«Салоҳ — Аллоҳнинг инъоми». Нагриг қишлоғидан бўлган болакайнинг футбол чўққисига қадар босиб ўтган йўли

Бугунги кунда Муҳаммад Салоҳ Мисрнинг рамзи ҳисобланади. Камбағал оиладан чиққан болакай футбол оламидаги энг ёрқин юлдузлардан бирига айланди. Унинг болалиги қандай ўтган? Қанақа қийинчиликларни бошидан ўтказган? Нега айнан футболни танлади? Қуйида шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб берувчи ҳикоя тақдим этилади.

Жасминлар юрти ва сирли қишлоқ 
Муҳаммад Салоҳ туғилган Нагриг қишлоғига бориш осон кечмайди. Ғалати ном билан аталган қишлоққа йўлни кўрсатувчи белгилар йўқ. Биз қишлоқ деб атайдиган жойда 15 минг аҳоли истиқомат қилади. Салоҳнинг туғилган қишлоғи Миср пойтахти Қоҳирадан 131 километр узоқликда жойлашган. Манзилга етиш учун 3 соат йўл юриш керак. Сизни йўлда кўприклар, чорраҳалар, айланма йўллар кутиб туради. У ерда сиз 1960 йиллардаги Европа автомобиллари даврига тушиб қолишингиз мумкин.

Атрофингизни транспорт воситалари ўраб олганини, болалар шовқини, 4 ўриндиқли мотоцикллар, унда кетаётган аёлларнинг бола кўтариб олганини кўриш бу ерда одатий ҳол. Озгина юргач прожекторлар билан ёритилган сунъий майдон ва унда севимли футболчисининг футболкасини кийиб, югуриб юрган болаларни кўришингиз мумкин. Четда эса болаларнинг ўйинини томоша қилаётган катталарни кўрасиз.  Қандай қилиб қишлоқда шундай яхши майдон пайдо бўлиши мумкин? Бировлар стадионни ҳарбий хизмат вакиллари қурган деса, бошқалар буни «Ливерпуль» ҳомийси бўлган Pepsi’нинг иши дейди.

Муҳаммад Салоҳнинг туғилиб-ўсган жойини кўриш учун бутун дунёдан журналист ва операторлар ташриф буюради. Нагриг ўзининг қизил пиёз ва жасминлари орқали машҳур. Бу маҳсулотлар Францияга, Россияга ва Украинага экспорт қилинади.

Ниҳоят Салоҳнинг оиласи истиқомат қиладиган уйга борамиз. У ер қандай кўринишга эга? Бошқа уйлардан ажралиб турмайди. Лекин эътибор қаратиладиган бир жиҳат бор: дарвозада ташқи кузатув камералари жойлаштирилган. Бутун қишлоқдаги ягона кузатув камераси бор уй. Қўшнилар Салоҳнинг оиласи уйда йўқлигини айтади: улар ё Қоҳирада, ё Англияда. Бу ерга ташриф буюраётган журналистлардан қочиш мақсадида қишлоқдан кетганини айтишди.

Салоҳнинг сирли ҳикоясини эшитишимиз учун бизга Нагриг мери билан учрашув ташкил қилинди. Меҳмонхонада олтин рангдаги диван ва кресло жойлашганди. Ёши катта эркак кўзойнагини тўғрилаб ҳикоясини бошлади.

«Муҳаммад яхши оилада туғилган. Отаси давлат хизматчиси ва жасмин экспорти билан шуғулланувчи киши эди. Онаси эса офисда ишларди. Унинг оиласи футболни яхши кўрарди. Унинг отаси, Салоҳ Ҳамид Меҳрез Заки Гали, 80—90 йилларда маҳаллий ҳаваскор жамоада футбол ўйнаган. У ҳимояда яхши ўйнаган. Амакиси ҳам футболчи бўлган. Салоҳнинг футболчи бўлишига уларнинг таъсири катта. Кичкина Муҳаммадни Ал-Маҳалла шаҳрига, «Баладеет» футбол жамоасига тиббий кўрик учун олиб боришади. Аммо клубга қабул қилинмайди. Натижада у бу ердан бир неча километр узоқдаги «Иттиҳод Басюн»да ўйнайдиган бўлади».

Мернинг уйи яқинида сартарошхона жойлашган. Унда Муҳаммаднинг собиқ жамоадоши ишлайди. «Биз у билан бир пайтлар мактаб яқинида футбол ўйнардик, — эслайди у. — Ўйинни доим иккаламиз бошлардик. Кейин эса бошқа болалар келиб қўшиларди. Ўйинни томоша қилиш учун одамлар келарди. Муҳаммад ўша пайтлари порлашни бошлаганди. Истеъдодли болалар кўп эди. Одамлар кимни қайси жамоага ўтиши мумкинлигини муҳокама қиларди. Муҳаммад иккаламиз «Иттиҳод Басюн»га ўтдик. Шундан сўнг унинг фаолияти бошланди. Салоҳ шу пайтгача ўзгармаган. Оддий ва самимий инсон».


Муҳаммаднинг бошқа бир дўсти у ҳақида: «Салоҳ кафеда пинг-понг ва билярд ўйнайди, суратга тушишни сўраган болалар билан селфи тушади ёки дастхат улашади, — дейди. — Муҳаммад қишлоғимиз анъаналарини ҳурмат қилади. Ҳар байрамда келиб, ота-онасини ҳам кўриб кетади».

Қишлоқдан Муҳаммад ал-Баҳнасини қидирдик. Айнан унга Муҳаммаднинг отаси, амакиси ва акаси хайрия учун ажратиладиган 50 минг миср фунтини ишониб топширган. Бу пуллар ҳар ойда муҳтож оилаларга тақсимланиши лозим. «Пуллар беваларга, етимларга, кўп фарзандли оилаларга, қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларга етказилади», — дейди қария. У кўк сиёҳ билан ёзилган дафтарни кўрсатади. Унда ёрдамга муҳтож инсонларнинг исмлари ёзилганди. «Биз ҳар бир вазиятни ўрганамиз ва ёрдам беришга ошиқамиз. Бу Салоҳнинг хайрияларининг бир қисми, холос. У яна бир қанча оилаларга ўз ёрдамини кўрсатади. Кимга, қандай ёрдам берганлигини сир тутишни истайди». Қария дафтарни столга қўйди ва кўзойнагини тўғрилаб, қўшимча қилди: «Мисрдаги иқтисодий вазиятни ҳисобга олсак, Салоҳга ўхшаган инсонларнинг ёрдамлари биз учун жуда зарур. Салоҳ — Аллоҳнинг инъоми. Унинг ёрдами билан мен бахт улашувчи инсонга айландим», — дейди ал-Баҳнаси.

Салоҳ машғулотларга бориш учун 4 соат йўл юрарди. Куч қолмасди, автобус ёнида ухлаб қоларди
Биз «Иттиҳод Басюн» стадионига боришимиз билан маҳаллий болалар қуршовида қолдик. Улар Муҳаммад Салоҳнинг исмини айтиб ҳайқиришарди. Атрофда одамлар кўпайиб борар, улар араб тилида гапирарди. Улар Роналду, Месси, Неймар ва Мбаппе каби юлдуз футболчиларни танирди, «Реал Мадрид», «Барселона», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» каби грандларни биларди. Таржимон орқали бири Муҳаммад сингари чап қанотда ўйнашини, бири чапоёқ эканини, бири эса худди у сингари Англияга бориб тўп суриш орзуси эканлигини айтарди. Мураббий болалардан тинчланишини ва саволларни бирин-кетин беришни сўрарди.

«Османсон Танта»да Салоҳ бир мавсум: 2005 йилдан 2006 йилгача ўйнаган. Мураббийлар болакайнинг иқтидорга эга эканини, уни пойтахтга қандай жўнатганини дарҳол эслашди.

Шундан сўнг «Араб Контракторс» стадионига етиб бордик. У ерда Ауад ва Али бизни кутиб олди. Спорт комлексига киришга рухсат берилгунга қадар биз Салоҳнинг ўтган сафарги ташрифида туширилган расмларни томоша қилдик. «Муҳаммад Салоҳ ҳақиқатдан ҳам жуда узун саргузаштларни бошидан кечирган, — дейди Салоҳ ҳақидаги китоб муаллифи. — Нагригдан Аш-Шин томонга 2 километр масофани баъзан пиёда, баъзан велосипед билан босиб ўтарди. У ердан Басюнга автобус бўларди. Басюндан кейин Тантага, Тантадан Қоҳира майдони Рамсесга бориш керак эди. Олдинда «Ал-Мокавлун» томонга автобус бор эди. Тиғиз тақвимда микроавтобус одамлар билан тўларди».

Салоҳнинг болаликдаги дўсти Муҳаммад Абу Ҳатаб бу ҳақида: «Баъзан Салоҳнинг деразадан ичкарига киришига ёрдамлашардим. У эса иккаламизга жой оларди», — дейди.

4-4,5 соат боришга, худди шунча вақт эса қайтишга вақт кетарди. 14 ёшли футболчи эрталаб 07:00 да уйғонарди, соат 08:00 да мактабга бориши ва 9:30 гача дарсларга қатнашиши керак эди. Мактабдан чиққач Қоҳирага бориш лозим бўларди. «Араб Контракторс» Салоҳ 14:30 даги машғулотларга улгуриши учун дарслардан озод қилишни сўраб хат ёзиб, мактабига жўнатади.  Машғулотлар 18:00 гача давом этарди. У ювиниб олиб, дарҳол ортга қайтарди. Агар ҳаммаси жойида бўлса, у 22:00—22:30 да уйида бўларди. Эртаси куни эса барчаси қайтадан бошланарди.

Салоҳнинг онаси бундан хавотир оларди. У Муҳаммадни опа-укалари ёнида қолишини хоҳлар эди. Ҳар сафар фарзандининг аҳволини билиш учун телефон қилганида Салоҳ гўшакни кўтармасди. Отаси эса турмуш ўртоғини тинчлантириб: «Унинг футбол ўйнашига қўйиб бер. Кейин нима бўлишини кўрамиз», — дерди.  Ниҳоят ичкарига киришга рухсат тегди.

Ҳамди Нуҳ, Муҳаммад Салоҳнинг собиқ мураббийи ва иккинчи отаси, қувонч билан эски хотираларини ёдга олади: «Уни биринчи кўрганимдаёқ иқтидорли бола эканини билган эдим. У чапоёқ эди. 14 ёш бўлишига қарамасдан ўйинга профессионалларча ёндашарди. Салоҳ жуда камгап бўлган. Маслаҳатларни диққат билан эшитарди. Унинг жавоби доим бир хил бўларди: «Яхши, мураббий, раҳмат, мураббий», — хотирлайди Нуҳ.


Хотиралар бўйича эстафета таёқчасини Саид аш-Шишини олди. У Муҳаммад Салоҳга «Контрактос»нинг U-16 ва U-17 жамоаларида устозлик қилган.

«Қоҳира ёшлар лигасида 16 ёшли болалар билан меҳмонда ўйин ўтказдик. Рақибимиз кучли эди. Биз 4:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Муҳаммаддан бошқа ҳамма ғалабани нишонлади. Унинг шериги Зика ҳет-трик қайд этганди. Мен иккала ёш футболчини ёнимга чақирдим. Зикага 50 фунт бердим. Салоҳга эса гол урмаган бўлса ҳам 25 фунт бердим. Келажакда унда имкониятлар бўлишини, голлар уриб, тўпурар бўлишини айтдим. Мен шунчаки чиройли сўзлаш учун гапирмагандим, унинг кўзидаги ғазаб, ёшларни кўриб, уни тушунгандим. Шундан сўнг U-17 ёшлилар ўртасидаги миллий лигада 35 та гол урганди».

Нагриглик 19 ёшли футболчи 2010/11 йилги мавсумда 20 та ўйинда майдонга тушди. Миср Премьер Лигасида 4 та гол ва мамлакат Кубогида 1 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Салоҳ Миср U-20 терма жамоасига чақирилди. Афсуски, ёшлар ўртасида бўлиб ўтган мундиалда Миср терма жамоасига омад кулиб боқмади. Нимчорак финалда Аргентина мисрликларни мусобақадан чиқариб юборди. Ватанига қайтган футболчининг Европа жамоаларига кетиши ҳақидаги миш-мишлар кўпайди. «Контракторс» спорт директори Муҳаммад Салоҳ сотилмаслигини оммавий эълон қилди. У жамоанинг келажаги эканини таъкидлади. Мавсум охирида Салоҳ бир оёғи билан «Ал-Аҳли» жамоасида эди. Лекин жамоа футболчини қолишга кўндирди.

«Базел» скаутлари футболчини кузатишни бошлади. Мисрдаги назорат учрашуви гумонларга ўрин қолдирмади: «Шартнома имзолаймиз»


«2011 йил август ойида мени U-20 ўртасидаги мундиални кузатиш учун юборишди, — эслайди собиқ аргентиналик ҳимоячи ва «Базел» скаути Роберто Краусас. — Мусобақа бошидан Мисрнинг ўйини мени ҳайратга соларди. Ўшанда мен Муҳаммад Салоҳни ўзим учун кашф этдим. У қатнашган 3 та ўйинни диққат билан томоша қилдим».

Краусас дарҳол «Базел»нинг скаутлар департаментига хабар қилди. Ҳисоботида Салоҳни «жуда юқори тезликка ва тўп билан қойилмақом муомала қилади», деб таърифлади.

Ўша вақтда «Ньюкасл» ҳам футболчига қизиқиш билдирганди. Лекин уни ижарага олиш учун 500 минг фунт тўлашни истамагани сабабидан Салоҳ Англияга ўтмай қолган.

«2012 йил январда бир немис агенти менга қўнғироқ қилди ва Муҳаммад Салоҳни таклиф қилди, — хотирлайди «Базел» спорт директори Георг Ҳайц. — Бу исм негадир менга таниш эди, кейинчалик бир неча ой олдин скаутлар жамоамиз Салоҳни ҳам трансферлар рўйхатига қўшганини эсладим. У иштирок этган бир нечта видеороликни томоша қилдим. Муҳаммадни тиббий кўрик учун таклиф қилишга қарор қилдик. Уни яқиндан билиш учун ҳам бу керак эди. Шунда хаёлимизга ўртоқлик ўйинини ўтказиш ғояси келди. Ўртоқлик ўйини ўтказдик ва Муҳаммадни клуб базасига 1 ҳафта муддатга таклиф қилдик. У жамоа билан машғулотлар ўтказиши ва клуб структурасини яхшироқ ўрганиши лозим эди».

Муҳаммад Салоҳ Швейцарияга борди. У жамоа хўжайинлари билан учрашди. «У инглиз тилида зўрға сўзлашарди. У ўртоқлик ўйинида қатнашиб, Жердан Шакирининг ўрнини эгаллай оладиган қобилиятга эга эканлигини исботлашни хоҳлаётганини сездик», — дейди собиқ спорт директори.

У иккинчи бўлимда майдонга туширилди. Мисрлик футболчининг бир нечта муваффақиятли ҳаракатидан сўнг жамоа президенти Бернард Ҳойслер Ҳайцнинг олдига келди ва унга қараб: «Бу нимаси бўлди? Умрим давомида бундай тезкор футболчини кўрмаганман!», — деди. Тез орада Салоҳ гол урди.

Орадан бир ой ўтиб «Базел» спорт директори Георг Ҳайц трансфернинг охирги деталларини ҳал қилиш учун Қоҳирага ташриф буюради.

«Масала ҳал бўлган деб ўйлагандим. Биринчи учрашувдаёқ барчасини қайтадан бошлашимиз кераклигини тушундик. 2,5 миллион еврога Салоҳни харид қилиш учун 2 кун ва 7 соатдан зиёд музокаралар олиб боришимизга тўғри келди. Бу биз учун жуда катта пуллар эди. Унгача бирорта футболчига бунча пул сарфламагандик. Таваккалга қўл урдик. Ундан ташқари жамоа тарихида бирорта мисрлик футболчи тўп сурмаганди. Мисрликлар Европада камдан кам муваффақиятга эришарди», — дейди Ҳайц.
2012 йил 10 апрелда Салоҳ «Базел» билан 4 йиллик шартномага имзо чекди.

Мухлислар трансфердан норози эди. Муҳаммаднинг мослашиш жараёни ҳам узоқ давом этди

«Мухлисларнинг сабр косаси тўлганди. Ушбу трансфер жуда кўп муҳокама қилинди. У Шакирининг ўрнини босишини жудаям истагандик», — дейди «Базел»нинг содиқ мухлиси Патрик Сотер.

«Базел» Чемпионлар Лигасига чиқолмади. Мурат Якин эса Швейцария жамоасининг янги мураббийига айланди. Мутахассис Муҳаммаднинг машғулотлардан сўнг қолиб ўз устида ишлашда давом этаётганини айтиб ўтди. Салоҳ инглиз тилини фаол тарзда ўрганди ва жамоадошлари билан суҳбатлаша бошлади. Майдондаги ишлари ҳам жойига туша бошлади. Ички чемпионатда кам майдонга тушса-да, Еврокубокларда мунтазам равишда асосий таркибда тушарди.

Тез орада Муҳаммад техник жиҳатдан жамоанинг етакчи футболчисига айланди. Рақиблар ҳам уни ҳурмат қила бошлади. Чемпионлар Лигасидаги «Челси»га қарши ўйинда Салоҳ майдонда истаган ишини амалга оширди.

«Ўша ўйин у учун барча эшикларни очди. Швейцарияда фақат у ҳақида гапиришарди, чемпионатдаги ҳимоячилар ундан қўрқарди. Мисрдан ва қўшни давларлардан Муҳаммаднинг ўйинини кўриш учун ўнлаб мухлислар ташриф буюрарди», — эслайди Георг Ҳайц.

Миср 2014 йилги Жаҳон Чемпионати саралаш босқичидаёқ иштирокини тўхтатади. Бу эса Муҳаммадга қаттиқ зарба бўлди. У терма жамоасини ўз тарихида учинчи марта (1936 ва 1990 йилги мундиалларда Миср терма жамоаси иштирок этган) мундиалга олиб чиқмоқчи эди.

2013 йилнинг ёзида Салоҳга «Андерлехт», «Лион», «Тоттенҳэм», «Манчестер Юнайтед», «Ювентус», «Бавария» ва бошқа жамоалардан таклифлар туша бошлади.

«У жамоамизга келиб қўшилганда «Базел» унинг учун кўприк вазифасини бажаришини билгандик. Салоҳ доим кўпроғини хоҳларди. Дастлабки бир неча ой мобайнида у захира футболчиси эди ва ҳар ҳафтада менинг офисимга келарди. Табассум билан инглизчада: ‘Сиз билан гаплашишни хоҳлайман’, дерди. У билан муносабатларимиз яхши эди. Шунинг учун менинг ёнимга келишни истаса, ўйлаб ўтирмасди. Менга қанақадир таклифлар борми, деб сўрарди. Мен эса унга: ‘Момо, сабрли бўлишинг керак, бу учун қанчадир вақт талаб этилади, лекин эртами-кеч амалга ошади’, деб айтардим. Ниҳоят «Ливерпуль» Муҳаммад учун 8 миллион евро таклиф қилди. Бу таклиф бизга ёқмади. Энг яхши футболчимизни шунчаки арзон нархга қўйиб юбора олмасдик. «Челси» билан музокаралар эса биз ўйлагандек бўлди. Январь ойида иккала томон ҳам ўзини қониқтирадиган нархга келишди. Салоҳ «Ливерпуль»ни танлаган эди, лекин битта қўнғироқ уни ўйлашга мажбур этди», — дейди спорт директори Георг Ҳайц.

«Менга шахсан Жозе Моуриньонинг ўзи қўнғироқ қилди. Жуда узоқ суҳбатлашдик. Унга керак бўлган футболчи эканлигимни айтди. «Челси»нинг ўйин услуби менга мос келишини таъкидлади. Шунинг учун Лондон жамоасини танладим», — тан олади Салоҳ.

2014 йил 23 январда «Челси» трансфер амалга ошганини расман эълон қилди. Транфер нархи 16,5 миллион еврони ташкил этарди. Салоҳ Англияга келишидан аввал Швейцариядаги охирги совринини қўлга киритади: у 2013 йилда Швейцария Суперлигасининг энг яхши футболчисига айланди.

Моуриньо «Челси»да Салоҳнинг фаолиятини «кўмиб юборди»
Жозе Моуриньо Салоҳнинг харид қилинганидан хурсанд эди.

Аммо Салоҳ янги жамоасида фақат ўйин охирида майдонга тушарди. Бир нечта ўйиндан сўнг у ўзининг дастлабки голини урди. Шунда ҳам Моуриньо уни захира ушлаб ўтирарди.

«Муҳаммад бундай вазиятдан қандай чиқиб кетиши бизни қизиқтирарди. Моуриньо ёш ва истеъдодли футболчилар билан чиқиша олмаслигини ҳамма биларди. Кевин де Брюйне ва Ромелу Лукакулар шундан азият чекканди. Энди эса Муҳаммад Салоҳ ва Андре Шюррлелар шу ҳолга тушяпти», — тан олади «Челси»нинг собиқ футболчиларидан бири.

Лига Кубоги ўйинидан сўнг (Салоҳ ўша ўйинда голли узатмани амалга оширган) футболчи Моуриньонинг танқидлар нишонига тушиб қолди. «Кам ўйнайдиган футболчилар менга муаммо туғдирадими? Мен муаммоларни яхши кўраман. Масалан, танлов муаммоси. Лекин бугунги ўйиндан кейин шанба кунги ўйинга қайси таркибни туширишимни аниқлаб олдим. Салоҳ билан Шюррле мени ҳафсаламни пир қилдими? Ҳа!»

Афтидан мана шу барчасига нуқта қўйилган вазият эди. Шундан кейин Салоҳ деярли майдонга тушмади. Тушганда ҳам фақат захирадан майдонга тушди.  Тез орада Салоҳ ва Моуриньо ўртасида суҳбат бўлиб ўтди.

«Салоҳ Моуриньо билан суҳбатда очиқ бўлди. У жуда хафалигини билдирди. Бир нечта жамоа унга қизиқиш билдираётгани ва кетишни хоҳлашини айтди», — тасдиқлайди «Челси» вакили.

Таклифлар ҳақиқатдан ҳам бор эди: асосийлари Англия жамоаларидан. Лекин Муҳаммад «Фиорентина»га ижарага бериб юборилди.

Италияга бориш — ёш футболчи учун ўзини кўрсата олиш учун янги имконият эди
«А Серия — жуда юқори даражадаги чемпионат. Шунинг учун бу ерга келдим. Ўйлайманки, бу ерда узоқ вақт қоламан. Мен мамлакат чемпионатлигини қўлга киритмоқчиман ва бир марта эмас. «Челси»га қайтиш истагим йўқ. «Фиорентина»да қоламан ва шу ерда тажриба тўплайман, деб умид қиламан», — деди Салоҳ матбуот анжуманида.

Муҳаммад 7 ўйинда 6 та гол урди. Италиялик мухлислар уни ёқтириб қолди.  «Фиорентина» Салоҳни 18 миллион еврога харид қилишга қарор қилди. Фақатгина Муҳаммаднинг розилиги қолди, холос.

Салоҳнинг агенти эса: «Биз «Фиорентина»да қолмаймиз. Салоҳ келаётган ёзда бошқа бир Италия жамоасига ўтади», — деди. Гап «Интер» ҳақида кетаётган эди.

«Интер» билан «Фиорентина» муносабатларни аниқлаштириб олгунча, «Рома» Муҳаммад билан шартнома имзолади. 2015 йил 6 августда Салоҳ римликлар билан 4 йиллик шартномага имзо чекди.

Тотти? О, йўқ. Салоҳ!
Салоҳ «Рома»даги дастлабки 3 ўйинида ҳеч нарса қила олмади. «Сассуоло»га қарши ўйинда эса жуда чиройли гол урди. Олдинда «Фиорентина» билан ўйин ҳам кутиб турганди. Маҳаллий журналист Жузеппе Калабрези Салоҳга очиқ хат йўллади. Ушбу хат Италия нашрларидан бирида босилди.

«Биз сен билан қайта кўришмаймиз деган умидда эдик. Лекин сен яна «Фиорентина»га келяпсан. Бу сафар сотқин сифатида. «Фиорентина» сени ўз фарзандидек қабул қилганди, сен эса қочиб кетдинг. Биз сени «Челси»нинг ўрасидан чиқариб олгандик, сенга имконият бергандик. Биз туфайли яна табассум қилаётгандинг. Футболдан баҳра олишни бошлагандинг. Яна ўзингни муҳим футболчи эканлигингни ҳис қила бошлагандинг. Сен билан худди чемпионлардек муносабатда бўлардик, афсуски, имкон бўлиши билан қочиб кетдинг. Буни тушунтиришга журъатинг етмади».

Ўйин олдидан босим жуда кучли эди. «Рома» мураббийи Руди Гарсия Салоҳни ўйинга тушириш нияти йўқ эди. Аммо барибир мисрлик футболчини дастлабки дақиқадаёқ майдонга туширди. Машғулотлар вақтидаёқ унга нисбатан ҳуштакбозлик бошланганди. Трибунадагилар баннерлар билан ташриф буюрганди. Уларда Салоҳни ҳақорат қилувчи сўзлар ёзилганди. Салоҳ гол урди. Футболчи қўлларини кўтарди ва трибунадан узр сўради. У голни нишонлашни истамади.


«Рома» чемпионатда учинчи ўринни эгаллаб, Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга киритди. Салоҳ эса 15 та гол билан жамоанинг энг яхши тўпурарига айланди. 2016 йил ёзида «Рома» «Челси»дан Муҳаммадни тўлиқ сотиб олди. Трансфер нархи 15 миллион еврони ташкил этди. Ўша йили Салоҳ энг яхши араб футболчисига айланди. 2016/17 йилги мавсумда римликларга чемпионлик учун бир қадам етмади. Муҳаммад А Серияда 31 ўйинда 15 та гол урди. Иккинчи мавсумда ҳам соврин юта олмади.

Мавсум якунланиши билан Салоҳ «Ливерпуль»га ўтади деган хабарлар чиқа бошлади. Лекин музокаралар узоқ давом этди: римликлар футболчини 50-55 миллион евродан кам нархга сотишни истамасди. Англияликлар эса бу нарх қимматлигини таъкидлар эди. 22 июнда эса «Ливерпуль» барибир Салоҳнинг трансферини эълон қилди. Томонлар 42 миллион ва қўшимча 8 миллион бонус сифатида берилишига рози бўлди.

Яна АПЛ, лекин бу сафар «Ливерпуль»
Юрген Клопп Салоҳни харид қилиниши жудаям хоҳларди.

«Муҳаммад жуда юқори техникага эга. У АПЛни жудаям яхши билади. Уни «Базел»да ўйнаб юрганидан бери кузатаман. Ҳозир эса у анча тажриба тўплаган. У жамоа ҳужумига тезлик қўшади», — айтиб ўтди Клопп.

Клопп ва Салоҳ бир бирини жуда тез тушуна бошлади. Салоҳ «Челси»даги омадсизликларидан кейин Англияда ўзини қайтадан кўрсатиш истагида «ёнарди». Салоҳ «қизиллар»га жуда тез мослашиб кетди. Келганига 1 ой бўлмасданоқ 7 та гол уришга муваффақ бўлди.

2017 йил 8-октябрда Миср Александриянинг «Борг ал-Араб» стадионида Конго билан баҳс олиб борди. Ушбу ўйин мисрликларни 28 йилдан сўнг Жаҳон Чемпионатига йўлланма бериши мумкин эди. Лекин баҳс жуда катта босим остида ўтди: 94-дақиқагача таблода 1:1 ҳисобида ёниб турарди. Навбатдаги ҳужумдан сўнг эса ҳакам меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилади.

94-дақиқада Муҳаммад Салоҳ тўпни ўз қўлига олди. Пенальтини ўзи амалга оширмоқчи эди. Чап оёқда зарба берди. Дарвозабон бошқа томонга, тўп эса бошқа томонга кетди. Ҳисоб: 2:1! Миср Россияда бўлиб ўтадиган мундиалга борадиган бўлди.  Мухлислар майдонга югуриб чиқди. Бутун Миср байрамни нишонлашга тушди. Шарҳловчи эса «Бизнинг мамлакат, бизнинг севимли Миср», — дея кўзида ёш билан гапирарди.

2017 йил 11 декабрда BBC Салоҳни 2017 йилнинг Африкадаги энг яхши футболчи, деб эълон қилди. Тез орада Миср ҳам қитъанинг энг яхши терма жамоасига айланди.

Баҳорда Салоҳ «Ливерпуль» билан бирга «Манчестер Сити»ни таслим этди. Мана шу ўйиндаги ғалабадан сўнг мухлислар Муҳаммадни ёқтириб қолди: «Муҳаммад Салоҳ, қанотдан югуряпти, Салоҳ, Салоҳ, Миср қироли!», — дея ҳайқирарди мухлислар.

«Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси ярим финалида «Рома»ни мағлуб этди
«Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси финалига чиққанидан сўнг Британия нашрлари қуйидаги сарлавҳаларда янгиликаларни эълон қиларди: «Шоу Мо», «Сенсацион Салоҳ», «Тутқич бермас Салоҳ», «Мўъжизавий Мо «Рома»ни чиқариб юборди», «Динамо Киев», «Ердаги буюк Мо». Муҳаммад Италия нашрларининг ҳам нишонига айланди. Ла Газетте делло Спорт нашри «Салоҳ «Рома»ни нокаутга учратди» номли сарлавҳа остида хабар чиқарди. Муқовада эса Салоҳнинг гол урганидан сўнг римлик мухлислардан узр сўраётгани тасвирланган эди.

2018 йил 10 майда Мо бир кечада учта совринни қўлга киритди: «Мавсумнинг энг яхши футболчиси», «Футболчилар фикрига кўра мавсумнинг энг мавсумнинг энг яхши ўйинчиси». Учинчи соврин эса Лондонда кутиб турарди. У ерда Салоҳ журналистлар томонидан «Йилнинг энг яхши футболчиси», дея эътироф этилди.

Мисрлик футболчи Садио Мане ва Роберто Фирмино билан ажойиб учлик ҳосил қилди. Улар умумий ҳисобда 89 та гол урди.

Ҳатто Салоҳ ёрдам беролмади
Салоҳ мундиалда иштирок этадиган бўлди.

Уругвайга қарши ўйин олдидан Купер агар кутилмаган ҳолатлар юз бермаса Салоҳ майдонга бўлишини таъкидлади. Лекин у Уругвайга қарши баҳсда майдонга тушмади. У жароҳатидан тузалаётганди. Миср 1-турда Уругвайга ютқазди.

Россияга қарши ўйинда майдонга тушди. Нагригдаги одамлар, бутун мамлакат, умумий ҳисобда 100 миллион одам Салоҳ барчасини ўзгартириб юборишига умид қилганди. Салоҳ ўйинга 100 % тайёрлиги учун эмас, Мисрга кераклиги учун ўйнаётгандек таассурот уйғотарди. У кучини тежаб, ўзига ўхшамасдан ҳаракат қиларди. У ҳамма кўришга ўрганиб қолган Салоҳ эмасди. Футболчи пенальтидан гол урган урди. Афсуски, умумий ҳисоб 3:1, россияликлар фойдасига эди.

Салоҳ пенальтидан гол урди, лекин бу ҳам Мисрни қутқариб қолмади
Миср нашрлари Купернинг истеъфосини талаб қилиб хабарлар чиқара бошлади. Салоҳга эса илиқ фикрлар билдириларди: «Мисрнинг севимли фарзанди жароҳатига қарамасдан майдонга тушди. Салоҳ 28 йилдан кейин Мисрнинг мундиалдаги дастлабки голини урди».  Учинчи ўйин Саудия Арабистонига қарши бўлиб ўтди. Салоҳ биринчи бўлимдаёқ мисрликларни ҳисобда олдинга олиб чиққанди. Лекин иккинчи бўлимда Саудия Арабистонининг қўли баланд келди. Муҳаммад мундиалда 2 та гол урди. Миср эса 3 та ўйинда умуман очко ололмади.

«Миср терма жамоасида мундиалда қатнашиш тажрибаси йўқ. Орадан 28 йил ўтгач, Жаҳон Чемпионатида қатнашдик. Футболчилар қўлидан келган барча ишни қилди. Келажакда яхшироқ натижа кўрсатишимизга ишонаман», — деди Салоҳ.

Муҳаммад Салоҳ — бутун дунёда миллионлаб одамларнинг севимли футболчиси
Нагриг қишлоғидан чиққан болакай ким? У табассум қилиб туради. Ҳар бир голидан сўнг бармоқларини тепага кўтариб, миннатдорчилик билдиради. У ахлоқли мусулмон. Ичмайди, чекмайди. Лекин гуруч, макарон, саримсоқ, чечевица ва аччиқ помидор соусини яхши кўради. Ҳар сафар дўстлари Мисрдан шу маҳсулотларни олиб борса, машинадаёқ Салоҳ уларни ейишга тушади. У жуда камгап. Ижтимоий тармоқлардан ҳам жуда кам фойдаланади ва деярли интервью бермайди. Майдондан ташқарида у оддий ҳаёт кечиради.

Унинг татиуровкаси йўқ, сочини бўямайди. Пулларини хайрияга ишлатади, Миср ҳукумати билан ҳамжиҳатликда ночор оилаларга ёрдам беради. Атиги икки марта сиёсий позициясини ошкор қилган: «Маккаби Тель-Авив» футболчилари билан қўл бериб кўришишдан бош тортган ва Порт-Саиддаги тартибсизликлардан сўнг ҳалок бўлганлар хотираси учун 74-рақамда майдонга тушган.

У исён қилмайди, шов-шувли нарсаларга аралашмайди. Балки, шунинг учун ҳам қисқа вақт ичида бутун дунё футбол мухлисларининг севимли ўйинчиларидан бирига айлангандир.

Маъруфжон Очилов таржимаси

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг