Бектемир ва дисквалификация ҳақида. Нега бундай бўлди?

Халқаро бокс федерацияси (AIBA) ўзбекистонлик боксчи Бектемир Мелиқўзиевни тўрт йил муддатга дисквалификация қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аниқроғи Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги буни ўз расмий сайтида эълон қилди.

Унга кўра, спортчи 2020 йил 16 февралдан бошлаб 2024 йил 15 февралга қадар барча спорт мусобақаларида (миллий ва халқаро чемпионатлар, турли ўйинлар в.х.к) иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. 2020 йил 16 февралдан бошлаб мусобақаларда олган барча медаллари ва рейтинг очколари бекор қилинди.

Нега бундай бўлди?

Барчаси узоқ 2018 йилга бориб тақалади. Ўшанда Бектемирдан олинган допинг-тестда унинг қонидан «фуросемид» тақиқланган моддаси аниқланган бўлиб, ўшандан кейин у 2018 йил 28 февралдан бошлаб 2020 йил 27 февралгача 2 йиллик дисквалификация билан жазоланганди. Шундан сўнг, Бектемир уч марта 2019 йил 30 сентябрда, 21 октябрь ва 2020 йил 16 февраль кунлари допинг таҳлили топширилиши лозим бўлган манзилларга бормаган. Унга, бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.4-моддасига асосан, бу турдаги антидопинг қоидабузарлиги учун 2 йиллик дисквалификация жазо чораси қўлланилган. Аммо бу қоидабузарлик аввалги антидопинг қоидабузарлик учун белгиланган муддат ичида содир этилган бўлса, бунда кейинги антидопинг қоидабузарлик муддати икки баравар кўпайтирилади. Шу сабабли, Мелиқўзиевга жами 4 йиллик дисквалификация белгиланган.

Ушбу хабардан кейин мухлислар ва бокс ҳамжамиятида бир қатор саволлар пайдо бўла бошлади. Чунки кўпчилик мазкур дисквалификацияни боксчининг бутун фаолиятига тааллуқли деб тушунганлар кўп бўлган. Аслида эса бундай эмас. Буни қуйида тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Биринчидан четлатиш АИБА, яъни ҳаваскор боксга алоқадор ташкилот томоиндан амалга оширилган. Яъни Бектемир ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақадаги таҳлил натижаларидан сўнг четлатилган. Кейинроқ у ҳаваскор боксдан тўлиқ кетмасдан профессионал боксда фаолиятини бошлаган, лекин олимпиадада иштирок этиш истагида яна ҳаваскор боксга қайтиш ниятида бўлган. Шу мақсадда уни олимпиада саралаш мусобақасида иштирок этувчи спортчилар қаторида қолдиришган. Айнан мана шу сабаб билан АИБА тизимидан чиқиб кетмаган боксчи мажбурий допинг тестлар топшириши керак бўлган. Аммо у кўрсатилган манзилда бўлмагани сабабли, АИБА боксчиси сифатида яна жазоланган. Профессионал боксчи сифатида эмас.

Яна бир гап. Бектемир АИБА тасарруфидаги мусобақалардан четлатилган даврда ҳам профессионал боксда фаолиятини давом эттирган ва бу ҳеч қандай қоидаларни бузиш сифатида баҳоланмаган. Яъни у АИБАга мутлақо алоқаси бўлмаган (айтиш мумкин бўлса, бошқа спорт тури) жангларда иштирок этган. Бу сафарги жазо ҳам айнан биринчи жазони берган ташкилот томонидан берилган. Фарқи фақат 2 йил эмас 4 йил. Шундоқ ҳам ҳаваскор боксда рингга чиқмаётган боксчига бу жазони унчалик аҳамияти йўқ десак ҳам бўлади. Ягона аниқ бўлган нарса, Бектемир узил-кесил ҳаваскор бокс билан хайрлашса ҳам бўлаверади :). Бор эътибор профига қаратилади.

Шунингдек, ташкилот четлатилишида ҳам бу нарса қайд қилинган. «Бутунжаҳон антидопинг кодексига кўра, Мелиқўзиевнинг профессионал боксда чиқишларини давом этиши ёки этмаслиги тегишли Халқаро профессионал бокс ташкилотининг қарорига боғлиқ бўлади. Агар рухсат берадиган бўлса, дисквалификацияси тугагунгга қадар фақатгина профессионал боксда жанг ўтказиши мумкин», дейилади хабарда. Яъни профессионал бокснинг ўзига қўйиб беришаяпти. Шу пайтгача бу борада муаммога дуч келмаган спортчи келгусида ҳам бундай муаммога дуч келмаслигига ишонсак бўлади. Асосийси профессионал боксга алоқадор ташкилотларнинг мажбурий допинг тестларида муаммо туғилмаса бўлгани.

Эслатиб ўтамиз, Мелиқўзиев 19 июнь куни Габриэл Росадога қарши рингга чиқади. Айни вақтда у супер ўрта вазн тоифасида WBA рейтингида 7, WBO рейтингида 12-ўринда бормоқда.

 

https://t.me/gosportuz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг