Фергюссон ҳақида нималарни биласиз?

Сер Алекс Фергюсон жаҳон футболи тарихидаги энг кучли мураббийлар учлигига киришига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Биз сер Алекснинг ҳаёти, футболчилик ва мураббийлик фаолияти ҳақидаги 10 ҳақиқатни эътиборингизга хавола этамиз.

1. Туғилган вақти
Александр Чепмен Фергюсон 1941 йилнинг 31 декабрида таваллуд топган. Отаси кема қурувчиси ёрдамчиси Александр Битон Фергюсон, онаси Элизабета Фергюсон.

2. Ёш раҳбар
Фергюсон болалигида мактабдан кейин мустақил ишлаб, нон учун пул топишга қарор қилган. Дастлаб “Ремингтон Ренд” компаниясида ускунасозга шогирд бўлади. Бироздан сўнг эса, ускунлар омборига раҳбар этиб тайинланган.

3. Турмуш ўртоғи
Александр 1966-йилда иш ташлаш маросимларидан бирида севгилиси – Кети Холдингни учратди. У Кетини биринчи кўргандаёқ севиб қолган экан. Алекс ва Кети ўша йилнинг 12 март санасида тумуш қуришди.

4. Фарзандлари
1968 йилда Алекс ва Кети фарзандли бўлишди. Улар тонғич фарзандига Марк деб исм қўйишди. Орадан 4 йил ўтгач эса севишганлар эгизак фарзандли бўлишди. Эгизаклар Даррен ва Жейсон исмини олишди.

5. Футболчилик фаолияти
Александр футболчилик фаолияти давомида 6 та жамоа таркибида тўп сурди. 1958-1960 йилларда “Куинз Парк” (31 ўйин – 11 гол), 1960-1964 йилларда “Сент-Джонсон” (47-21), 1964-1967 йилларда “Данфермлин Атлетик” (138-93), 1967-1969 йилларда “Рейнжерс” (68-36), 1969-1973 йилларда “Фалкирк” (111-46), 1973-1974 йилларда эса “Эйр Юнайтед” (28-10) жамоаси таркибида тўп сурган. Футболчи Фергюсон 423 учрашувда майдонга тушиб ўз ҳисобига 217 та гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.

6. Фергининг бари
1974 йилда фаолиятини якунлаган Ферги ўзини янги соҳада синаб кўришга аҳд қилди. У Глазгода ўзига шахсий бар очди ва унга Fergie’s, деб ном берди.

7. Мураббийликка илк қадам
Бар иши Фергига тўғри келмаслигини тушуниб етди. У “Ист Стерлингшир” билан шартнома тузди. Бу пайтда жамоа таркибида атиги 8 нафар футболчи бор эди. Клубда ҳаттоки дарвозабон ҳам бўлмаган. Шундай бўлса ҳам Алекс тушкунликка берилмай, ишлашда давом этган. У бу жамоада атиги 4 ой ишлади.

8. “Сент-Миррен”
Фергюсонни 1974 йилнинг октябрьида “Сент-Миррен”га таклиф қилишди. Гарчи бу клуб қуйи дивизионда “Ист”дан пастроқ поғонани эгаллаб турган бўлса ҳам, бироз обрўлироқ эди. Алекс 1976/77 йилги мавсумда “Сент-Миррен”ни биринчи дивизон ғолибига айлантириб, юқори элитага олиб чиқишга муваффақ бўлди. 1978-йили “Миррен” кутилмаганда Фергини ҳайдади. Бунга сабаб сифатида эса футболчиларга қонунга зид равишда маош берилгани, шартнома бандлари бузилгани асос қилиб кўрсатилган. Кейинчалик клуб раҳбарлари Фергюсон “Абердин” билан музокара олиб боргани учун уни истеъфога чиқаришганини эълон қилишди. Алексни хайдаган ягона клуб айнан “Миррен” бўлиб қолди.

9. “Абердин”
Фергюсон 1978 йили “Абердин” мураббийи сифатида таништирилди. Алекс ушбу жамоани 8 мавсум давомида бошқариб, 3 марта Шотландия чемпионлиги, 4 бора Шотландия кубоги, бир мартадан Шотландия лига кубоги, Кубок эгалари Кубоги ва УЕФА суперкубокларини қўлга киритди. Шотландияда “Рейнжерс” ва “Селтик”нинг гегемонлигига чек қўйган мураббий учун ҳақиқий “ов” бошланди.

10. Шотландия терма жамоаси
1985-йилнинг 10-сентябрида Шотландия термасига янги мураббий тайинланди. Фергюсон ушбу термага бир йил давомида мураббийлик қилди. Бироқ Фергининг Шотландияси ЖЧ-86 да муваффақиятсизликка учради. Шотландлар Дания ва ГФРга мағлуб бўлиб, Уругвай билан дуранг ўйнашди ва гуруҳда охирги ўринни эгаллаб, мундиал билан хайрлашишди. Шундан сўнг Алекс ҳам Шотландия билан хайрлашишига тўғри келди.

Давоми бор…

Фурқат Юсупов

Дўстларингизга билан баҳам кўринг