Forbes. Энг бадавлат спортчилари рейтинги эълон қилинди. Биринчи ўринда Конор Макгрегор (тўлиқ рўйхат)

Дунёнинг энг кўп пул ишлаб топган спортчилари номи маълум қилинди
Рейтингда биринчи ўринни ирландиялик ММА жангчиси Конор Макгрегор эгаллади.

Forbes дунёнинг энг кўп пул ишлаб топган 10 нафар спортчиси номини маълум қилди.

Ўтган йили ҳаммадан кўп пулни ирландиялик ММА жангчиси Конор Макгрегор топган. Унинг даромади 180 миллион доллар деб баҳоланди.

Бу пулнинг катта қисми — 150 миллион доллар — ўзининг виски бренди акциялари назорат пакетини сотишидан келган. Яна 8 миллион долларни реклама шартномалари орқали топган. Октагондаги жанглари эса унга 22 миллион доллар келтирган.

Рейтингда иккинчи ўрин 130 миллион доллар ишлаб топган «Барселона» ҳужумчиси Лионел Мессига насиб этди. Футболчи 97 миллион долларни клубдан олган бўлса, қолган қисми реклама шартномаларидан келган.

Энг кўп пул ишлаб топган спортчилар учталигини Криштиану Роналду якунлаб берди. «Ювентус» ҳужумчиси 120 миллион доллар даромад топган. Туринликлар унга 64 миллион доллар маош тўлаган, қолганини эса реклама ва ўз бизнеси орқали ишлаган.

Яна бир спортчи – америкача футбол юлдузи Дак Прескотт ҳам ўтган йили 100 млн доллардан ортиқ пулга ишлаган. «Даллас Ковбойс» ўйинчиси бир йил давомида 107,5 млн доллар топган.

Ўнталикдан қуйидаги спортчилар ҳам ўрин олди:

  • америкалик баскетболчи Леброн Жеймс – 96,5 млн доллар;
  • бразилиялик футболчи Неймар – 95 млн доллар
  • швейцариялик теннисчи Рожер Федерер – 90 млн доллар;
  • англиялик «Формула-1» пойгачиси Люис Ҳэмилтон – 82 млн доллар;
  • америкача футбол ўйинчиси Том Брэди – 76 млн доллар;
  • америкалик баскетболчи Кевин Дюрант – 75 млн доллар.
Дўстларингизга билан баҳам кўринг