Гарет Бэйл Евро—2020 дан кейин футболчилик фаолиятини якунламоқчи

Испаниянинг «Реал Мадрид» жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Гарет Бэйл фаолиятини якунлаш истагида, деб хабар қилмоқда Marca.

Хабарга кўра, футболчи ўз қарорини Уэльс билан Евро—2020 да иштирокини якунлаганидан сўнг эълон қилади.

Бэйл «Реал» билан шартномасини бекор қилмоқчи. 31 ёшли футболчининг мадридликлар билан шартномаси 2022 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Клуб ҳам бунга қарши эмас ва шартноманинг бекор қилинишига розилик берган.

Агар Гарет фаолиятини якунласа, «Реал» уэлслик футболчига тўлаши керак бўлган бир йиллик маош, яъни 22 миллион еврони сақлаб қолган бўлади.

Гарет Бэйл доимий танқидлар ва босимдан чарчагани туфайли футболчилик фаолиятига якун ясашни истаяпти. Вингер буни оиласи билан ҳам муҳокама қилган.

Аввалроқ «Реал Мадрид» ўз юлдузларини сотмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Карло Анчелотти эса Бэйлнинг охирги вақтларда яхши ўйин кўрсатаётганини айтиб ўтганди.

Гарет 2020 йилги ёзги трансфер ойнасида «Реал»дан «Тоттенҳэм»га ижара асосида ўтганди. У Премьер Лига ортда қолган мавсумидаги 20 та ўйинда 11 та гол ва иккита голли узатма амалга оширди.

daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг