Жаҳон чемпионатининг кашфиёт терма жамоалари (ТОП-10)

Хар бир мундиалда қайсидир терма жамоа бир бош баланд сакраб, мухлис ва мутаҳассисларни ажаблантирган натижаларни қайд этиб, турнир кашфиётига айланади. Ана шундай кашфиёт термалардан тузилган ТОП-10 таликни тақдим этамиз.

10. КХДР (ЖЧ-1966)
Англия мезбонлигида бўлиб ўтган мундиалнинг кашфиёти КХДР терма жамоаси бўлди. Шимолий Кореяликлар турнирнинг илк учрашувида Собиқ Иттифоқ термасидан йирик мағлубиятни қабул қилиб олишди. Кейинги турда сўнгги дақиқаларда киритилган гол туфайли Чили билан муроса кўчаси танланди. 3-турда эса Пак Ду Икнинг ягона голи эвазига италянлар устидан ғалаба қозониб, плей-оффга йўл олади. Чорак финалда корейслар Португалия билан куч синашишади. Ўйиннинг 25 дақиқасига келиб 3:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган КХДР терма жамоаси ғалабани ушлаб қола билмайди. Эйсебионинг «покер»и ва Жозе Аугуштунинг бир голи Европаликларга 5:3 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. КХДР эса жаҳон чемпионатида чорак финалга етиб келган Осиёлик илк жамоа бўлган эди.

9. Гана (ЖЧ-2010)
Африкада ўтказилган илк мундиалда Африка жамоаларидан фақатгина Гана терма жамоаси ишончни оқлади. Гуруҳ баҳсларида Сербияни мағлуб этиб, Австралия билан дурангга эришган ганаликлар учинчи турда немисларга кичик ҳисобда имкониятни бой беришди. Нимчорак финалда Африкаликлар АҚШ термасини мағлуб этиб, чорак финалга йўл олишди. Гананинг ярим финалга чиқишига Суареснинг қўллари ҳалақит берди. Шундай бўлса ҳам «қора юлдузлар» термаси мухлислар мехрини қонишга муваффақ бўлишди.

8. Марокаш (ЖЧ-1986)
Марокаш терма жамоаси Марадона қаҳрамонлигида ўтган мундиалда «ўлим гуруҳи»дан жой олишди. Дастлабки 2 учрашувда Полша ва Англия терма жамоалари билан нурсиз дурангга имзо чеккан африкаликлар, учинчи турда Португалия термаси билан майдонга тушишди. Хаирининг «дубл»и ва Кримаунинг голидан кейин Марокаш термаси йирик ҳисобда ғалаба қозона бошладилар. Фақатгина ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида Диамантинунинг голи европаликларни йирик мағлубиятдан қутқариб қолди. Нимчорак финалда ҳам марокашликлар ҳақиқий жасорат кўрсатишди. Германия термасига қарши кечган баҳсда учрашувнинг сўнгги сонияларида Лотар Маттеуснинг голи, немисларга ғалабани тақдим этган. Марокашликлар эса мундиалнинг бош кашфиёти сифатида ўз уйларига қайтишди.

7. Украина (ЖЧ-2006)
Олег Блохин мураббийлигидаги Украина Германиядаги мундиалда ҳақиқий кашфиётга айланди. Дастлабки турда Испаниядан қақшатқич тарзда мағлубиятга учраган украинлар, Саудия арабистони ва Тунис устидан ғалабага эришиб, плей-оффга чиқишди. Нимчорак финалда Шовковскийнинг қаҳрамонликлари эвазига пенальтилар сериясида Швейцарияни мағлубиятга учратишди. Шевченко жамоадошларини чорак финалда Италия термаси мағлубиятга учратиб, Украина эртагига якун ясашди. Шу тариқа Украина дебют жаҳон чермпионатида чорак финалга қадар етиб келиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди.

6. Жанубий Корея (ЖЧ-2002)
Осиёда ўтказилган мундиалда бир қатор терма жамоалар кашфиётга айланишди. Мезбонлардан бири Жанубий Корея термаси жаҳон чемпионатида 4-ўринни қўлга киритган бўлса ҳам, кўпчилик корейслардан норози бўлишди. Боиси улар Италия ва Испанияни ҳакамлар ёрдамида таслим этиб, ярим финалга чиқишганди. Шундай бўлса ҳам Корея термаси ўша мундиалда тарихий ютуқларни тантана қилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

5. Камерун (ЖЧ-1990)
Роже Милла етакчилигидаги Камерун Италиядаги мундиалда Руминия, Аргентина ва Собиқ Иттифоқ термаларини ортда қолдириб гуруҳ ғолиблигини қўлга киритди. Нимчорак финалда эса Колумбия устидан зафар қучган Камерунни чорак финалда Линекер етакчилигидаги Англия термаси тўхтатиб қолди.

4. Сенегал (ЖЧ-2002)
Сенегал 2002 йилги жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинидан бошлабоқ, бутун дунёни ҳайратга сола бошлади. Амалдаги жаҳон чемпионлари Франция устидан ғалаба қозонган африкаликлар, Дания ва Уругвай билан муроса кўчасини танлашди. Нимчорак финалда Швеция устидан зафар қучган Сенегал чорак финалда яна бир кашфиёт терма Туркияга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашди.

3. Туркия (ЖЧ-2002)
Бразилия билан битта гуруҳдан «тирик» чиққан турклар, плей-оффда мезбонлардан бири Япония, юқоридаги кашфиёт Сенегални таслим этди. Ярим финалда эса Роналдонинг голи эвазига Бразилияга имкониятни бой беради. 3-ўрин учун баҳсда яна бир мезбон Кореяни мағлуб этиб, турнирнинг бронза медалларига эга чиқади.

2. Болгария (ЖЧ-1994)
Христо Стоичков етакчилигидаги Болгария АҚШ мундиалида ҳаммани ажаблатиришга муваффақ бўлди. Гуруҳ баҳсларида Нигерия ва Аргентина билан бир хил очко жамғариб плей-оффга чиққан Болгария термаси, нимчорак финалда пеналтилар сериясига кўра Мексикани таслим этади. Чорак финалда эса ҳақиқий сенсация қайд этиб, Германияни мағлубиятга учратади. Ярим финалда Бразилияга, 3-ўрин учун кечган баҳсда Швецияга имкониятни бой беради.

1. Хорватия (ЖЧ-1998)
Аргентина билан бир гуруҳдан чиққан Хорватия, нимчорак финалда Руминия устидан ғалаба қозонади. Чорак финалда эса 4 йил олдинги Болгария сингари, Германия устидан зафар қучишга муваффақ бўлди. Ярим финалда Францияга имкониятни бой бериб, учинчи ўрин учун кечган ўйинда Голландияни мағлуб этиб бронза медалларига эга чиқди.

 

Муаллиф: Фурқат Юсупов

Дўстларингизга билан баҳам кўринг