ЎЗБЕК ФУТБОЛИ АФСОНАСИ БИРОДАР АБДУРАИМОВ ВА УНИНГ ЁДДА ҚОЛАДИГАН ТАРИХИЙ ЎЙИНЛАРИ ВА ГОЛЛАРИ…(+ВИДЕО)

Ўзбек футболининг афсонаси, ХХ асрда Ўзбекистоннинг энг машҳур футболчиларидан бири, собиқ Иттифоқ давридаги расмий учрашувларда 100 дан ортиқ тўп киритиб Григорий Федотов клуби аъзоси бўлган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тренер(1990), «Ўзбекистон ифтихори» (2003) деган юксак ном соҳиби, «Шуҳрат» (1994) медали ва «Фидокорона хизматлари учун» (2006) ордени соҳиби, ҳаммамиз учун севимли бўлган Биродар Хасанович Абдураимовни (1943йил)14 май куни таваллуд топган куни!
Биродар (кўп кишилар Эркин деб чақиришади) Абдураимов тўғрисида қанча гапирилмасин, барибир кам. Ўзбек футболи афсонаси ҳисобланган Абдураимов тўпурарлиги, нозик алдамчи ҳаракатлари билан 3-4 футболчидан ўтиб кетиши, дарвозага чап оёғи билан йўллаган «шоҳ» (кучли ва аниқ) зарбаси, бурама ҳолда йўналтирилган бурчак тўпи зарбаси билан машҳурдир. Абдураимов чап оёқда кучли зарбага эга бўлишига қарамасдан ўнг қанот ҳужумчиси ҳам бўлган. Бу ҳолатга ҳамма хайрон бўлган. Бунинг тагида «сир» ётарди. Ўнг қанотдан рақиб майдони томон ҳужумга ўтиб, бир-икки футболчиларини ортда қолдириб, майдон ўртасига ўтиб, ҳеч кутилмаганда чап оёғида «шоҳ» зарбасини берарди. Мана сизга ҳужумчининг ноординар ҳаракати! Яна бир «қизиқ» финти, (жамоа ютаётган пайтда) қаршисида рақиб футболчиси бўлмаса, рақиб футболчи қаршисига тўп билан ҳаракат қилиб, кутилмаган ҳолатда саросимага тушган рақибини осонликча алдам ўтарди…
Биродар (Эркин) Абдураимов «юлдуз» даврида ҳам, ҳозир ҳам ҳаётда очиқ кўнгилли одам, ўзининг шуҳрати билан ҳеч қачон мақтанмайди. Телевидения, радио, газеталарга интервью берганда ҳам оддийлиги, очиқ кўнгиллиги сезилади. Манбаларда Абдураимовнинг«қизил карточка» олиб майдонни тарк этганини топа олмадим. СССР терма жамоасига чақирилмаса ҳам норози бўлмаган.
Биродар Абдураимов собиқ Иттифоқ чемпионатида «Пахтакор» (Тошкент) жамоаси сафида 15 мавсум: 13 мавсум олий лигада 302 учрашувда, 2 мавсум биринчи лигада қатнашган.
Туғилган куни муносабати билан уларнинг тарихда қолган энг муҳим учрашувлардаги иштироки, ҳал қилувчи ва чиройли голларини эсга оламиз…
1960 йил собиқ Иттифоқ олий лигасидаги 1-учрашувини «Пахтакор» (Тошкент) жамоаси таркибида 13 июнда «Даугава»
(Рига)жамоасига қарши ўтказган.
Олий лигадаги рақиб дарвозасига 1-тўпини 1960 йил 14 октябрда «Зенит» (Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербург) жамоаси дарвозасига киритиб, тарихда Федотов клуби аъзоларидан 17 ёшида биринчи тўп киритган футболчи бўлиб қолади. Ўша йили «Қайрат» (Олма-ота) жамоаси дарвозасига 2 тўп киритиб, биринчи «дубл»га эришган.
1961 йил 17 октябрда «Торпедо»
(Москва) жамоаси дарвозасига украиналик футбол мухлислари фикрича, ўзи билмаган ҳолда «муҳим» тўп киритган. Бу учрашувда «Пахтакор» 1:0 ҳисобида ғолиб чиққан. Бу чемпион масалани ҳал қилувчи муҳим гол эди. «Торпедо» муҳим 2 очко йўқотади, «Динамо» (Киев) жамоаси ўша куни «Торпедо»дан ўтиб, чемпионат тугашига бир тур қолганда, чемпион бўлганди…
1962 йилги собиқ Иттифоқ чемпионатида «Пахтакор» жамоаси 6-ўринни олади, жамоа сафида Абдураимов спорт устаси бўлади. Ўша йили СССР (Собиқ Иттифоқ) ёшлар жамоасига чақирилиб, тарихда қоладиган гол: СССР ва Руминия ёшлар жамоаси ўртасида ўтказилган учрашувда СССР ёшлар жамоасининг тарихидаги 1-голини киритган! 1962 йил Тошкентда «Динамо»
(Москва) ва барча давр ва ҳалқларнинг энг яхши дарбозабони Лев Яшин дарвозасига тўп киритиб, ҳисобни тенглаштирган 2:2.
1964 йилда «Пахтакор» 1963 йил мавсуми якунида олий лигадан биринчи лигага тушиб кетади. 1964 йили «Пахтакор» футболчиларидан Геннадий Красницкий, Юрий Пшеничников «Динамо»(Киев)га ўтмоқчи бўлади. Абдураимов «Спартак»
(Москва) сафига ўтиб, битта ўйин ўтказади ва «Пахтакор» сафига қайтиб келган. Бу футболчиларни қайтаришда футбол жонкуяри Республикамиз раҳбари Шароф Рашидов бош-қош бўлган.Буни натижасида Республикамизнинг 40 йиллик байрамига «Пахтакор» олий лигага қайтади.
Абдураимов СССР олимпиада терма жамоаси (ОТЖ) сафида ҳам кўп учрашувларда ўйнаган. Қатнашган учрашувлари (фақат ўртоқлик учрашувларда): 1966 йилда «Шварц-вайс» (Австрия, 7:1,битта гол киритган), Япония (3:1), Югославия ёшлар жамоаси( 1:2), ГДР (0:0), 9-27 декабрда Ливан ва Суриядаги ўтказилган йиғин учрашувларида Суриянинг Давлат хавфсизлиги жамоаси (5:0), Халеб (ҳозир Алеппо) шаҳар клублари (4:0), «Ахлия» жамоси (3:0), Бейрут шаҳар терма жамоаси (4:0), Ливан ОТЖ ( Олимпия терма жамоаси) 6:1 ( 1гол киритган), Ливаннинг «Мазраа
-Хоменмен»клублари (10:0, 3 гол),
1967йил 19-26 февраль Япониядаги йиғиндаги учрашувлари: Япония ОТЖ 2:0 (1гол), 3:1 (1гол), 0:0; Япония чемпиони «Васэда» (Токио) 7:1; ЦСКА (Москва) 5:0, «Шинник» (Ярославль) 4:0 (1гол)…
1967 йил 4-11 июнь кунларида Канадада ўтказилган турнирда СССР ОТЖ 2-ўринни эгаллашади. Учрашувлар:«Стандарт» (Льеж, Бельгия) 6:2(1гол), «Боруссия» (Дормунд, ГФР) 1:2 (1гол), «Виенна» (Вена, Австрия) 2:1(1гол)…
СССР 2-(иккинчи, биринчи жамоага резерв) терма жамоаси сафига ҳам чақирилган. 1967 йил 7 октябрь куни Болгария-2 жамоаси 2:1(1гол); декабь ойида Перуда ўтказилган ҳалқаро турнирда Перунинг кучли клублари «Альянса» (2:1, 1гол), «Университарио» (1:3)қарши кечган учрашувларда қатнашган…
1968 йили собиқ Иттифоқ чемпионатида биринчи бор «хет-трик»ка (3та гол киритган) «Арарат» (Ереван) жамоаси билан бўлган учрашувда (4:0) эришган. 1968 йил сафар учрашувида «Динамо» (Кировобод, Озарбайжоннинг ҳозирги Ганжа шаҳри) дарвозасига 4 тўп киритиб, «покер»га эришган.(Ҳисоб 4:1).
1968 йил мавсуми охирги учрашувида «Спартак» (Москва)(2:2) дарвозасига учрашувнинг охирги дақиқасида 30-35 масофадан киритилган 2-гол ҳали ҳам кўз ўнгимда турибди. Дарвозага жуда кучли йўлланган тўп, дарвоза ўнг тўсинини дарвоза тўри билан уланган жойида «қотиб» жойлашган. Собиқ Иттифоқ чемпионатида, 1968 йил мавсуми якунида 22 тўп киритиб, тўпурарларга бериладиган «Труд» газетаси соврини лауреати бўлади.
1969 йилда ЦСКА (Марказий Армия Спорт Клуби) сафига чақирилади.
1969йилдаги чиройли ўйинлари учун, СССР терма жамоаси тренери Г. Качалин Абдураимовни терма жамоа сафига чақиради. СССР терма жамоасини мавсум тайёргарлик йиғинларида Ткибулининг «Мешахте» (1:0), Кутаисининг «Торпедо» (1:0, гол) жамоаларига қарши кечган ўйинларда иштирок этади. 1969 йил 16 февраль- 5 март кунлари Жанубий Америка мамлакатлари бўйлаб уюштирилган терма жамоа йиғинида ҳам таркибга чақирилган. Бразилиядаги жаҳондаги энг машҳур катта стадион «Маракана»да 86588 томашабин олдида «Васка Да Гама» (Рио-де-Жанейро) жамоасига (1:0); «Мильонарис» (Богота, Колумбия) 2:2; «Спортинг Кристал» (Чили) 0:0; «Кола -кола» (Чили) 5:4 ( 3 гол) жамоаларига қарши учрашувларда қатнашади. Бу сафарда фақат Колумбия терма жамоасига қарши ўтган расмий ўйинда таркибга нима учундир қўйилмайди…
Муҳим голларидан бири 1969 йил СССР кубогини чорак финалида драматик равишда кечган ўйинда, ЦСКА таркибида «Динамо» (Киев) дарвозасига 104-минутда киритган тўпи, ЦСКА нинг ярим финалга олиб чиқади. Кейинчалик уни Армиячилар сафида 1969 йилда яхши ўйин кўрсатса ҳам, Иттифоқ терма жамоасига чақирмай қўйишади. 1970 йилда Армиячиларда тренер ўзгариб, таркибни ўзгартириб, Абдураимов заҳира «ўриндиғи»да қолиб кетади. Шунинг учун ҳам мавсум ярмида «Пахтакор» жамоаси сафига қайтади…

Абдураимов 1970 йилда Мексикада ўтказилган жаҳон чемпионатига бемалол ўйнаши мумкин эди. Ҳар томонлама жаҳон чемпионатига тайёр эди: Собиқ Иттифоқ биринчи, олимпия, иккинчи терма жамоалари сафида кўп учрашувлар ўтказиб, «пишиб» бўлганди. Биринчидан унинг кучли «спорт форма»далиги ва жисмоний тайёргарлиги юқори савияда эди, иккинчидан Мексикада заҳира ўриндиғидан жой олган умуман ўйинга тушмаган ҳужумчилар Паркуян ва 34 ёшли Метревели, заҳиридан тушган ёки майдонда 1-2 ўйинда бир таймни ўтказган Гиви Нодия ва Пузачдан кучли эди, учинчидан ўйин услуби Лотин Америкалик футболчиларга ўхшаб кетарди. СССР терма жамоаси Мексика, Сальвадор, Уругвай жамоаларига қарши ўйнаган эди. Бу ҳолат Абдураимовга қўл келарди. СССР бош тренери Г.Качалин Абдураимовни олимпия, иккинчи терма ва биринчи терма жамоа ўртоқлик учрашувларида ўзи тренер бўлиб, шунча учрашувларда олиб юрган-да, охирида эса, жаҳон чемпионатига олиб бормаган…
1970 йил 30 октябрда Кутаиси шаҳрида маҳаллий «Торпедо» жамоаси меҳмони бўлган учрашувда «Пахтакор» 4:1 ҳисобида ютиб, Абдураимов 3 тўп киритиб, учрашув қаҳрамонига айланганди. Кучли ёмгир остида ўтган «лой жанги»да мезбонлар мухлислари аламига чидай олмай стадион ичида ва ташқарисида оммавий тартибсизликлар келтириб чиқарганлар. Айниқса учрашув қаҳрамони бўлган Абдураимовни ўйиндан сўнг қаттиқ таъқибга олишган. У натижада маҳаллий ишқибозлардан, бошқа кийим кийиб ва жамоа билан яширин ҳолатда бир амаллаб Кутаисидан чиқиб кетган…
1973 йил Тошкентда «Пахтакор» «Днепр»
(Днепропетровск) жамоасини 4:1 ҳисобида мағлуб қилган. Энг қизиқарлиси Абдураимовнинг дарвозага бурчак зарбасини «бурама» усулда тепиб «Днепр» дарвозасига киритади. Ўша пайтдаги «Днепр» бош тренери, кейинчалик «Динамо» (Киев) жамоаси тренери, жаҳондаги энг кучли 10 тренерлардан бири ҳисобланган Валерий Лобановский ўзидан ўзи чапак чалиб юборади. У Абдураимовнинг маҳоратига қойил қолиб, чапак чалган. Албатта ўзининг ёшлиги эсидан тушиб, ҳам кетгандир.Чунки Лобановский «Динамо» (Киев), «Шахтер»
(Донецк), «Черноморец» (Одесса) жамоаларидаги футбол ўйнаган даврларида бурчак зарбасидан бир неча бор тўп киритган. Лобановский бурчак зарбаси тепаётган пайтда рақиб дарвозабонлари юракларини ҳовучлаб туришарди…
Туғилган куни муносабати билан Биродар Хасанович Абдураимовни барча футбол мухлислари номидан чин қалбимиздан табриклаймиз! Уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик -хотиржамлик тилаймиз! Омад доимо ҳамроҳингиз бўлсин Биродар Хасанович!

Абдурашид Кузибаев

Дўстларингизга билан баҳам кўринг