Кьеллинидан Лукакуга қадар. Евро—2020 дан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлаши кутилаётган юлдузлар

Коронавирус пандемияси сабаб бир йилда кечиктирилган футбол бўйича Евро—2020 бошланишига 7 кун вақт қолди. Жамоалар мусобақага тайёргарлик кўрмоқда, ўртоқлик ўйинлари ўтказиляпти. Сўнгги 10 йилликда майдонда кўришга ўрганиб қолганимиз — бир нечта юлдуз футболчилар учун ушбу йирик турнир терма жамоа сафидаги энг сўнггисига айланиши мумкин.

Жоржио Кьеллини, Италия, 36 ёш

Кьеллини 2004 йилда «скуадра адзура»да ўз дебютини ўтказган эди. Бироқ унга 2006 йилги мундиал олтин медали насиб этмаган. Ўша вақтларда у ёш футболчи эди. Кейинги мусобақаларда эса у асосий таркиб футболчиси бўлган. Кьеллини 2018 йилги мундиалдан худди Италия терма жамоаси каби четда қолганди.

Энди эса у Италия терма жамоаси билан Евро—2020 га жиддий тайёргарлик кўряпти. Асосий мақсади мусобақа олтин медалларини қўлга киритиш. Бу Жоржио учун катта эҳтимол билан мамлакат бош жамоасидаги охирги катта мусобақаси бўлади. 36 ёшни қоралаб қолган футболчи бир йил аввал Евро мусобақасидан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлашини ўзи ҳам таъкидлаганди.

Тони Кросс, Германия, 31 ёш

Кросс 2010 йилда терма жамоадан чақирув олган. Дастлабки мусобақасидаёқ (ЖЧ—2010) бронза медални қўлга киритган, бироқ ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда Тони асосий таркиб футболчиси бўлмаган. Орадан 4 йил ўтгач, Бразилиядаги Жаҳон Чемпионатида 8 та ўйиннинг барчасида майдонга тушди ва чемпионга айланди. Ундан ташқари Евро—2012 ва Евро—2016 мусобақаларининг ярим финалига қадар етиб борган.

Тони терма жамоадаги фаолиятини якунлаш борасида якуний қарорга келмаган. Лекин шунга ишора қилди: «Мусобақадан сўнг кетиш ҳақида жиддий ўйлаб кўриш учун яхши вазият юзага келади».

Мануэль Нойер, Германия, 35 ёш

Нойер Кроссдан бир йил аввал терма жамоада дебютини нишонлаган. Шунинг учун уларнинг терма жамоадаги совринлари бир хил.

Нойер 2019 йилда, коронавирус ҳали Хитойдан ташқарига чиқмаган вақтда, терма жамоадаги фаолияти якунланиб бораётганини айтганди. Евро—2020 га эса Германия терма жамоаси сардори сифатида боради. Мусобақадан сўнг эса Мануэль ўрнини ёшларга бўшатиши мумкин.

Ромелу Лукаку, Бельгия, 28 ёш

Россия майдонларида бўлиб ўтган мундиалда бронза медални қўлга киритганидан кейин: «Евро—2020 дан сўнг тугатсам керак», – деган эди Лукаку . Ўшанда Ромелу 25 ёшда эди.

Ҳозир эса у 28 ёшни қоралади. «Интер» сафида А Серияни забт этган ҳужумчи ҳануз ўша айтган гапларини рад этгани йўқ. Футболчининг ҳозирги формасидан келиб чиқиб («Интер» сафида 2020/21 йилги мавсумда 30 та гол урди) айтадиган бўлсак, 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган мундиалда уни кўрмаслик ғалати бўлади.

Оливье Жиру, Франция, 34 ёш

OLIVIER GIROUD

2018 йилги мундиалдан сўнг фаолияти якунланаётганини эълон қилган футболчилардан яна бири. Келаётган сентябрь ойида 35 ёшга кирадиган Жиру фаолияти давомида Жаҳон Чемпионати, Чемпионлар Лигаси, Европа Лигасини қўлга киритган. Фақатгина Евро кубоги унинг коллекциясига етишмаяпти.

Евро—2020 да Франция терма жамоаси қандай натижа қайд этишидан қатъи назар Оливье энди қарорини ўзгартирмайди.

Лука Модрич, Хорватия, 35 ёш

«Реал» афсонаси Лука Модрич клуб миқёсида барча совринларни қўлга киритди. Терма жамоа сафида эса 2018 йилги мундиал финалига қадар етиб борди ва кумуш медалга эга чиқди.

Модрич 2020 йилда Хорватия терма жамоасини тарк этмоқчи эди. Аммо коронавирус пандемияси сабаб Евро—2020 мусобақасининг вақти ўзгарди. Лука мусобақа якунланаётган паллада 36 ёшни қарши олади. Катта эҳтимол билан кетиш қарорини ўзгартирмаса керак.

Daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг