Тақдир: Икки қутб мисоли…

Ҳар бир клубда хилма-хил тақдир эгалари борлиги – ҳаёт қонуни. Яқинда АПЛда навбатдаги чемпионликни тантана қилган «Манчестер Сити»даги икки футболчининг профес­сионал йўлини бунга ёрқин мисол сифатида келтириш мумкин. Уларнинг футболдаги тақдири  ўртасига катта фарқ бор. Фарқ икки қутб мисоли, гўё…

Карсоннинг ўйинларсиз асосий сериялари

***    Скотт АПЛда охирги марта 2011 йилнинг май ойида «Вест Бромвич» дарвозасини қўриқлаган эди.

***    Скотт чемпионат доирасида охирги марта 2019 йилнинг март ойида «Дерби» дарвозасини қўриқлаган эди.

***        Скотт орада 2 йилдан кўпроқ муддат майдонда бир дақиқа ҳам ўйнамади.

10 ЙИЛ КУТИЛГАН ЎЙИН…

«Манчестер Сити» голкипери Скотт Карсон АПЛда охирги марта 2011 йилнинг 11 май куни «Вест Бромвич» сафида кўриниш берганди. У яқинда (14 март куни) нақ 10 йиллик танаффусдан кейин элита ўйинида яна майдонга тушди. Фахрий кипер «шаҳарликлар» сафидаги дебютида нақ 3та гол қўйиб юборди, шунинг баробарида пенальтини тўсди. Скоттнинг майдонга тушганини «Манчестер Сити» мавсум-2020|2021даги бош вазифани муддатидан олдин ҳал қилгани билан боғлиқ, албатта. Тўғри, Хосеп Гвардиола «Ньюкасл»га қарши сафар ўйинида таркибни унча ўзгартиргани йўқ, лекин чуқур захирада қолаётган 35 ёшли Скотт Карсонга имконият тақдим этди. Аслида испаниялик мутахассис мавсум давомида асосий кипер Эдерсон йўқлигида Зак Стеффенга ишонч билдирганди. Қисқаси, Карсон тақдир инояти билан майдонга тушди ва буни ўзи ҳам кутмаганини яширмади: «Очиғи, АПЛ ўйинида иштирок этишни хаёлимга ҳам келтирган эмасдим. Кайл ҳамиша «Сити» дарвозасини мендан кўра, кўпроқ қўриқлаганини айтиб, ҳазиллашарди».  Чиндан ҳам шундай эди – ҳимоячи Уокер бир сафар ЧЛ ўйинида дарвозабон ролини бажаришига тўғри келган. «Нафақат мураббийлар штаби, балки барча-барча Скоттнинг майдонга тушишини хоҳлади. Ахир у кийиниш хонасида жамоанинг бир бўлаги ҳисобланади. Дейлик, барча йигитлар Скоттни яхши кўришади, ҳурмат қилишади. Хуллас, Карсоннинг ўйинда иштирок этиш асносида клуб муваффақия­тига ҳисса қўшганини теран ҳис қилишини истадик», – дея изоҳ берди ўйиндан кейин Хосеп Гвардиола.

Ўйин воқеаларига келсак, Карсон биринчи бўлимнинг ўзида «Ньюкасл» футболчиларидан 2та гол қабул қилиб олди (бири пенальтидан). Танаффусдан кейин эса, фахрий кипер Жо Уиллок томонидан 11 метрли нуқтадан йўлланган тўпни қайтарди, лекин такрорий зарбага улгурмади.

Хўш, Скотт Карсон ҳақида нималарни билиш керак? У фаолиятини 2004 йили «Лидс»да бошлади. Кейин «Ливерпуль» сафига қўшилди, аммо бирор расмий ўйинда қатнашмади. Оддий айтганда, «қизиллар» уни асосан ижара сафарларига жўнатишарди. Профессинал футболда энг кўп ўйинни «Дерби Каунти» либосида ўтказган Скотт легионер мақомида ҳам фаолият юритди. Аниқроғи, «Бурсаспор» (Туркия) унинг хориждаги ягона клубидир. Эътиборни тортадиган томони,  Карсон вақтида Англия миллий жамоасига ҳам чақирилган ва 4та ўйинда мамлакат шарафини ҳимоя қилган (жумладан, Хорватия термасига қарши кечган ва оғриқли мағлубият билан тугаган учрашувда, инглизлар ўша омадсизлик туфайли Евро-2008 финал раундидан четда қолишганди). Карсон шунингдек, Англия термасининг ЖЧ-2006 учун берган «заявка»сидан ҳам жой олганди. Скотт 2019 йили ижара келишуви асосида «Дерби»дан «Манчестер Сити»га ўтди, кейинчалик шартнома муддатини узайтирди.

Энди «Твиттер»да Карсонга дахлдор қизиқарли ҳисоб-китоб ишлари авжида:

– Карсон АПЛдаги фаолиятини жонлантирди. Энг қизиғи, яна «Сент-Жеймс Парк» аренасида. Унинг элитадаги охирги ўйини ҳам айнан шу стадионда, айнан «Ньюкасл»га қарши кечганди. Қисқаси, АПЛдаги 2та ўйини ўртасида 3645 кун ўтиб кетди – дарвозабонлар учун энг узун серия.

– Карсон АПЛ ўйинида охирги марта майдонга тушган пайт Фил Фоден атиги 10 ёшда эди.

– Англиялик кипер Криштиану Роналдудан 7 ой кичик. У АПЛда танаффус олган вақт оралиғида португалиялик юлдуз клублар футболида нақ 325та гол урди.

Карсон АПЛда кўриниш берган сўнгги мавсум (2010|2011)да нималар рўй берганди?

**      «МЮ» 9 очколик фарқ билан чемпион бўлган, бироқ «Уэмбли»да кечган ЧЛ финалида «Барселона»га ютқазган.

**      «Тоттенхэм», шунингдек, «Фулхэм» (бу йил АПЛдан тушиб кетди), «Сток Сити» ва «Бирмингем» (эндиликда Чемпионшип ўртамиёналари) мавсум якуни бўйича ЕЛ йўлланмасини қўлга киритган.

**      «Вулверхэмптон»нинг АПЛ­дан тушиб келитишига сал қолган, «Вест Хэм» эса элита билан хайр­лашган.

**      Роберто ди Маттео «Вест Бромвич»дан ҳайдалган (италиялик мутахассис ўша вақт яна бир йилдан кейин «Челси» билан ЧЛда зафар қучишини билмасди, албатта).

**      АПЛнинг бош тўпурарига эталган совринга икки футболчи эга чиққан – Димитар Бербатов ва Карлос Тевес.

**      Мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида Неманья Видич тан олинган.

**      «Манчестер Сити» АПЛ турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб, илк марта ЧЛда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган. «Шаҳарликлар» дебют мавсумида «Бавария», «Наполи» ва «Вильярреал»га қарши ўйинларда 10 очко олишган, аммо гуруҳда атиги 3-бўлишган.

 

ҲАР 16та ЎЙИНДА БОШ СОВРИН

«Манчестер Сити» ҳимоячиси Бенжамин Менди АПЛ доирасидаги ҳар 16та ўйин учун 1та олтин медаль олмоқда. Қойилмақом самарадорлик. Франциялик футболчининг ўзи «Твиттер»да бу борада ҳазиллашишни бошлаб юборди: «Совринларимнинг ўйин­лар сонига нисбати яхшиланмоқда». Газетамизнинг аввалги сонларидан бирида ЧЛ-2020|2021 ярим финалида 3та клуб сафида иштирок этган Мендилар ҳақида алоҳида мақола бергандик. Улардан 2 нафари мусобақанинг финалига чиқди. Бенжамин Менди эса «Драгау» финалидан олдин фаолияти давомида 3-марта АПЛ чемпионига айланди. Унинг натижаси – ўзига хос даражада ноёб. Зеро, Бенжамин ҳар мавсум жароҳатлар туфайли кўплаб ўйинлардан четда қолган.

Менди мавсум-2019|2020да 19та ўйин ўтказди – бу унинг шахсий рекорди. Бироқ футболчи ўшанда чемпионлик нашидасини сургани йўқ – «Ливерпуль» бир нафасда тетик ўйнаб, «Манчестер Сити»га айтарли имконият қолдирмади. Менди бундан олдинги 2 мавсумда АПЛнинг жами 17та ўйини (7+10)да қатнашган ва ҳар иккисида чемпионлик медалини бўйнига таққанди. Бенжамин бу сафар чемпионлик маррасига қадар 12та учрашувда майдонга тушди, 2та гол урди, самарали узатма берди ва бош сов­ринни боши узра баланд кўтарди.

Умуман олганда, Менди АПЛдаги фаолияти давомида жами 48та ўйинда ҳаракатланди. Шундан келиб чиқсак, ўртача ҳисобда унинг АПЛдаги ҳар 16та ўйинига 1та чемпионлик унвони тўғри келмоқда. Диққат қилинг, жорий мавсум кўрсаткичи (12та ўйин) унинг учун чемпионлик юришларидаги рекорддир. Мендининг ўзи 3-чемпионликка ҳазил аралаш муносабат билдирди: «Совринларимнинг ўйинлар сонига нисбати яхшиланмоқда. Болакай, олтин муборак!»

Футболчининг ушбу постига АПЛ ва «Манчестер Сити» табрик билан жавоб қайтарди. «Шаҳарликлар» 2017 йилнинг июль ойида Бенжамин Менди трансферига 57,5 миллион евро тўлашганди. Эътиборли томони, у аввалги клуби – «Монако»да деярли бирор марта жиддий жароҳатга йўлиққан эмасди. «Сити» сафига қўшилганидан кейин эса, бу масалада муаммолар юзага чиқа бошлади. Дейлик, қимматбаҳо ҳимоячи илк мавсумда нақ 200 кун четда қолди. Кейингисида тиззаси шикастланди ва операция столига ётди. Мана, жорий йил баҳоридан Менди ниҳоят, Гвардиола хизматига тўлиқ шай ҳолатда. Фақат энди мураббий уни мунтазам майдонга тушираётгани йўқ. Дейлик, Менди апрелда ҳар икки ўйиннинг бирида иштирок этиб, иккинчисида дам олди. Фақат АПЛ доирасида «Кристал Пэлас»га қарши ўйингача қаторасига 3та учрашувда таркибга кирди. Эслатма, Менди ва «Манчестер Сити» ўртасидаги шартнома 2023 йилнинг июль ойигача мўлжалланган.

«Манчестер Сити» мухлислари Бенжамин Мендининг навбатдаги зафаридан хурсандлар ва совринларини ўйинлари сони билан таққослашмоқда.

Туғилган санаси (ёши): 17.07.1994 (26)        Бўйи: 185 см.

Амплуа бўйича: чап қанот ҳимоячиси

Туғилган жойи: Лонжюмо             Трансфер суммаси:

Фуқаролиги: Франция                      22 млн. евро

 

Манба

Дўстларингизга билан баҳам кўринг