“Темир одам” ёхуд Гильфи Сигурдссон ҳақида…

Гильфи Сигурдссон бутун фаолияти давомида зиддиятли вазиятларда ишлашга мажбур бўлди, бошқаларнинг асаби бардош бермаганда, жамоани ўз ортидан эргаштирди.

Сигурдссонга «Рединг»да ўйнаётган кезлари устозлик қилган Брайан Макдермотт шогирди ҳақида бошқаларга номаълум нарсаларни билади. Биринчи навбатда, исландиялик футболчининг фаолиятидаги икки воқеани эслайди. Уларнинг биринчиси 2010 йилга тўғри келиб, «Рединг» бош мураббийи карьераси сўнгги сонияларда сақлаб қолинганди. Иккинчиси – ўтган ойда ўтказилган Мерсисайд дербиси бўлиб, унда «ирислар» 10 йилдан узоқроқ чўзилган танаффусдан сўнг принципиал рақибни мағлуб этишганди.

Яқинда Сигурдссон «Вест Бромвич» билан ўйинда захирадан ўйинга қўшилиб (аслида, дам олиши керак эди), Ришарлисонга самарали пас берди. Бунинг учун унга 43 сония кифоя қилди. Бу Гильфига хос жиҳат. Ҳар доим бажарган ишини хотиржам тарзда амалга ошираверади, жорий мавсум унинг учун анча сермаҳсул кечмоқда. Севимли «ўнлик» позициясида тўпсуриш орқали 6та гол, 9та ассист расмийлаштирди. Ўтган мавсум у орқароқда тўп сурган ва ўйинлар натижасига камроқ таъсир кўрсатганди.

Сир эмаски, исландиялик ярим ҳимоячини танқид қиладиганлар «Эвертон» мухлислари орасида ҳам кўплаб топилади. Сезиларли ўсишга эришганига қарамай, эътироз билдириш воситаси тайёр – унинг учун тўланган ва ҳали оқланмаган 45 млн. фунт. Иши юришмай қолиши ҳамоно, ушбу суммани эслашади. Жуда қулай.

Умуман, қанчалик оғир бўлмасин, Сигурдссон ҳамиша мураббийнинг кўрсатмасига амал қиларди – унга кўплаб мутахассислар устозлик қилишган. Ҳозир у Анчелоттининг ишончини қозонган, клубдошлари эса ҳурмат билан муносабатда бўлишади. Фанатлар Гильфининг аслида қандай инсонлигини ҳамон аниқлай олишмаяпти, у билан бирга ишлаётганлар эса иқтидорига ҳеч қачон шубҳа қилишмаган.

***

Ўтган йилнинг августида Сигурдс-сон «Блэкпул»нинг уй стадиони «Блумфилд Роуд» четида интервью берди. У бундан бироз аввал жарима зарбасидан чиройли гол урган, яна иккита тўп киритилишида бевосита қатнашганди. Шунга қарамай, ярим ҳимоячининг Ливерпулдаги келажаги ҳақида кўплаб гап-сўзлар урчиганди. Си-гурдссон 3:0 ҳисобида якунланган ўйинни илк дақиқалардан бошлади. У ўша мавсум учун одатий ҳолга айланган майдон марказида тўп сурди. Шу ролга кўникишга мажбур эди – ўзига қолса, уни ҳеч қачон танламасди. Аллан ва Абдулай Дукуренинг трансферлари тасдиқладики, Анчелотти ҳам бундан кўпроғини хоҳларди.

Негалиги – тушунарли. «Эвертон» нисбатан кучсизроқ рақибга қарши баҳснинг дастлабки 11 дақиқасида учта гол ўтказиб юборди. Сигурдссоннинг техникаси юқори, аммо орқароқда тўп сурганда ундан фойда кам эди.

Исландияликнинг таъкидлашича, фаолиятининг катта қисмини «ўнлик» позициясида ўтказган, аммо ўтган мавсум Анчелотти 4-4-2 схемасини қўллаган пайт бу ролга эҳтиёж катта бўлмаганди. Мослашиш осон эмасди: Гари Невилл сингари таҳлилчилар уни тўп учун курашишга хоҳиши йўқликда айблашди. Гильфидан фойда кам эди, бироқ италиялик мутахассис шогирдини сафдан чиқаришга шошмади – бунинг ўрнига, машғулотлар пайти унинг ролини ўзгартириб, футболчига мос позицияни аниқлашга уринди. Худди шунга ўхшаш ҳолат Анчелоттидан аввал ишлаган, 4-3-3 тактикасини қўллайдиган мураббий пайтида ҳам кузатилганди. Силва якунда Сигурдссондан унумли фойдаланиш учун схемани ўзгартирганди. Мана энди, деярли бир мавсумдан кейин исландиялик яна ўзи ёқтирган чизиқда ўйнамоқда.

***

Аввалги формасига қайтишига «ўнлик» позициясидаги ўйинлари сабаб бўлди. Анчелотти Сигурдссон ва Хамес Родригесни алмаштириб ўйнатар, иккиси ҳам яхши таассурот қолдирарди. Гильфи 22та ўйинни дастлабки дақиқалардан бошлаб, 6та гол ва 9та самарали узатма муаллифига айланди. Колумбияликнинг ҳисобида эса 19 ўйинда 5та гол ва 8та ассист бор.

Родригесда динамика кучли, унинг ҳисобидаги ҳал қилувчи паслар кўпроқ (бир ўйинда ўртача 1,7, исландияликда эса 1,1та), қолаверса, Хамеснинг умумий узатмалари ҳам бисёр. 90 дақиқа давомида Родригес ўртача 71 марта тўпга тегинади, Сигурдссонда бу кўрсаткич 53 мартага тенг, унинг сўнгги уч мавсумдаги энг яхши натижа.

Балки Сигурдссоннинг ўйин услуби Хамесникидан фарқланар, аммо барча мураббийлар унга ишонч билдираверишади. Макдермотт унинг ўсмирлик пайтидаги ўйинларини ҳамон эслайди. «Мадейски» стадионида ишлаган собиқ мураббий исландиялик шогирдининг 14 ёшидаги ривожланиш жараёнини қуйидагича ёдга олади: «Ёқимтой йигитча эди. Отаси каби тартибни ёқтирарди. Келарди, шуғулланарди ва уйига кетарди. Уни намуна сифатида кўрсатиш мумкин эди. У ишига юзаки ёндашмасди. Баъзан уни машғулот майдончасидан ҳайдашга мажбур бўлардик, чунки ўйин арафасида кечгача жарима зарбалари бўйича ишларди».

Сигурдссон билан «Рединг» ва «Суонси»да бирга ишлаган Найжел Гиббс исландиялик шогирдини ҳамон ёш футболчиларга ўрнак қилиб кўрсатишини тан олди. Яқинда «Серкль Брюгге» жамоасида Поль Клементнинг ёрдамчиси вазифасидан кетган мутахассис Гильфини «темир одам» дейди: «Ёшлар билан узатмалар бўйича ишлаётганда, зерикарли туюлиши мумкин, аммо Сигурдссон ҳар доим 100 фоиз имкониятини ишга соларди. Шу боис, уни асло ёддан чиқармайман. Ҳатто «Эвертон»да одатий жойидан орқароқда тўп сурганида ҳам буни жамоаси учун қиларди, мураббий нима хоҳлаётганини тушунарди. Унинг осон бўлмаган даврни сабр билан енгганини тушунаман – мураббийлар ишга бу тарзда ёндашадиган футболчиларни яхши кўришади. Ёшлик пайтларида ҳам унга турли вазифаларни буюрсангиз, ортиқча саволларсиз бажараверарди».

«Эвертон»даги клубдошлари ҳам буни инкор этишмайди: кўпчилик исландияликнинг жамоадаги энг меҳнаткаш футболчи эканлигини эътироф этади. Айримлар эса унинг имкониятларидан максимум фойдаланишини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, жамоада Сигурдсонни энг яхши ҳужумлар якунловчиси деб ҳам ҳисоблашади. Бен Годфри Рио Фердинандга берган интервьюсида бундай «якунловчи»ни кўрмаганини айтганди. Бу бежиз эмас: айнан профессоналлик ва мукаммаллик сари астойдил интилиш Сигурдссоннинг шундай чўққиларга эришишида бош омил бўлган. «У болалигидан руҳий барқарорлиги билан ажралиб турарди. Таъбир жоиз бўлса, уни худди Тайгер Вудс каби тарбиялашганди, – дейди исландиялик футбол журналисти Хьёрвар Хафлидасон. – Унинг акаси – Исландиядаги энг яхши гольфчи, отаси эса дартс ўйинчиси. Улар бошқа спорт турини танлашган, аммо ўз маҳоратлари устида 6-7 ёшдан бошлаб ишлашган. Ҳар куни, тинимсиз. Спортчи бўлиш Гильфининг тақдирига ёзилган. У 13 ёшга тўлганида, отаси жисмоний ҳаракатлар бўйича терапевт сессияларига олиб борган – шу тариқа тиззалари ва бошқа аъзолари барқарорлигига эришган. Оила аъзолари уни топ-футболчи сифатида камол топтиришган».

Маълумки, машғулотлардан бўшаган пайтлари Сигурдссон шериклари Майкл Кин ва Тео Уолкотт билан гольф ўйнашга қарши бўлмайди. Ўз юртига борганда эса балиқ овлашни ёқтиради. Футболчи Сигурдссонни барча билади, аммо унинг шахсий ҳаётидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Буни исландиялик журналистлар ҳам билишмайди – Гильфи ўзи ҳақидаги маълумотларни сир сақлайди. «У жуда ёпиқ инсон. Уни тунги клубларда учратишингиз амримаҳол. Ҳаётида рўй берган қандайдир воқеани қидириб кўринг, ҳеч нима тополмайсиз. Сиёсатдан ҳам йироқ юради. Кўнишга мажбурсиз – у шунақа».

Сигурдссон Александра билан турмуш қурган, аммо бундан ортиқ ёзадиган ҳеч нима йўқ. Умуман, «сариқ матбуот»га ярим ҳимоячининг бундай ёпиқлиги ҳамон тушунарсиз туюлса, исландларнинг ўзлари англияликларнинг Гильфига нисбатан муносабатини тушунишмайди. «Қизиғи, баъзан «Эвертон» мухлислари гўё уларнинг клубига мос эмас деб ҳисоблайдигандек туюладилар, – дейди Хафлидасон. – Исландияда эса аксинча, «Эвертон» бу футболчи учун савия жиҳатидан тўғри келмайди, деган фикрдалар. Бундай голлар ва ассистлар билан у Чемпионлар Лигасида тўп суришга муносиб. Туманли ўлкада «подкатлар» ва «иккинчи қават»даги ўйинлар ёқтирилишини уларга тушунтириш қийин – Гильфи эса бундай эмас. Тўпни олиб қўйиш ва яккакурашларга унга тўғри келмайди. Жуссаси катта бўлсада, ҳаводаги курашларда анча заиф. Шунга қарамай, у нималарга қодирлигини бир неча маротаба кўрсатиб улгурди».

***

Гильфи Сигурдссон ҳамон жамоасининг асосий вакилларидан бири бўлиб турибди. Унинг шарт-номаси 2022 йили якунланади ва ҳозир амалдаги келишувни узайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Катта эҳтимол билан, барчасига ёзда аниқлик киритилади. Агар «Эвертон» фикрини ўзгартирса, исландиялик футболчи январдан янги жамоа бўйича таклифларни кўриб чиқиши мумкин. Аммо бу вариантнинг амалга ошиш эҳтимоли паст – Анчелотти уни жуда қадрлайди.

Бир нарса аниқ: шартнома масаласи нима бўлишидан қатъи назар, «темир одам»га бўлган эътибор пасаймайди. У аввал қандай ўйнаган бўлса, шу тахлит давом этади, четдан янграйдиган танқидларга парво қилмайди. Чунки у шунақа инсон.

 

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz

Дўстларингизга билан баҳам кўринг