Зидандан аламли мактуб…

Зинедин Зидан нима сабабдан «Реал»дан кетганини айтди
Зинедин Зидан «Реал» бош мураббийлигидан кетганидан сўнг клуб мухлисларига очиқ мактуб билан чиқди. Франциялик мутахассис унда нима сабабдан истеъфога чиққани маълум қилган.

Мен ушбу хатни мадридликлар учун ёзяпман. Сиз билан хайрлашиш ва бу вазифани тарк этиш қароримни тушунтириш учун. Мадридда муҳим бўлган бир омилни унутиб қўйишди, улар мен барпо этган ҳамма нарсани эсдан чиқарди.

Мен «Реал»ни тарк этмоқдаман, чунки клуб менга ишонмаётганини ва ўрта ёки узоқ муддатли лойиҳа қуриш учун мени қўллаб-қувватламаётганини ҳис қиляпман. Мен футболни яхши тушунаман, «Реал»дек жамоанинг талабларини ҳам. Агар ҳеч қандай соврин ютмадингми, демак кетишинг керак. Аммо мен биргаликда эришган ютуқларимизга ҳурмат бўлишини истайман. Менинг клуб ва президент билан бўлган муносабатларим бошқа мутахассислар билан бўлганидан фарқ қилишини истардим. Йўқ, имтиёзлар сўрамадим, шунчаки бир оз кўпроқ хотиралар, холос.

Инсонлар ўртасидаги муносабатлар пулдан ҳам, шон-шарафдан ҳам, умуман барча нарсадан муҳимроқдир. Шунинг учун мағлубиятдан кейин матбуотда агар кейинги ўйинда ғалаба қозонмасак, мени истеъфога чиқаришлари ҳақида ўқиганимда жуда қаттиқ ранжидим.

Ушбу миш-мишлар атайлаб оммавий ахборот воситаларида тарқатилди, улар шубҳа ва тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Бахтимга менинг ихтиёримда ажойиб йигитлар (футболчилар) бор эди, улар сўнгги нафасларига қадар ёнимда бўлди. Улар менга ишонди ва мен ҳам уларга ишонишимни биларди. Улар мени қутқарди!

Мадридда 20 йил бўлиш — ҳаётимдаги энг ажойиб воқеадир. Бунинг учун 2001 йилда мен учун курашган ва доимо мени қўллаб-қувватлаган Флорентино Пересга миннатдорчилик билдираман.

Мен жамоага нима кераклигини аниқ биламан. Мадридда ўтган 20 йил давомида шуни англадимки, сиз мухлислар ғалаба қозонишни хоҳлайсиз ва, албатта, биз ҳам шуни истаймиз. Лекин сиз (мухлислар) биринчи навбатда футболчи ва мураббийларнинг борини беришини хоҳлайсиз. Сизни ишонтириб айтаманки, биз ўзимизни ишимизга 100 фоиз бахшида қилдик.

Зинедин Зидан, мураббий

Зидан ўз хоҳишига кўра 2022 йилгача мўлжалланган шартномани бекор қилди. У мураббий сифатида «қироллик клуби» бошқарувида 276 ўйин ўтказиб, 174 та ғалаба, 53 та дуранг, 36 та мағлубият қайд этди. Франциялик мутахассиснинг мадридликлар билан қўлга киритган совринлар сони эса 11 тани ташкил қилади.

«Реал» Зидан бошқарувида 2020/21 йилги мавсумда Ла Лигада иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Чемпионлар Лигасида ярим финалга қадар етиб борди.

 

Манба

 

Дўстларингизга билан баҳам кўринг