«Атлетико Мадрид»нинг чўққига йўли

ХХИ асрда Испания чемпионлиги бор-йўғи 4 ҳолдагина «Барселона» ёки «Реал»дан бошқа клубга насиб қилган. Иккимингинчи йиллар аввалида «Валенция»

2 бор бош соврин соҳиби бўлгач, мана энди сўнгги етти йилда иккинчи бор «Атлетико» чемпион бўлмоқда.

Бу сафар чемпионнинг йўли қандай бўлди? Соврин нега айнан Симеоне шогирдларига насиб этди? Натижанинг энг катта ҳиссадорлари ким? Ҳозир шу каби саволларга жавоб излаб кўрамиз.

Наздимда титул қўлга киритилишининг бош сабабчиси — мураббий! Кейин келадиган ва баъзи ўринларда ундан аввал тилга олинаётган фактор барибир Симеоне шахсияти орқали ўтишга мажбурдир.

Менимча аргентиналик мутахассис бу сафар ўзини тамомила ўзгартира олди. Аввал Родри, кейин Томас Партей АПЛга трансфер қилиниши ортидан марказ тубдан ўзгариши, ҳимояга мойиллик сусайишини кутган бўлсамда, Диего қаердандир яна бир кучли «стоппер» топиб, эски кўринишга қайтади, деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади. Масалан, ўта муҳим бўлган энг сўнгги ўйинга қарасае ҳам яримҳимояда Саул, Коке ва Лёренте ўйнаган. Ва бу мавсум учун типик кўриниш. Бу уч исмда яратувчанлик иқтидори, бузиш ҳислатидан кўра кучли барибир. Тўғри, Коке бу ўринда кўпроқ меҳнат қилишга мажбур бўлди. Аммо бундан у ҳам, жамоа ҳам ютди.

Ҳужумда Суарес кўпинча икки кўмакчи билан ўйнади. Янник Карраско ва Анхел Корреа. Иккиси ҳам номинал ярим ҳимоячи. Корреа Облак билан бир қаторда мавсумдаги барча ўйинларда ҳаракат қилган икки футболчидан биридир. Бундайлар бошқа йўқ. Иккиси ҳам анча серҳаракат футболчи. Уларнинг қанотда бўлиши рақиб ҳимоясидаги диққатни сочиб юборди. Бўшлиқлар эса Суарес учун айни муддао эди. Тугал натижа — 67 та гол. Аввалги икки мавсумда клуб 51 ва 55 та гол билан кифояланган. Сезиларли ўзгариш.

Луиснинг титулни қўлга киритишдаги ҳиссаси беқиёс. У ўзига чақириқ ташлаб, сўнгра ўзи ўзи енгди. 21 гол асли катта рақам эмас, аммо бу ҳар бири икки баробар қийматга эга 21 гол бўлди. Мавсум аввалида барқарор бўлган уругвайлик баҳорда бироз секинлашди. Шундан сўнг клубнинг таъқибчилари билан очко фарқи дастлаб қисқариб, кейин йўққа чиқа бошлади. Ҳатто орада Симеоне ўзининг севимли ёпиқ футболига ўтишга уринди. Ва дарҳол бу фикридан қайтди. Албатта бу мавсум мадридликлар кўрсатган ўйин очиқ ва супер тезкор футбол эмас, бироқ айни вақтда бу ёпиқ ва антифутбол ҳам эмас. Мувозанат — бу энг мос сўз тариф учун.

Яна бир гап. Икки мавсум илгари «Реал»дан харид қилинган Моркос Лёренте ҳам алоҳида тилга олиниши керак. Унга қишда МЮдан 80 млн. евролик қизиқиш билдиргани ҳақида ўқигандим ва хайратланган эдим. Бироқ ўйинларини кўриб таажжубим йўқолди. 12 гол ва 11 ассист — зўр кўрсаткич.

Дарвоқе, энг муҳим исмлардан яна бири — Ян Облак. Энди… «Атлетико» дарвозабондан доим ёлчиган. Облак истисно эмас. 38 ўйинда ўтказиб юборилган 25 та гол ва 17 та даҳлсизлик. Ўз-ўзини изоҳловчи рақамлар. Бебаҳо кипер!

Ҳимоядан Ренан Лодини эътироф этган бўлардим. Ўсди. Ҳужумни бошлашда самарали футболчи. Стефан Савич эса анча қўпол бўлсада ёмон мавсум ўтказдмади.

Симеоне жамоаси ўрта ва кичик клубларга қарши очколарни ола билди. Одатда шундайлар чемпион бўлади якунда. Ҳамма катта ўйинларда муносиб ўйнаган «Реал» ҳам, баъзи-баъзида Пепнинг даврини эслатиб, баъзида ўзинида танимай қолган беқарор «Барселона» ҳам хатолари билан «Атлетико»га йўл беришди. У эса бу йўлдан чўққигача боролди!

Ҳамма Испания футболи ишқибозларига табрик. Сизлар бу мавсум ёндирдинглар

Муаллиф канали: 👉🏻 @tolipovuz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг