Қирзиғистон Мўғулистонга қарши дарвозабонсиз ўйнайди!

ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи доирасида «F» гуруҳи ўйинлари марказлашган ҳолда Японияда ўтказилмоқда.

Қирғизистон миллий жамоаси Токиога етиб боргач, Япония ҳукуматининг антидопинг талабларига кўра, жамоа мураббийлар штаби ва тўрт нафар футболчи – ҳимоячи Бекжон Сагинбаев, дарвозабонлар – Эржан Токатаев, Кутман Қодирбеков, Валерий Кашуба коронавирус юқтириб олганликда гумон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида карантинга олинган.

«Техник мағлубият ёзилмаслиги учун биз Мўғулистон миллий жамоасига қарши ўйинда дарвозабонларсиз ўйнашга мажбурмиз. Бутун жамоанинг топширган тест жавоблари манфий чиққанига қарамай, ташкилотчилар бу ҳақда ўйинимиз бошланишидан 2 соат олдин хабар беришди. Шу боис бугунги баҳсда дарвоза чизиғини ҳимоячи Айзар Акматов қўриқлайди», дея ёзилади Қирғизистон футбол федерацияси расмий баёнотида.

Маълумот учун, Қирғизистон миллий жамоаси ўз гуруҳида 7 очко билан Япония ва Тожикистон миллий жамоасидан кейинги 3-ўринда бормоқда. Қўшниларимиз бугун, Тошкент вақти билан соат 12:00да Мўғулистонга қарши майдонга тушишади.

Дўстларингизга билан баҳам кўринг