни исташяпти.

Аслида уларга раҳмат айтишим керак. Бу мен учун сабоқ бўлганди. Шундай бўлса-да, булутлар анча вақт мени таъқиб қилди. «Генк»да ҳам, «Челси»га ўтганимда ҳам газеталарда менинг оғир характерим ҳақида ёзиларди.

Баъзан майдонда «портлашим» ҳақиқат. Мен чидаб тураман, кейин эса ўзимни назорат қилолмайман. Бир неча сониядан кейин эса ўзимга келаман.

«Челси»да ўйнаб юрган вақтимда Жозе Моуриньо билан муносабатларимиз ҳақида миш-мишлар кўп бўларди. Мен у билан бор-йўғи икки марта гаплашганман. 2012 йилда «Вердер»га ўтдим. Ўша мавсум яхши ўтди.

Ёзда «Челси»га қайтгач Бундеслигадан таклифлар туша бошлади. Юрген Клопп «Боруссия»га ўтишимни хоҳларди. Дортмундликларнинг ўйин услуби менга ёқади. Агар «Челси» қўйиб юборса ўша ерга ўтмоқчи эдим.

Моуриньо менга хабар йўллади: «Сен қоласан. Жамоанинг бир қисми бўлишингни истайман».

Ўйлаб қолдим: «Жуда яхши. Мен унинг режаларига кирибман».

Мавсумолди машғулотларда муҳит жуда яхши эди. Мавсумнинг дастлабки тўрт ўйинининг иккитасида асосий таркибда майдонга тушдим. Ишларим яхши кетаётганди. Тўртинчи ўйиндан кейин барчаси якунланди. Мен захирага михландим ва умуман имкониятга эга бўлмадим. Сабабини тушунтиришмади. Шунчаки захирада ўтирардим.

Албатта, хатолар қилгандим. Ўзимни АПЛ футболчиларидек тута олмасдим. Агар футболчи мураббийнинг режаларига кирмаса, машғулотларда ҳам унга эътибор бўлмаслигини кўпчилик мухлислар билмаса керак. Жуда кўп жамоаларда шу ҳол юз беради, гўёки сен йўқдек.

Агар мен билан ҳозир шу ҳолат юз берса муаммо бўлмасди. Мен ёлғиз машғулот ўтай оламан, тажрибам бор. Лекин 21 ёшингда нима қилиш кераклигини тушунмайсан. «Суиндон Таун»га қарши Кубок ўйинида менга яна бир имконият берилди. Лекин унда мен формада эмасдим. Шу билан барчаси тугади.

Декабрь ойида Жозе мени офисига чақирди. Унинг ёнида бир қоғоз турганди ва у менга қараб: «Битта тўп узатиш. Гол йўқ. Ўн марта тўпни олиб қўйиш», — деди.

У нима демоқчилиги тушунишим учун бир дақиқа вақт кетди.

Кейин у бошқа ҳужумкор футболчилар — Виллиан, Оскар, Шюррле, Маталарнинг статистикасини ўқиб берди.

5 та гол, 10 та голли узатма, барчаси шунга ўхшаш.

Жозе мен нимадир дейишимни кутди. Мен ҳам жим турмасдан гапирдим: «Жамоадошларим 15-20 та ўйинда майдонга тушди. Мен эса 3 та ўйинда иштирок этдим. Кўрсаткичлар фарқланиб туриши керакми?»

Кейин менинг ижарага кетишим ҳақида суҳбатлашдик. Мата ҳам Жозенинг режаларига кирмаган эди. «Биласанми, Мата кетса ҳам сен таркиб учун олтинчи эмас, бешинчи номзод бўлиб қоласан. Ҳеч нарса ўзгармайди», — деди Моуриньо.

«Жамоа менга эҳтиёж сезмаяпти. Мен футбол ўйнашни истайман. Мени трансферга қўйишингизни сўрайман».

Жозе мендан хафа бўлди, лекин футбол ўйнашга бўлган иштиёқимни тушунди, деб ўйлайман. Клуб мени ҳеч қандай муаммоларсиз сотиб юборди. «Вольфсбург» энди менинг янги жамоам эди.

У ерда ҳаммаси ўзгариб кетди. Фақатгина футбол туфайли эмас. Ёнимда бўлажак рафиқам ҳам бор эди. У менга жуда кўп нарсаларни ўргатди.

Барчаси твитдан бошланди. «Вердер»да ижарада ўйлаб юрган вақтларимда бир неча минг мухлисим бор эди, холос. Twitter’да ўйин ҳақида бир-икки мулоҳазаларимни ёзиб қўярдим. Бир чиройли қиз менга лайк босди. Мен ва дўстим бир вақтда бунга эътибор қаратдик. Шунга у: «Жуда ёқимтой қиз экан. Сен унга ёзишинг лозим», — деди.

«Йўқ, йўқ, йўқ,  йўқ. Одамларга ёқмайман. Улар мени тушунмайди. У менга жавоб ёзмайди», — деб жавоб бердим.

Дўстим телефонимни олиб қўйди ва унга хабар ёзди ва мендан жўнатишга рухсат сўради.

Мен полда ётардим ва ўзимни аҳмоқдек ҳис қилардим. Лекин негадир хабарни жўнатишга рози бўлдим.

Мана шу вазиятнинг ўзи кўп нарсани гапиради, шундай эмасми? Мен катта футболчи бўлишим керак эди, аммо бўлажак рафиқамга ёзишга ҳам журъатим бўлмаган.

Бахтимга у хабарга жавоб ёзди. Бир неча ой мобайнида ёзишиб юрдик. У билан танишганимдан хурсанд эдим. У ҳаётимни ўзгартириб юборди. Усиз нима қилардим ҳайронман.

Турмуш ўртоғим — ҳаётимдаги энг муҳим инсон. 19 ёшида мен билан бирга орзуларимни рўёбга чиқариш учун кетишга рози бўлди. Бу саёҳатни бирга ўтказдик.

2015 йилги трансферлар ойнасида турмуш ўртоғим ҳомиладорлигини билдим. Менга «Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Бавария»дан таклифлар келиб тушганди. Биз фарзанд кутаётгандик, қаерда яшашимиз эса номаълум эди.

«Сити»га ўтишни истадим. Венсан Компани менга хабар ёзди. У режалар қанақалигини айтди. Менга бу ёқди. Лекин мен «Вольфсбург»га нисбатан ҳурматсизлик қилишни хоҳламадим. Шунинг учун жим туришни маъқул кўрдим. Ҳаммаси оддий эди!

Уч ҳафта мобайнида ҳар куни агентим: «Ҳаммаси ҳал бўлди. Шошма, бекор қилинди. Ҳаммаси ҳал бўлди. Йўқ, яна бекор қилинди», — деб айтарди.

Бу стресс турмуш ўртоғимга ҳам таъсир кўрсатди. Бир куни эрталаб уйғонганимизда у ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Нима қилишни билмасдик. Балки, болага нимадир бўлгандир. Шифохонага бордик. Шифокорлар болани йўқотиш хавфи мавжудлигини айтди. Бу ҳаётимдаги энг ёмон лаҳза эди. Қўлингдан ҳеч нарса келмайди, шунчаки ўтирасан. Эҳтимол, трансфер тезроқ амалга ошса ҳаммаси ўзгариб кетар.

Турмуш ўртоғим ва фарзандимга ҳеч нарса қилмади.

Фарзандимсиз қандай яшардим билмайман. Бу ҳаётимдаги учинчи бурилиш эди. Футбол — бу ҳаёт ва ўлим эмас. 23 ёшимгача футболга жудаям боғланиб қолганимни ҳис қилдим. Турмуш ўртоғимни учратгач, айниқса, фарзандим туғилгач мен ҳеч нарсани ёлғиз амалга оширмайдиган бўлдим. «Манчестер Сити»га ўтгач барчаси ўзгариб кетди, албатта, Пеп келганидан сўнг.

У билан менталитетимиз ўхшаш. Гвардиола ҳаммадан ҳам кўпроқ футболдан завқ олади. Доим босим остида юради. Биз, футболчилар, жуда катта психологик стрессни бошдан ўтказамиз, лекин у икки баравар кўпроқ азият чекади деб ўйлайман. Чунки у шунчаки ғалаба қозонишни истамайди. Буни мукаммал тарзда амалга оширишни хоҳлайди.

Пеп билан биринчи кўришганда у менга шундай деди: «Кевин, эшит. Сен дунёдаги энг кучли 5 футболчи ичига бемалол кира оласан. 5 нафар энг яхши. Бемалол».

Мен ажабландим. Гвардиола буни шунчалик ишонч билан айтдики, бу менинг психологиямни ўзгартириб юборди. У ҳақ эканлигини исботлашга ҳаракат қилишим лозим эди.

Одатда футбол — негатив ва қўрқувдан иборат. Лекин Пеп билан эса позитивга айланади. У эришиб бўлмас мақсадларни олдига қўяди. У тактик жиҳатдан жудаям кучли мураббий, бунга шубҳа йўқ. Аммо одамлар у мукаммалликка эришиш учун чекаётган азобини ташқаридан кўра олмайди.

Турмуш ўртоғим менда нимадир ғалати эканлигини айтади. Биз 7 йилдан буён биргамиз, у ҳеч қачон йиғлаганимни кўрмаган. Ҳатто дафн маросимларида ҳам йиғламасдим. Аммо «Фулҳэм»га қарши ўйинда (2018/19 йилги мавсум) жароҳат олдим. Шифокорлар бир муддат футбол ўйнай олмаслигимни айтди. Ҳаттоки кийимингни бировнинг ёрдамисиз кия олмаслигинг — бу даҳшат. Турмуш ўртоғим эндигина иккинчи фарзандимизни дунёга келтирган эди.

У шифохонадан уйга қайтди. Мен FaceTime’дан унга қўнғироқ қилдим.

Сўрадим: «Болакай қандай? Ҳаммаси жойидами?»

У эса: «Ҳаммаси яхши. Йиғлаяпсанми?»

Кўзимда ёшлар бор эди, шекилли.

Унга хабарни айтишга мажбур бўлдим: «Менда ёмон хабар бор. Яна тизза. Бир қанча муддатга сафдан чиқдим. Болаларга ўзинг ғамхўрлик қилиб туришингга тўғри келади».

Кейин ростдан ҳам йиғлаб юбордим. Бу фарзандли бўлганим учун қувонч ёшларимиди ёки жароҳатланганим учунмиди билмадим. Балки, иккаласи сабаблидир.

У эса ишонгиси келмасди: «Сен тўйимизда ҳам йиғламагансан! Фарзандли бўлганингда ҳам йиғламагансан!».

Тўй, дафн маросими, туғилган кунлар? Ҳеч бирида йиғламаганман.

Агар футболни ҳам мендан олиб қўйсангиз нима бўлади? Мен бунга дош беролмасам керак.

«Манчестер Сити»нинг лойиҳаси — ғалабадан ҳам ортиқроқ. Гап алоҳида олинган ўйин услуби ва умумий фалсафа ҳақида кетяпти. Шу сабаб эрталаб уйғонганимиздан футбол ҳақида ўйлаймиз.

Оддий футбол ўйнаш — аслида дунёдаги энг қийин иш. Мен шундан завқ оламан.

Биз мақсадимизга эришамизми ёки йўқ, биз пайдо қилган тўлқинни футболни севадиган мухлислар ҳис қилиши лозим.

Роҳат.

Бу ҳақиқатан ҳам мен учун роҳат.

Мен ҳаммага ўхшаган эмасман, ҳаётим футболдан иборат. Лекин шу менинг ҳикоям.

Менга гапиришга қўйиб берганингиз учун, раҳмат.

Кевин де Брюйне

Туғилган йили: 1991 йил 28 июнь

Фуқаролиги: Бельгия

Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Ўйнаган жамоалари:

2008-2012 — «Генк»

2012-2014 — «Челси»

2012 — «Генк» (ижара)

2012-2013 — «Вердер» (ижара)

2014-2015 — «Вольфсбург»

2015 йилдан буён «Манчестер Сити»

Эришган совринлари:

«Генк»

• Бельгия чемпиони: 2010/11

• Бельгия Кубоги: 2008/09

• Бельгия Суперкубоги: 2011

«Вольфсбург»

• Германия Кубоги: 2014/15

• Германия Суперкубоги: 2015

«Манчестер Сити»

• Англия чемпиони: 2017/2018, 2018/19, 2020/21

• Англия Кубоги: 2018/19

• Англия Лига Кубоги: 2015/16, 2017/18, 2018/19, 2019/20, 2020/21

• Англия Суперкубоги: 2018, 2019

• УЕФА Чемпионлар лигаси финалчиси: 2020/21

Кевин де Брюйне Бельгия терма жамоаси билан Евро—2020 мусобақасининг чорак финалига чиқди. Португалияга қарши бўлиб ўтган нимчорак финал ўйинида (1:0) Кевин жароҳат олиб майдонни тарк этди.

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг