Бокс. Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров ва яна 3 нафар ўзбекистонлик боксчи Губернатор Кубоги—2021 финалига чиқди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилаётган бокс бўйича Губернатор Кубоги—2021 мусобақасининг ярим финал баҳслари 23 апрель, жума куни бўлиб ўтди.

Финал йўлланмаси учун олти нафар ўзбекистонлик боксчи кураш олиб борди.

Нодиржон Мирзаҳмедов россиялик Эдмонд Худояндан устун келган бўлса, Шаҳобиддин Зоиров азалий рақиби Амит Пангални енгди.

Миразизбек Мирзахалилов мезбонлар вакили Максим Чернишовга қарши кечган қизиқарли баҳсда ғалаба қозонди ва финал йўлланмасига эга бўлди.

Ёш истеъдодли боксчи Абдумалик Ҳалоков Молдова вакили Дорин Букшани таслим этди. Бобоусмон Ботуров қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновга имкониятни бой бериб қўйди.

Оғир вазн тоифаси ҳаракат қилувчи ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов эса россиялик Андрей Стоцкийни енгиб, финалга чиқди.

Шу тариқа Губернатор Кубоги финалида беш нафар ўзбекистонлик боксчи жанг қиладиган бўлди. Финал баҳслари 24 апрель, шанба куни ўтказилади.

daryo.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг