“Олтин тўп” соҳибларини етиштириб берадиган «Спортинг» академияси ҳақида (1-қисм)

«Спортинг» академияси бир йўла иккита “олтин тўп” соҳибини етиштириб бергани билан мақтана олади: Криштиану 12 ёшида, Луиш Фигу 13 ёшида бу ерга ташриф буюришган. Кейин эса улардан икки хил аммо буюк тарих қолди.

1997 йил «Спортинг» фан-клуб президенти Мадейрадан туриб Аурелио Перейрага (академия президенти) қўнғироқ қилади ва оролда жойлашган мактабда янги иқтидорли футболчини кўрганини айтади. Перейра тезда ўз скаутини юборади. Аммо скаут етиб келганда Роналдунинг ўйини аллақачон тугаган ва «Насионал»нинг бошқа ёш тоифасидаги жамоаси майдонда ўйнаётган бўлади.

Аммо унинг бахтига Роналду қўшни майдонда бир ўзи тўп билан муомала қилаётганига кўзи тушади. 30 дақиқа ичидаги унинг финтлари ва зарбалари томошасидан сўнг скаут Перейрага қўнғироқ қилади. Шу тариқа Криштиануни Лиссабонга таклиф этишади.

Даслтаб унинг академиядаги ҳаёти оғир кечади: яқинлар соғинчи, тез-тез Мадейрага сафарлар (бошқа футболчиларга йилига фақат икки марта бунга рухсат этилган), ўқиш билан муаммолар, жамоадошлари билан чиқишиб кетиш муаммоси. Аммо академия вакиллари бу қийинчиликларга ечим топа олишди. Роналду учун алоҳида руҳшунос ва алоҳида Мадейрадан мураббий унга тайинланиши футболчининг янги муҳитга мослашиш жараёнини енгиллаштирди.

Унинг академияда ўзини ҳис қилиши яхшиланди. Бироқ Роналдунинг қайсарлиги сақланиб қолди. Ўқитувчилар гапига кирмаслик, тартиб интизомнинг бузиш ҳолатлари унда тез-тез кузатилиб турди. «Спортинг» эса бунга қарши чоралар қўллашни бошлади. «Маритиму»га қарши баҳс қайдномасидан Роналду олиб ташланди. Жамоа етакчисига айланиб улгурган Криштиану бу ҳолатга чидай олмади ва мураббийга бақириб бунинг сабабини билишни истади. Аммо таркиб ўзгармади. Роналду айбини тушинди.

Академияда Роналдунинг етакчилик қобилиятини яхши кўришар эди. Чунки у майдонда ҳам майдон ташқарисида ҳам жамоадошларига руҳий томондан ёрдам берарди. Аммо «Спортинг»да эгоистик характери бор ўқувчилар бирдек жазоланарди.

Айнан «Спортинг»да Роналду озғин кучсиз болакайдан ҳақиқий атлетга айланди. У жамоага келган 12 ёшилик пайтида жамоадошларидан кучсиз эди. Бироқ тинимсиз машғулотлар уни жисмонан ва кординация томондан кучли қилди.

Академия Президенти Роналдунинг ўзи устида ишлаши ҳақида: “Ёшлар учун янги база қурилаётганида, болалар резиденцияда яшаб туришларига тўғри келди. Буни оқибатида тренажер зали билан муаммо юзага келди. Ёнимизда эса автомобиль йўли бор эди. Ҳар куни эрталаб светофор тагида Роналду оёқларига юк боғлаб бу йўлда спринт машқлари билан шуғулланарди. У бу машқлар кучни ошишига ва тезлик ортишига сабаб бўлишига ишонар эди”

Ҳозирда эса Роналдунинг расмлари академиянинг барча хоналарида осилган. 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб академияга Криштиану Роналду номи берилди.

«Спортинг» базасида Луиш Фигу суратлари ҳам анчагина топилади. Бу талантнинг кашф этилиши ҳақида кейинги қисмда сўз boradi…

Дўстларингизга билан баҳам кўринг